
23.09.2025

Ҳурматли раис хонимлари!
Ҳурматли Бош котиб жаноблари!
Делегациялар раҳбарлари!
Хонимлар ва жаноблар!
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг юбилей анжумани – 80-сессияси билан cизларни қутлашдан мамнунман.
Бугунги йиғилишимиз шиддат билан ўзгараётган мураккаб глобал вазиятда ўтмоқда. Бу эса Ташкилотимиз фаолияти ва унинг келажагига янгича ёндашувлар билан қарашга чорламоқда.
Ҳозирги кунда дунёда халқаро институтларнинг ўрни ва роли заифлашмоқда, қарама-қаршилик, низо ва урушлар кучаймоқда, технологик ва ижтимоий тенгсизлик кескин ошмоқда, иқтисодий ва гуманитар инқирозлар ортиб бормоқда. Буларнинг ҳаммаси мутлақо янги, хавотирли геосиёсий воқеликни вужудга келтирмоқда.
Биз Бош котиб Антониу Гутерриш Жаноби Олийларининг энг оғир ва ўткир глобал масалаларни муроса билан ҳал этиш учун Ташкилотимизни асосий платформа сифатида сақлаб қолишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаймиз.
Бу борада “БМТ – 80” ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз, Келажак учун пактга қатъий содиқлигимизни тасдиқлаймиз.
Биз замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш тарафдоримиз.
Ҳурматли сессия иштирокчилари!
Биз Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг ҳолда, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини олиб бормоқдамиз. Бунинг учун ортга қайтмас ислоҳотларимизни изчил давом эттиряпмиз.
Устувор мақсадимиз – мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини оширишдир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражасини 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартиришга эришдик. Бунга, аввало, таълим ва илм-фан соҳасини ўзгартириш, инновацион тармоқлар ва технологик саноат корхоналарини барпо этиш, “яшил” энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, кичик бизнесни ҳар томонлама ривожлантириш ва натижада миллионлаб иш ўринлари яратиш орқали эришмоқдамиз.
Мамлакатимизда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошди, ёшларимизнинг олий таълим билан қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизга етди. Энг асосийси – ўқитувчи ва устозлик касбининг обрўси ва нуфузини кескин оширишга ҳал қилувчи масала сифатида қарамоқдамиз.
Педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказишни таклиф этамиз.
Шунингдек, мамлакатимизда илғор соғлиқни сақлаш тизимини яратмоқдамиз. Эртага Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида бизнинг ташаббусимиз билан болалар саратони ва бошқа оғир касалликларга қарши курашга бағишланган юқори даражадаги тадбир ўтказилади. Унга барча хорижий ҳамкорларимизни таклиф этамиз.
Яна бир муҳим йўналиш – гендер сиёсати. Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг ролини бундан буён ҳам мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз. Кенг минтақамиз миқёсида эса Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириб, мунтазам ўтказиб бориш тарафдоримиз.
Яна бир бор таъкидламоқчиман: биз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида олган мажбуриятларимизга содиқмиз. 2030 йилга бориб “даромади ўртадан юқори” бўлган мамлакатлар қаторига киришни ният қилганмиз.
Шу мақсадда очиқ ва прагматик сиёсатимизни изчил давом эттирамиз.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Бундан 8 йил муқаддам биз ушбу юксак минбардан туриб, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилганимизни эълон қилган эдик.
Бугун чуқур мамнуният билан таъкидлаш мумкин: биз бу стратегик мақсадга эришдик. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди.
Сўнгги йилларда минтақамизда ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми беш баробаргача кўпайди. Биз қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларида савдо ва саноат зоналарини ташкил қиляпмиз, йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқдамиз.
Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш йўлида самарали механизмга айланганини ҳам умумий ютуғимиз сифатида эътироф этамиз.
Шуни қатъий ишонч билан айтишим мумкинки, бугунги кунда Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди.
Минтақамиз ўзининг ҳамжиҳатлиги, барқарорлиги, ўзига хослиги билан халқаро муносабатлар тизимида алоҳида субъект сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда.
Мақсадларимизга эришиш учун барча хорижий шерикларимиз билан ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга асосий эътибор қаратамиз. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмалари билан минтақамизда қатор янги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни таклиф этамиз.
Жумладан, ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан саноатда “яшил” технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, минтақамизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил” макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурларни қабул қилиш ташаббуслари билан чиқамиз.
Шу билан бирга, Бош Ассамблеянинг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Глобал ва минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш ҳақида гапирганда, албатта Афғонистон тўғрисида тўхталмаслик мумкин эмас.
Афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳимдир.
Биз Афғонистонда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқчимиз. Ушбу мамлакат орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича Ташкилотимизнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз.
Ғазо секторидаги тобора кескин ёмонлашиб бораётган гуманитар инқирозни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирамиз. Биз БМТ резолюцияларига мувофиқ, “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга оширишнинг қатъий тарафдоримиз.
Украина атрофидаги вазият ҳам барчамизни жиддий ташвишга солмоқда. Бу муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлаймиз.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Марказий Осиёда Глобал аксилтеррор стратегиясини бажариш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда Реабилитация ва қайта интеграция масалалари бўйича Минтақавий Кенгаш тузилган. Биз уни Халқаро компетенциялар марказига айлантиришни таклиф этамиз.
Бу тузилма муаммоли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни тинч ҳаётга мослаштириш бўйича тажриба алмашиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари, Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш учун зарур шароит яратишга тайёрмиз.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Бугунги таҳдидларга тўла дунёда глобал транспорт тизими нақадар заиф эканлигига амин бўляпмиз. Бу муаммолар, биринчи навбатда, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Халқаро транзит коридорларининг хавфсизлигини таъминлаш ва самарали логистика занжирларини яратиш ўта муҳимдир. Бу борада “Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” глобал механизмини жорий этиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз.
Шунингдек, тобора ўткир тус олаётган иқлим ўзгариши муаммоларига ҳам алоҳида тўхталмоқчиман. Жумладан, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат марказида бўлиши лозим. Биз Оролбўйи экотизимини қайта тиклаш бўйича ишларни изчил давом эттиряпмиз.
Сўнгги йилларда денгизнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли чўл ўсимликлари экилди. 2030 йилгача ушбу ҳудуднинг 80 фоиз қисмида яшил қопламалар ҳосил қилинади.
Яна бир муҳим муаммо – бу сув ресурсларининг тақчиллигидир. Ҳозирда дунё аҳолисининг икки миллиарддан ортиғи тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга эмас.
Биз мамлакатимизда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказишни режалаштирганмиз. Мазкур анжуман якунлари бўйича Сув инқирозини барқарор тараққиёт учун жиддий таҳдид сифатида белгилаш мўлжалланмоқда. Бу борада глобал даражада инновация технологияларини жорий этиш учун алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилиш ниятидамиз.
Экологик ўзгаришларнинг яна бир салбий кўриниши – иқлим миграциясининг кучайиб бораётганидир. Афсуски, ушбу йўналишда аниқ халқаро механизмлар ва ҳуқуқий база ҳанузгача яратилмаган. Биз бу жиддий масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилиш тарафдоримиз.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Мамлакатлар ўртасида рақамли ривожланиш ва сунъий интеллектдан фойдаланишда тенгсизликнинг олдини олиш жуда муҳим аҳамиятга эга.
Соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган Халқаро ҳамкорлик механизми яратишни таклиф этамиз.
Яна бир устувор масалага алоҳида тўхталмоқчиман.
Эртанги кунимиз, дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида. Ёшларимизнинг қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш долзарб вазифамиздир.
Бу борада “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини илгари сурамиз. Биз жамиятимиздаги бағрикенглик сиёсатини изчил амалга оширмоқдамиз.
Шу билан бирга, ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни фаол давом эттирамиз. Яқин ойларда кенг минтақамиз учун ноёб бўлган Ислом цивилизацияси марказини очамиз.
Буюк аждодларимиз – мутафаккир алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий меросининг алоҳида тақдимотини Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўтказиш ниятидамиз.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдоридир. Биз халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, умумбашарий мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида ўз ҳиссамизни қўшишга доим тайёрмиз.
Эътиборингиз учун раҳмат.