
01.09.2025

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Хитой Халқ Республикаси Раиси, ҳурматли Си Цзиньпин Жаноби Олийларига анъанавий самимий қабул ва мамлакатнинг “шимолий дарвозаси”, деб аталадиган гўзал ва жўшқин Тяньцзин шаҳрида саммитни юксак даражада ташкил этгани учун яна бир бор чин дилдан миннатдорлик изҳор этаман.
Кузатувчи давлатлар, шериклар ва саммит меҳмонлари делегацияларини, шунингдек, етакчи халқаро институтлар раҳбарларини қутлашдан мамнунман.
Том маънода очиқлик ва кўп томонлама ҳамкорлик руҳига жавоб берадиган “ШҲТ плюс” формати ишончли мулоқот учун замоннинг ўзи талаб қилаётган майдонга айланиб бормоқда.
Олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган халқаро вазият ҳукм сураётган шароитда ШҲТ жаҳонда барқарор ва адолатли тартиботни таъминлашнинг мустаҳкам таянчларидан бири, деб ҳисобламиз.
Ҳурматли учрашув иштирокчилари!
Ушбу саммитимиз йигирманчи асрнинг мудҳиш фожиаси бўлган Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллиги байрам қилинаётган йилда ўтаётгани чуқур рамзий маънога эга.
Бу нафақат муҳим тарихий воқеа, балки ўзига хос огоҳлантириш ҳамдир. Тинчлик бир марта ва доимий эришиладиган неъмат эмас, уни доимо асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш зарур.
Низо ва можаролар тўлқинини тўхтатиш, ишончни қайта тиклаш, тинч-тотув ҳаётга интилиш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ва меъёрларини ҳурмат қилиш муҳимдир.
Шу муносабат билан ҳурматли Раис Си Цзиньпин илгари сурган Глобал бошқарув бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз.
Халқаро муаммолар ҳақида гапирганда, Ғазо секторидаги вазиятга эътибор қаратмасдан ўтолмайман. Ушбу минтақада вазият яна кескинлашаётгани ва аҳолининг аҳволи ёмонлашаётгани чуқур ташвиш уйғотмоқда.
Фақат “икки халқ учун – икки давлат” тамойили асосида Фаластин – Исроил масаласига адолатли ечим топиш орқали Яқин Шарқдаги можарони тўхтатиш мумкин, деб ҳисоблаймиз.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Кўп томонлама ҳамкорлик борасида, бизнинг назаримиздаги, энг муҳим вазифаларга қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Биринчи. Бугунги кунда жаҳон хавфсизликни таъминлашнинг бизга таниш омиллари доирасидан чиқиб кетган таҳдид ва хатарларнинг мураккаб мажмуаси қаршисида турибди.
Иқлимнинг кескин ўзгариши, энергетика ва озиқ-овқат ресурслари тақчиллиги, миграция инқирозлари, киберҳужумлар ва бошқа кўплаб янги хавф-хатарлар пайдо бўлмоқда.
Фақат хавфсизликнинг бўлинмаслиги тамойилига асосланган коллектив саъй-ҳаракатларгина халқларимиз барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш имкониятини беришини таъкидлаб ўтмоқчиман.
Шу маънода, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси базасида Хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ, шунингдек, Душанбеда Наркотикларга қарши курашиш маркази ташкил этилганини олқишлаймиз.
Келгуси йили Тошкентда мамлакатларимизнинг ваколатли органлари раҳбарлари, етакчи эксперт ва тадқиқотчилар иштирокида биринчи “Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс мулоқоти”ни ўтказишни таклиф қиламан.
Иккинчи. Афғонистондаги вазиятни ҳисобга олмасдан ва халқаро ҳамжамиятнинг афғон ҳукумати билан конструктив мулоқотини йўлга қўймасдан туриб, минтақамизда барқарорликни таъминлаш мумкин эмас.
Ушбу мақсадга эришиш кўп жиҳатдан Афғонистонда, умуман, бутун минтақада узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликдан манфаатдор бўлган ШҲТ давлатларининг сиёсий иродасига боғлиқ.
Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш ва у билан минтақавий кооперацияни ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ШҲТдаги шерикларимиз билан кенг кўламли ҳамкорликка тайёрмиз.
Учинчи. Мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш ва стандартларни яқинлаштириш, электрон савдо майдончаларини ривожлантириш, саноат кооперацияси ва инновацияларни рағбатлантириш учун саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш муҳим.
Бизнес соҳасидаги мулоқотлар учун самарали майдонни ишга тушириш мақсадида, барча манфаатдор шерикларимизни жалб этган ҳолда, ҳар йили “ШҲТ Инвест” инвестиция форумини ўтказишни таклиф этаман. Биринчи форумни келгуси йили Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз.
Тўртинчи. Минтақамизни глобал йўлаклар билан ишончли боғлашни таъминлайдиган самарали транспорт йўналишларини яратиш биз учун ҳаётий муҳим масаладир.
Шу борада амалга оширилаётган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси алоҳида аҳамиятга эга.
Келгусида ушбу йўналишнинг Трансафғон йўлаги билан боғланиши ШҲТ маконида ягона транспорт тармоғини шакллантириш имконини беради.
Бешинчи. ШҲТ мамлакатлари сунъий интеллект, катта маълумотлар базалари, робототехника, биомуҳандислик, муқобил энергетика каби илғор йўналишларда катта сакрашни таъминлашга қодир бўлган улкан илмий-техник салоҳиятга эга.
Янги ғояларни генерация қилиш, илғор ташаббусларни ишлаб чиқиш ва технологиялар трансфери учун ШҲТ инновацион-технологик хаблар тармоғини яратишни амалий қадам сифатида таклиф этамиз.
Олтинчи. Маданий-гуманитар соҳада ҳамкорликни кенгайтириш умумий манфаатларимизга жавоб беради ва дўст халқларимизни яқинлаштиришга хизмат қилади.
“ШҲТ оиласи” маданий ранг-баранглиги ва бой қадриятларини илгари суришга кўмаклашиш билан шуғулланадиган Буюк ипак йўли маданий мулоқотини таъсис этишни таклиф қиламан.
Шу йилнинг кузида ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқандда ўтадиган асосий тадбирлари мамлакатларимизнинг ноёб тарихий меросини намойиш этиш учун муҳим майдон бўлиши мумкин.
Барча шерикларимизни катта мамнуният билан ушбу муҳим маданий воқеаларда фаол иштирок этишга таклиф этаман.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Ишончим комил, «ШҲТ плюс» форматидаги ушбу саммитнинг сермаҳсул натижалари барқарорликни янада мустаҳкамлаш, кўпқиррали шерикликни кенгайтириш, барча мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилади.
Эътиборингиз учун раҳмат.