
22.08.2025
"Аваза" миллий туризм зонасининг Конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг юзма-юз ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида Туркманистон етакчиси давлатимиз раҳбарига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон Президенти мамлакат раҳбарияти ва қардош туркман халқини шу ой бошида Авазада БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан яна бир бор табриклади.
Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 700 миллион долларни ташкил этди. Февраль ойидан бошлаб мамлакатлар ўртасида эркин савдо режими амал қилмоқда, пойтахтларда савдо уйлари ишламоқда. Саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Жорий йилда "Шовот - Тошовуз" савдо зонасини ишга тушириш бўйича биргаликдаги ишлар якунланмоқда.
Бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссиялар ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари ҳамда қатор маданий тадбирларни самарали ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Етакчилар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бўлажак еттинчи Маслаҳат учрашуви кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Шу маънода, "Озарбайжон - Туркманистон - Ўзбекистон" форматидаги музокаралар муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.