
21.08.2025
Президент Шавкат Мирзиёев суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов масалаларига оид тақдимот билан танишди.
Сўнгги йилларда бу соҳа изчил ислоҳ қилиниб, судлар жазоловчи органдан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи тизимга айлантирилди.
Жумладан, маъмурий судлар ташкил этилди. Маиший зўравонликнинг олдини олишга қаратилган самарали чоралар кўрилди. Оилавий масалаларга ихтисослашган судьялар корпуси яратилди. Инвестициявий низолар бўйича алоҳида судлов таркиби такшил этилди.
Бу каби ислоҳотларни фуқаролар ўз ҳаётида сезмоқда, хорижий экспертлар муҳим қадам сифатида эътироф этмоқда.
Шу билан бирга, судловнинг очиқлиги ва халқчиллигини таъминлаш, рақамлаштириш орқали одамларга қулайлик яратиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича кўп масалалар ўз ечимини кутмоқда.
Тақдимотда бу борадаги режалар ва уларни амалга ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Одил судлов соҳасини рақамлаштириш мақсадида ривожланган давлатларнинг тажрибаси асосида “Рақамли суд” концепцияси ишлаб чиқилди ва уни изчил амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Бу коррупциянинг олдини олиш, фуқаролар ва тадбиркорларга оворагарчиликсиз одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Таҳлилларга кўра, фуқаролик ва иқтисодий судларда кўриладиган даъволарнинг катта қисми низосиз ишларга тўғри келмоқда. Шу боис бундай масалаларни маъмурий органлар ваколатига ўтказиш таклиф этилмоқда. Бу фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари муаммоларининг қисқа муддатда ҳал этилишини таъминлайди.
Яна бир қулайлик – маъмурий ва иқтисодий суд ишларини экстерриториал тарзда кўриш тартибини жорий этиш. Бугунги рақамли технологиялар асрида бунинг имкони бор.
Адолат ва ишончни таъминлашда судьялик лавозимининг барқарорлиги муҳим. Шу мақсадда судьяликка тайинлаш муддатларини қайта кўриб чиқиш кўзда тутилмоқда.
Барча йўналишдаги судлар бўйича минтақавий тафтиш судларини ташкил этиш, вилоят ва унга тенглаштирилган судлардаги тафтиш инстанцияларини тугатиш таклифи билдирилди. Бунда вилоят ва унга тенглаштирилган судларда фақатгина апелляция ва кассация инстанцияси бўлиши, тафтиш инстанцияси эса 5 та минтақавий судда ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Яна бир муҳим масала – суд тизими учун кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштиришдир. Шу мақсадда Судьялар олий мактабини ислоҳ этиб, унинг негизида Одил судлов академиясини ташкил этиш концепцияси тақдимот қилинди.
Давлатимиз раҳбари билдирилган таклифларни маъқуллаб, тегишли фармонларни имзолади. Режалаштирилган вазифалар ижросини тизимли ва сифатли таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.