icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

20.08.2025

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

2025 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ҳамда уни ташкил қилиш доирасида ўтказилган 20 та учрашувда келиб тушган 15 мингта мурожаатда кўтарилган тизимли муаммоларнинг ечимига қаратилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш ҳамда очиқ мулоқотда белгиланган устувор вазифаларни бажариш мақсадида қарор қиламан:

I. Молиявий ресурслар

1. 2026–2027 йилларда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, зарур молиявий ва инфратузилмавий шароитларни яратиш учун жами 270 триллион сўм йўналтирилсин, хусусан:

(а) эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг, шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларининг инфратузилмасини ривожлантириш учун Давлат бюджетидан 4 триллион сўм;

(б) драйвер лойиҳалар доирасида – 5 триллион сўм;

(в) танлаб олинган туман ва шаҳарларни жадал ривожлантириш дастурлари учун – 6 триллион сўм;

(г) тижорат банклари томонидан кичик ва ўрта бизнес учун – 250 триллион сўм, шу жумладан, тадбиркорлик дастурлари доирасида 30 триллион сўм;

(д) “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан камида 5 мингта тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун  – 4 триллион сўмлик молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари.

2. 2026 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш жараёнида уларнинг тўлов қобилиятини баҳолаш учун харажатлар (солиқ, коммунал тўловлар, транзакцион операциялар ва бошқа ижобий кўрсаткичлар бўйича маълумотларни), товар айланмаси, экспорт операциялари каби давлат органлари ва хусусий сектор вакилларида шаклланган маълумотлар базаларида мавжуд маълумотлар орқали муқобил скоринг қилиш тизими жорий қилинсин.

II. Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда қулайликлар яратиш ва туризмни ривожлантириш

3. Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун устав капиталида давлат улуши бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш ва ундиришга 2027 йил 1 январга қадар мораторий эълон қилинсин. Бунда мораторий даврида муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳолатлари бартараф этилганда қўлланилган жарималар бекор қилинади.

4. 2026 йилдан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи Туризмни ривожлантириш дастури жорий этилсин:

(а) 2026–2028 йилларда жойлаштириш воситаларини ташкил қилиш учун камида 5 минг гектар ер участкаларини электрон онлайн аукционга чиқариш. Бунда:

(i) ер участкаларининг аукцион савдоларида шаклланган нархидан келиб чиқиб, қуриладиган меҳмонхона устав капиталининг 50 фоизидан ошмаган қисмигача давлат улуши билан шерик бўлиб кириш механизми жорий қилинади;

(ii) давлат улушини 10 йил давомида бозор қийматида мулк иштирокчиси ёки бошқа салоҳиятли инвесторларга реализация қилиш имконияти яратилади;

(б) 2026–2028 йилларда тижорат банклари томонидан барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатгача қуйидаги миқдорларда кредитлар ажратилади:

(i) вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, туризмга ихтисослашган туман (шаҳар)ларда қурилаётган меҳмонхоналар учун – 30 миллиард сўмгача;

(ii) бошқа ҳудудларда – 10 миллиард сўмгача;

(в) ҳар йили сайёҳларнинг энг кўп эътиборини қозонган ва нуфузли халқаро платформаларда ижобий эътироф этилган жойлаштириш воситаларини аниқлаш ва тақдирлаш бўйича мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ долларига тенг танлов ўтказиш.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, мазкур Фармоннинг 4-банди “б” кичик бандига мувофиқ “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан:

(а) 30 миллиард сўмгача кредитларнинг:

(i) 50 фоизига, бироқ 10 миллиард сўмдан ошмаган миқдоригача кафиллик тақдим этилади;

(ii) Марказий банк асосий ставкасининг 2 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада ажратиладиган кредитларнинг асосий ставкадан 4 фоизлик пункт юқори, бироқ 8 фоиз пунктигача бўлган қисми қоплаб берилади;

(б) 10 миллиард сўмгача кредитларнинг:

(i) 50 фоизига кафиллик тақдим этилади;

(ii) Марказий банк асосий ставкасининг 2 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада ажратиладиган кредитларнинг асосий ставкадан 4 фоизлик пункт юқори, бироқ 10 фоиз пунктигача бўлган қисми қоплаб берилади;

(в) компенсация тўловлари “2+3” тамойили асосида аввал кредитнинг дастлабки икки йилига тақдим этилади, кейинги уч йил давомида меҳмонхона хизматларини кўрсатишдан тушган йиллик тушум 15 фоиз ва ундан ортиқ миқдордан ошган тақдирда амалга оширилади;

(г) тадбирларни амалга ошириш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йилдан бошлаб Кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармасига йўналтириш учун зарур бўладиган маблағларни Давлат бюджети параметрларида назарда тутиб боради.

6. 2026 йил 1 январдан бошлаб:

(а) республика туман ва шаҳарларида (вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга киритилган туризм салоҳияти юқори бўлган туман (шаҳар)лар ва туристик зоналар бундан мустасно) жойлашган жойлаштириш воситалари учун туристик (меҳмонхона) йиғимни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби бекор қилинсин;

(б) оилавий меҳмон уйи сифатида тан олиш учун бир вақтнинг ўзида вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатиш мумкин бўлган ташриф буюрувчилар (туристлар) сони бўйича белгиланган чегара миқдори 2 баравар оширилсин.

7. 2026 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун кетган харажатларининг бир қисмини Давлат бюджетидан қоплаб бериш тизими меҳмонхонани қўшимча бино ва иншоотлар қуриш орқали кенгайтириш ёки мавжуд бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини меҳмонхона фаолиятига ўзгартиришга ҳам татбиқ этилсин.

8. Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қарор лойиҳасини киритсин:

(а) санитария, фитосанитария ва ветеринария (SPS) соҳасида ягона давлат бошқарувини ташкил этиш, “даладан дастурхонгача” тамойили асосида самарали назорат тизимини жорий этиш, рухсат бериш ҳужжатларини “хавфни таҳлил қилиш” тизими асосида “бир дарча” тамойили орқали расмийлаштириш, барча жараёнларни рақамлаштириш;

(б) техник тартибга солиш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, халқаро стандартларга мос техник регламентлар ва декларация тизимини кенг жорий этиш, нуфузли халқаро лабораториялар фаолиятини йўлга қўйиш учун шароитлар яратиш.

9. Белгилансинки, 2026 йилдан бошлаб:

(а) давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдори ҳудудда шаклланган ижара тўловининг минимал бозор нархидан келиб чиқиб белгиланади;

(б) давлат кўчмас мулкини ижарага бериш муддати 3 йилдан 5 йилгача оширилади.

III. Солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чоралари

10. 2026 йил 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқ тўловидан илк марта қўшилган қиймат солиғи тўловига ўтган тадбиркорлик субъектларига қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўллансин:

(а) бир йил давомида фойда солиғини тўлашдан озод қилиш;

(б) бир йил давомида қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартибини бузганлик учун молиявий жарима қўлламаслик;

(в) 6 ой давомида бухгалтерия хизматлари харажатларининг ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 бараваридан ошмаган қисмини тўлаётган солиқ тўловлари ҳисобидан чегириб ташлаш.

11. 2026 йил 1 январдан бошлаб солиқ мажбуриятларини бажаришнинг қуйидаги проактив тартиби жорий этилсин:

(а) юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботларини шакллантириш вазифаси солиқ органларига ўтказилади ва ушбу мажбурият солиқ тўловчилар учун бекор қилинади;

(б) солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботларига солиқ тўловчи томонидан 5 иш куни ичида зарур тузатишларни киритиш ва тузатиш киритилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқи берилади.

12. Белгилансинки:

(а) фойда солиғи бўйича ҳар ой бўнак тўловларини тўлаши лозим бўлган тадбиркорлик субъектлари даромадининг чегаравий миқдори 10 миллиард сўмдан 20 миллиард сўмга оширилади;

(б) тадбиркорлик субъектлари ўз маблағлари ҳисобидан ижтимоий инфратузилма тармоқлари қуриб, беғараз топширганда, ушбу объектлар учун қилинган харажатлар фойда солиғи базасидан камайтирилади;

(в) 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналар учун белгиланган жисмоний шахслардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нақд пулга харид қилинганда, ушбу товарлар учун кирим ҳужжатларини электрон шаклда расмийлаштириш тартиби барча тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилади;

(г) тадбиркорлик субъектларининг солиқ аудити натижалари бўйича молиявий санкцияларни 6 ой ичида тенг улушларда тўлаш ҳуқуқи сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкцияларга ҳам татбиқ этилади;

(д) 2025 йил 1 август ҳолатига “Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” тизими орқали солиқ текширувларига номзод сифатида шаклланган ва солиқ хавфи 16 триллион сўм бўлган 20 мингдан ортиқ субъектга солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломатларини ихтиёрий бартараф этиш имконияти берилган ҳолда, ушбу рўйхат 2025 йил 1 ноябрь ҳолатига қайтадан шакллантирилади;

(ж) 2026 йил 1 январдан бошлаб сайёр солиқ текширувини ўтказишда:

(i) мобил видеокамерадан фойдаланиш мажбурий ҳисобланади;

(ii) мобил видеокамерадан фойдаланмасдан ўтказилган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.

13. Солиқ қўмитаси икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

(а) солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун маъмурий жарима миқдорини кичик тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахсларига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 3 бараварига тушириш, фуқаролар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 1 бараварига тушириш;

(б) ҳисобот даврида бир нечта солиқ турлари бўйича солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаган ҳолатда, барча тақдим этилмаган ҳисоботлар бўйича умумий битта жарима қўллаш;

(в) охирги 3 ойда солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этиб келган тадбиркорлик субъектларига солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун маъмурий жаримани 5 кунгача қўлламаслик.

14. Солиқ қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 июлдан бошлаб солиқлар бўйича тўловларни амалга ошириш, ортиқча тўлов ва қарздорлик суммаларини ягона ғазначилик ҳисобварағи орқали ўзаро ҳисобга олиш тизимини жорий қилсин.

15. Олий суд Бизнес-омбудсман билан биргаликда 2025 йил якунига қадар тадбиркорлик субъектларига иқтисодий ва маъмурий судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиш имкониятини яратиш бўйича қонун лойиҳасини киритсин.

IV. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида қуйидагилар:

(а) ишлаб чиқиладиган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари рўйхати (кейинги ўринларда – Рўйхат) 1-иловага мувофиқ;

(б) амалий тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

17. Мазкур Фармонга 1 ва 2-иловаларга мувофиқ:

(а) қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилиши, келишилиши ва ўрнатилган тартибда киритилиши, шунингдек, тадбирлар сўзсиз бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик вазирлик ва идоралар раҳбарларига юклансин;

(б) топшириқларни тўлиқ бажармаган, кечиктириб бажарган ёки ижросини таъминламаган вазирлик ва идоралар раҳбар ва масъул ходимларига топшириқ ижроси муддати тугаган кундан бошлаб ижроси таъминлангунга қадар бўлган муддатда барча рағбатлантириш тўловлари тўхтатилиши белгилансин.

18. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

(а) Адлия вазирлиги ҳар ҳафтада Рўйхат ва амалий тадбирлар режасидаги вазифалар ижроси ҳолати ҳақида тезкор маълумотни, ҳар ойда – батафсил ахборотни Ҳисоб палатаси ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади, шунингдек, тегишли вазирлик ва идораларга ижро қилинмаган топшириқлар бўйича маълумотлар киритиб боради;

(б) Рўйхат ва амалий тадбирлар режасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш ҳолати ҳар ойда Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида кўриб чиқилади, юзага келаётган муаммолар ечими бўйича ҳамда йўл қўйилган камчиликлар учун тегишли масъулларга чоралар кўриб борилади;

(в) Ҳисоб палатаси ва Вазирлар Маҳкамаси Рўйхат ва амалий тадбирлар режасидаги вазифалар ижроси ҳолати ҳақида ҳар ҳафтада тезкор маълумотни, ҳар ойда – батафсил ахборотни ҳамда топшириқлар ижросида юзага келаётган масалалар ечими бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади.

19. Давлат органлари тегишли қонуности ҳужжатлари ва идоравий кўрсатмалар қабул қилинишини кутмасдан мазкур Фармон нормалари кучга кирган пайтдан эътиборан сўзсиз ва тўғридан-тўғри амалда қўлланилишини таъминласин.

20. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Савдо-саноат палатаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

21. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва Ж.А. Ходжаев белгилансин.

22. Фармон ижросини ҳар ойда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo