icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Санъат ва ҳунармандчилик соҳаларига оид таклифлар кўриб чиқилди

28.07.2025

Президент Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳасида бошқарувни такомиллаштириш, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Халқимизнинг улкан маънавий мероси бор. Бугунги кунда одамларнинг интеллектуал, эстетик ва маданий эҳтиёжлари муттасил ортиб бормоқда. Шу боис маданият соҳасида бошқарув ва молиялаштиришни такомиллаштириш, бу борада илғор хорижий тажрибани жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Хусусан, маданият марказларида давлат-хусусий шериклик йўлга қўйилиб, ижодий ишланмаларни рағбатлантирувчи стартап лойиҳалар амалга оширилади. Ёшларда ватанпарварлик ҳиссини кучайтирувчи, Ўзбекистон брендини яратувчи тарихий, илмий ва анимацион миллий маҳсулотлар қўллаб-қувватланади.

Давлатимиз раҳбари соҳада илғор хорижий тажрибани босқичма-босқич жорий этиш бўйича кўрсатма берди.

Маълумки, Ўзбекистон Президентининг қарори билан Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ташкил этилган эди. Энди санъаткорнинг мемориал музейини ташкил этиш, Ботир Зокиров номидаги стипендия жорий қилиш, халқаро эстрада танловини ўтказиш режалаштирилган. Институтнинг бакалавриат босқичини тамомлаган энг фаол битирувчилар чет элга магистратурада ўқишга юборилади ҳамда иқтидорли талабаларнинг нуфузли халқаро танловларда иштироки қўллаб-қувватланади.

Давлатимиз раҳбари Андижон вилоятига ташрифи чоғида халқ артисти Шерали Жўраев хотирасини абадийлаштириш ташаббусини билдирган эди. Шунга мувофиқ, Андижон шаҳридаги санъат мактаби негизида ижодкор номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилади. Шерали Жўраев номидаги миллий қўшиқчилик телетанлови ҳар йили ўтказилади.

Олий мактабда илмий-ижодий лаборатория тузилиб, Шерали Жўраев қўшиқларининг “олтин фонди” яратилади. Замонавий овоз ёзиш ва тасвирга олиш студияси ташкил этилиб, иқтидорли ёш ижодкорлар ундан имтиёзли фойдаланиши мумкин бўлади.

Ҳозир юртимизда Ўзбекистон давлат симфоник оркестри ҳамда филармония таркибида 8 та профессионал оркестр фаолият олиб бораяпти. Лекин улар фақат Тошкент шаҳрида, республика даражасидаги тадбирларда иштирок этади, холос.

Шу боис бундай оркестрларни жойларда ҳам босқичма-босқич ташкил қилиш режалаштирилган. Жумладан, Фарғона вилоятида симфоник оркестр ва миллий чолғулар оркестри тузилади. Улар зарур мусиқа асбоблари, овоз кучайтириш ва ёритиш ускуналари, саҳна либослари ва бошқа анжомлар билан таъминланади.

Давлатимиз раҳбари миллий ва жаҳон санъатининг сара асарларини аҳолига чуқур етказиш, туман ва шаҳарларга гастрол сафарлари уюштириш зарурлигини таъкидлади.

Маданияти бой ва ранг-баранг юртимизда креатив иқтисодиёт равнақи учун жуда кенг имкониятлар бор. Бугунги кунда бу соҳада 14 мингта корхона фаолият юритмоқда, уларда қарийб 100 минг киши ишлаяпти. Келгуси 5 йилда креатив иқтисодиёт ҳажмини 2 карра кўпайтириш, ялпи ички маҳсулотдаги улушини 5 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Ўтган йили бу борада қонун қабул қилинди. Тошкентда Креатив иқтисодиёт бўйича тўртинчи бутунжаҳон конференцияси ўтказилди. ЮНЕСКО, ЮНКТАД, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти каби халқаро тузилмалар, Франция, Италия, Индонезия, Саудия Арабистони, Қатар каби давлатлар билан кенг ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Креатив индустриянинг энг катта соҳаларидан бири – ҳунармандчилик. Йилнинг ўтган даврида бундай маҳсулотлар экспорти 6,5 миллион долларни ташкил қилди.

Тақдимотда ҳунармандчиликни янада ривожлантиришга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди.

Жумладан, Буюк Британия Қироллик фонди билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида академик платформа яратиш режалаштирилган. У орқали магистрлар тайёрлаш, тадқиқотлар ўтказиш, ўқув қўлланмаларини жорий этиш йўлга қўйилади. Бу платформа билан 3 мингдан зиёд иқтидорли ҳунармандлар босқичма-босқич қамраб олинади. Кейинчалик уни амалий санъат мактабига айлантириш кўзда тутилган.

2023 йилда Бухоро “Ҳунармандчилик ва халқ санъати” йўналишида ЮНЕСКОнинг креатив шаҳарлар тармоғига киритилган эди. У ерда 2 минг нафар ҳунарманд 36 та йўналишда ижод қилади.

Сентябрь-ноябрь ойларида Бухорода биринчи замонавий санъат биенналеси ўтказилади. Унга 40 та давлатдан 70 нафар машҳур рассом ташриф буюради.

Давлатимиз раҳбари маданий туризмни ривожлантиришга катта туртки берадиган бундай йирик тадбирларни юқори савияда ташкил қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Туризм бўйича яна бир салоҳиятли ҳудуд – Қорақалпоғистон. Ҳозир у ерда 2 минг нафар ёшлар миллий ҳунармандчилик билан профессионал шуғулланаяпти. Яна кўплари шу касбларни эгалламоқчи.

Шу боис Нукусдаги “Истиқлол” боғини креатив кластерга айлантириб, унда ҳунармандлар ва дизайнерларга анъанавий билим ва инновацион ғояларни бирлаштирган ҳолда таълим берадиган Орол мактабини ташкил қилиш мўлжалланган.

Мутасаддиларга лойиҳаларни сифатли бажариш ва тадбирларни юқори савияда ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo