
24.07.2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Қозоғистон Президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқи фаровонлиги йўлидаги масъулиятли давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Барча йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик суръати ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ошмоқда. Металлургия, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, логистика, қурилиш ва бошқа устувор йўналишларда муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Халқаро саноат кооперацияси марказини ишга туширишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Жорий йилда қатор маданий-гуманитар тадбирлар, жумладан, ёшлар, туризм ва таълим форумлари ўтказилади.
Давлат раҳбарлари бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.