
24.07.2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида Тожикистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва катта муваффақиятлар, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш, энг аввало, олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро савдо ҳажми ортиб бораётгани, иқтисодиётнинг турли тармоқларида, шу жумладан қўшма инвестиция компанияси орқали кооперация лойиҳалари илгари сурилаётгани таъкидланди. Чегара олди савдо марказларини очиш устида иш олиб борилмоқда. Самарқанд ва Душанбе шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар тикланди. Муҳим маданий дастурлар амалга оширилмоқда.
Етакчилар минтақавий кун тартибидаги масалаларни, шу жумладан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўришни ҳам муҳокама қилдилар.