
24.07.2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.
Туркманистон миллий етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Жорий йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро товар айирбошлаш жадал ортиб, корхоналар ва ишбилармонлар даражасида кооперация алоқалари чуқурлашиб бораётгани, фаол маданий-гуманитар алмашинув давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашилди.