
18.07.2025
Ўзбeкистон Рeспубликаси Прeзидeнтининг фармойишиЎзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–81-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, кадрлар тайёрлашни тармоқ, ҳудудий ва мақсадли инвестиция лойиҳаларига йўналтириш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсад
1. Ушбу фармойиш тармоқ ва соҳаларда эҳтиёж юқори бўлган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари кесимида 4 йиллик давр учун олий маълумотли кадрлар тайёрлаш бўйича давлат буюртмасини жойлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
II. Давлат буюртмаси
2. 2025/2026 ўқув йили ва келгуси уч ўқув йили учун давлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш давлат буюртмаси параметрлари:
(a) бакалавриат босқичига кундузги таълим шакли бўйича 1-иловага мувофиқ;
(б) магистратура босқичига кундузги таълим шакли бўйича 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига (кейинги ўринларда — Давлат комиссияси) кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таклифига мувофиқ мазкур фармойишга 1–2-иловалар билан тасдиқланган давлат буюртмасига давлат гранти асосидаги умумий қабул квоталари доирасида ўзгартириш киритиш ваколати берилсин.
III. Олий таълим ташкилотларига қабул жараёнларини ташкил этиш
4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги қуйидагиларни Давлат комиссиясига тақдим этсин:
(а) республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларига ажратилган 1 320 та давлат грантининг тақсимоти юзасидан таклифларни. Бунда давлат олий таълим ташкилотларининг халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори 300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотлари билан йўлга қўйилган қўшма таълим дастурлари учун ҳам квота ажратилиши назарда тутилсин;
(б) давлат олий таълим ташкилотларида ўқиш истагини билдирган, хорижда истиқомат қилаётган ёш ватандошлар учун 30 та давлат грантининг таълим йўналишлари кесимидаги тақсимоти бўйича таклифларни;
(в) давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этиш истагини билдирган ҳамда талабалар қабулини давлат олий таълим ташкилотлари учун белгиланган тартиб ва шартларда амалга оширувчи нодавлат олий таълим ташкилотлари рўйхатини;
(г) давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этувчи олий таълим ташкилотларининг таклифларига асосан 2025/2026 ўқув йили учун олий таълим ташкилотлари, таълим шакллари ва таълим тиллари кесимидаги умумий қабул параметрлари бўйича таклифларни;
(д) Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда хотин-қизлар учун ажратилган 4 000 та давлат грантининг тақсимоти юзасидан таклифларни.
5. Давлат комиссияси бир ҳафта муддатда янги ўқув йили учун:
(а) бакалавриат таълим йўналишига қабул бўйича:
(i) давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этувчи олий таълим ташкилотлари, таълим шакллари ва таълим тиллари кесимидаги умумий қабул параметрларини;
(ii) имтиёзга эга абитуриентлар учун қўшимча қабул параметрларини;
(iii) тегишли бакалавриат таълим йўналишининг олдинги ўқув йилидаги ўртача ўтиш балларини ҳисобга олган ҳолда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишнинг минимал ўтиш балини;
(iv) ҳудудлар, соҳалар ва тармоқларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжи асосида давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари буюртмаларига мувофиқ давлат гранти асосидаги умумий қабул параметрлари доирасида мақсадли қабул параметрларининг туман (шаҳар)лар кесимидаги тақсимотини;
(v) ҳар бир бакалавриат таълим йўналиши бўйича олий таълим ташкилотининг умумий қабул параметрига нисбатан давлат грантининг улушини;
(б) айрим бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг (тиллар, махсус педагогика, спорт, санъат ва бошқа) ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, уларнинг соҳа ихтисослашувига кўра тақсимланган қабул параметрларини;
(в) магистратура мутахассисликлари бўйича қабул параметрларини давлат гранти ва тўлов-контрактга ажратган ҳолда давлат олий таълим ташкилотлари ва тиллар кесимида тасдиқласин.
6. Белгилансинки, 2025/2026 ўқув йилида давлат олий таълим ташкилотларига киришда тўплаган балига нисбатан маълум миқдордаги қўшимча балл бериладиган шаклдаги имтиёзга эга абитуриентлар танлаган бакалавриат таълим йўналиши бўйича белгиланган ўтиш бали
ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, тўплаган балига мос равишда қўшимча давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилади.
7. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
(а) олий таълим ташкилотларига қабул натижалари бўйича таълим сифатини ошириш, хусусан, таълим дастурларини такомиллаштириб бориш, таълим жараёнига малакали профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш ва олийгоҳларда таълим инфратузилмасини ривожлантириш чораларини кўрсин;
(б) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда давлат олий таълим ташкилотларига киришда мавжуд имтиёзларнинг мақсадли ва самарали қўлланилишини ўрганиб, уларни мақбуллаштириш бўйича таклифларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
IV. Фармойиш ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
8. Мазкур фармойишнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов белгилансин.
9. Ушбу фармойиш ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Х.У. Умарова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.Мирзиёев