
10.07.2025
Президент Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманидаги индустриал ҳудудда жойлашган “Eman materials” корхонасида бўлди.
Бугун дунёдаги иқтисодий тебранишлар шароитида, аввало, ички имкониятлардан фойдаланиш, энг кўп иш ўрни яратадиган соҳаларни ҳимоялаш зарурати туғилмоқда. Мамлакатимизда тўқимачилик, қурилиш материаллари, мебелсозлик ана шундай соҳалар сирасига киради. Уларда бир миллион нафарга яқин аҳоли ишламоқда.
Жумладан, мебелсозликка ихтисослашган 7 минг 500 та корхона фаолият юритмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 920 та янги корхона очилган. Соҳада 6 триллион 700 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 20 миллион долларлик мебель экспорт қилинган.
Хоразм вилоятининг Хонқа тумани тажрибаси асосида бошқа жойларда ҳам мебелчилик марказлари ташкил этилмоқда. Соҳадаги тадбиркорларнинг чет элдан хомашё, фурнитура ва аксессуар олиб келиши, экспорт бозорларига чиқиши давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Чилонзор туманидаги индустриал ҳудудда мебелсозликка ихтисослашган ўнга яқин ширкат бор. “Eman materials" корхонаси ташаббускорнинг 10 миллион доллар маблағи эвазига ташкил топган. Бу ерда йилига 10 минг тонна фурнитура ва мебелсозлик буюмлари ишлаб чиқарилмоқда. Улар кооперация асосида юртимиздаги минглаб корхоналарга етказиб бериляпти. Энди экспортга чиқариш ҳам режалаштирилган.
Корхонада 200 киши иш билан таъминланган. Аҳамиятлиси, шу ернинг ўзида мебелсозлик ўқув маркази ҳам ташкил этилган. Бунинг учун Италия ва Туркия каби давлатлардан мутахассислар жалб қилинган.
Шунингдек, корхона томонидан буюртма асосида мебель ишлаб чиқариш, лойиҳалаштириш, кесиш, ускуналарни таъмирлаш каби қўшимча хизматлар ҳам кўрсатилади.
Мажмуада кўргазма зали ҳам ташкил этилган бўлиб, бу ерда пойтахтдаги номдор – бренд маҳсулотлар бир жойга жамланган. Бу тизим сотувчи, хизмат кўрсатувчи ва олувчига қулайлик яратмоқда.
Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечириб, мутахассислар билан суҳбатлашди. Мебелсозлик тармоғида маҳаллийлаштириш ва қўшилган қиймат яратиш бўйича ҳали фойдаланилмаган жуда кўп имконият борлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу ерда Чилонзор туманида ташкил этилган “Ислоҳотлар штаби” фаолияти ҳақида ахборот берилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган янги таклифлар ва кутилаётган натижалар кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, туманда жорий йил бошида камбағаллик даражаси 7 фоиздан юқорироқ бўлган бўлса, биринчи ярим йиллик якунлари бўйича бу рақам 2,2 фоизга тушган. Манзилли режага кўра, туманни йил якунига қадар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган. Бунинг учун оилалар имкониятини юзага чиқариш, микролойиҳаларни амалга ошириш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш, норасмий иш ўринларини қонунийлаштириш чоралари кўрилади.
Президент аҳоли бандлигига қаратилган ташаббусларни ҳамиша қўллаб-қувватлашини билдирди. Инвестицияларни жалб этиб, имкониятларни лойиҳага айлантириш, кичик корхоналар фаолиятини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Иқтисодиёт ва инвестиция соҳалари масъулларига тадбиркорлар билан доимий учрашиб, муаммоларини ҳал этиш, таклифларини юзага чиқариш бўйича топшириқлар берилди.