
10.07.2025
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги Янги Камолон маҳалласида бўлди.
Мамлакатимиздаги ислоҳотлар “нафаси” ҳар бир ҳудудга кириб боряпти. Аҳоли бандлиги ва турмуш маданиятига қаратилаётган эътибор ушбу маҳаллада ҳам намоён. Кўп қаватли уйлар, дўконлар, фуқаролар йиғини биноси замонавий қиёфага эга. Ички йўллар текисланиб, атрофи кўкаламзорлаштирилган. Сўлим сайилгоҳ ва пиёдалар йўлаги, нуронийлар оромгоҳи, спорт ва болалар майдончалари барпо этилган.
Янги Камолон маҳалласида 4 минг 600 нафардан зиёд аҳоли яшайди. 60 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида маҳалла ёшлари иш билан банд. Бу йил ҳунармандлар маскани, дала маҳсулотлари ва қандолатчилик дўконлари, новвойхона ташкил этилди, хусусий тиббиёт пункти очилди. Натижада маҳалла ишсизликдан холи ҳудудга айланди.
Шу ерда Шайхонтоҳур тумани “Ислоҳотлар штаби” фаолияти тўғрисида ахборот берилди.
- Шайхонтоҳурда ҳунармандчилик азалдан бўлган. Бугун ҳам туманда одамларни иш билан, даромад билан таъминлашда бу катта манба. Шунинг учун Шайхонтоҳур мисолида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича янги чора-тадбирлар режасини қабул қиламиз, - деди Шавкат Мирзиёев.
Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш мақсадида маҳалла инспектори хонасида ситуацион марказ ташкил этилган. Унга кўп қаватли уйларнинг йўлакларидаги кузатув камералари ва ички ишлар тизимининг хавфсизлик дастурлари боғланган. Бу йил маҳаллада биронта ҳам жиноят бўлмаган.
“Янги Камолон” бошқарув сервис компанияси маҳалладаги 21 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Усталар ва махсус техникалар доим шай ҳолатда. Ҳисоб-китобларда биллинг тизими йўлга қўйилган. Бу йил марказий иссиқлик қувурлари изоляция қилинди, электр тармоқлари ва уйларнинг йўлаклари таъмирланди. Айрим уйларга янги лифтлар ўрнатилди.
Давлатимиз раҳбари келгусида бошқарув сервис компанияси биноларини кўп қаватли қилиб қуриб, ёшлар учун касб-ҳунар ўқувлари, маиший хизмат шохобчаларини жойлаштириш бўйича кўрсатма берди. Бу ердагидек кичик кутубхоналарни бошқа маҳаллаларда ҳам ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Маҳалла айвонида аҳоли билан самимий суҳбат бўлди.
- Сўнгги йилларда кўп корхоналар очилди, иқтисодиёт ўсяпти. Шу билан бирга, ёшларимиз ҳам етишиб келяпти. Уларнинг таълим-тарбияси, соғлиги, иш ўринларини ҳозирдан ўйлашимиз керак. Шунинг учун бу йил Тошкент шаҳрига 8 миллиард доллар инвестиция олиб келяпмиз. Бунинг ҳисобидан Шайхонтоҳурда ҳам янги-янги иш жойлари, таълим масканлари, инфратузилма иншоотлари бўлади, - деди Президент.
Нуроний отахон ва онахонлар юртимиздаги ўзгаришлардан хурсандлигини таъкидлаб, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилди.