28.07.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, №ПҚ-3150, 27 июль 2017 йил
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5120-сон Фармонига мувофиқ:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги бошқарув ходимларининг чекланган сони 164 нафар бўлган тузилмаси 1 -иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги тўгрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) директорига:
зарурат бўлганда, бошқарув ходимларининг белгиланган штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Агентлик тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;
Агентликка юклатилган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар деб юритилади), нодавлат нотижорат ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, чет эл компанияларининг юқори малакали ходимларини ва мутахассисларни маслаҳатчилар сифатида жалб этиш ҳуқуқи берилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Агентлик юридик шахс ҳуқуқига эга давлат муассасаси ҳисобланади ва ўз фаолиятида Узбекистон Республикаси Президентига ҳисобдордир;
Агентликни сақлаб туриш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
4. Агентлик директори икки ой муддатда:
Агентликнинг зарур назарий билим ва амалий тажрибага эга бўлган, Агентликка юклатилган вазифаларни профессионал даражада амалга оширишни таъминлайдиган юқори малакали мутахассислар билан тўлдирилишини;
Агентликнинг таркибий тузилмалари тўғрисидаги низомлар тасдиқланишини таъминласин.
5. Белгилаб қўйилсинки:
Агентликнинг фаолият соҳаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мутасаддилик қиладиган хўжалик субъектларига нисбатан татбиқ этилади;
ислоҳотларни амалга ошириш натижаларини тизимли ўрганиш асосида Агентлик Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳалари билан ўзаро боғлиқликда Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурлари шакллантирилиши ва амалга оширилишининг назорати ҳамда мониторингини амалга оширади;
Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари ҳамда мутахассислари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
Агентлик лойиҳа ишлари ва давлат харидларини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикасининг инвестиция муҳитини яхшилаш масалалари бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, бизнес- ҳамжамиятнинг эксперт ишчи гуруҳлари ишини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;
Агентликнинг фаолият соҳасига кирувчи масалалар бўйича норматив- ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Агентлик билан мажбурий тартибда келишилиши шарт.
6. Агентлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда:
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини ташкил қилиш ва жорий этиш концепциясини;
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими доирасида лойиҳа ва техник ҳужжатлар, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш, аппарат-дастурий комплекслар ўрнатиш ва жорий этишни амалга оширувчи Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интеграторни ташкил этиш ҳақидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини;
икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини ташкил қилиш ва жорий этиш бўйича лойиҳа ҳамда техник ҳужжатларни;
икки ой муддатда давлат ахборот тизимларини ташкил қилиш, ишлаб чиқиш ва жорий этиш қийматини баҳолаш тартибини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин;
республика ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг тизимли таҳлили ва прогнозини амалга ошириш имконини берувчи, давлат ва бошқа ахборот тизимлари билан интеграция қилинган Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини 2019 йил 1 январга қадар муддатда ишга туширилишини таъминласин.
7. Қуйидагилар:
чет эл инвесторларининг маблағлари билан бирга марказлашган капитал қўйилмалар, шунингдек, халқаро ва хорижий молия институтларининг кредитлари, заёмлари, грантлари – Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини ташкил қилиш, жорий этиш ва техник қўллаб-қувватлашни;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўз маблағлари – давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимларини Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимига интеграция қилиш ва мослаштиришни молиялаштиришнинг манбалари этиб белгилансин.
8. Белгилаб қўйилсинки:
2018 йил 1 январдан бошлаб Агентлик Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, заём ва грантлар маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳалари билан ўзаро боғлиқликда Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурлари бўйича хулосалар беради;
2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурлари, давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳалари шакллантирилиши ва амалга оширилишини назорат ҳамда мониторинг қилиш Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
9. Агентлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ҳисоб палатаси, “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти билан биргаликда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда:
уч ой муддатда лойиҳа олди ҳужжатларни ишлаб чиқишдан бошлаб лойиҳалар амалга оширилишини якунлашгача бўлган лойиҳа бошқаруви жараёнининг барча босқичларини тартибга солишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини;
икки ой муддатда Узбекистон Республикаси инвестиция дастурлари, давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашнинг амалдаги тизимини танқидий ўрганиш якуни бўйича уларни шакллантириш тартибини такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини ташкил қилиш, жорий этиш ва самарали эксплуатация қилиш юзасидан тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича Агентлик директори ҳамда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири зиммасига шахсий жавобгарлик юклансин.
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Агентлик фаолиятини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини эксплуатация қилишни молиялаштиришга маблағларни асослантирилган ҳисоб-китоблар бўйича 2017 йил 1 августдан бошлаб ажратсин ҳамда ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларида назарда тутсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги икки ҳафта муддатда Агентликни унга юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бино билан таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Агентликни белгиланган тартибда зарур алоқа воситалари, шу жумладан, ҳукумат алоқаси билан таъминласин.
14. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Миллий ахборот агентлиги Узбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил килсин.
15. Агентлик ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргалиқда 2017 йил 1 сентябрга қадар муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев