icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон Президенти ЕОИИ саммитида иштирок этди

27.06.2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни Минск шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида EОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этди.

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко раислигида ўтган учрашувда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, кузатувчи мақомида Куба Республикаси Президенти Мигель Диас-Канель, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён (видеомурожаат йўллади) ҳамда Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Бақитжан Сағинтаев ҳам қатнашди. Меҳмон сифатида Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси Шайх Холид Ол Наҳаён, Мўғулистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Нам-Осорин Учрал ва МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев иштирок этди.

Кун тартибидан кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари ўрин олди.

Ўзбекистон Президенти нутқининг аввалида EОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш мамлакатимиз ташқи иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Ташкилотга аъзо мамлакатларга уларнинг делегациялари жорий йилда Ўзбекистонда ўтказилган "Иннопром. Марказий Осиё" халқаро саноат кўргазмаси ва тўртинчи Тошкент инвестиция форумида фаол иштирок этгани учун миннатдорлик билдирилди.

Ушбу тадбирлар якунида муҳим келишувларга эришилгани, ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва истиқболли лойиҳалари белгилаб олингани алоҳида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон билан Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик қай даражада ривожланаётгани тўғрисида маълумот берди. Хусусан, кузатувчи давлат мақомидаги ҳамкорлик даврида Ўзбекистоннинг Иттифоқ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 80 фоизга ошиб, ўтган йил якунига кўра 18 миллиард долларни ташкил этди.

Жорий йил март ойида қўшма Ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилди, унинг якунида техник тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ишбилармонлик ташаббусларини рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Қарийб 40 та аниқ тадбирни қамраб олган янги уч йиллик Режани амалга ошириш бошланди. Ўзбекистон EОИИнинг муҳим ташаббуслари, жумладан, "Евроосиё агроэкспресс", электрон савдони ривожлантириш, юк ташишни рақамлаштириш ва иқлим кун тартиби каби лойиҳа ва дастурларида ҳам фаол иштирок этмоқда.

Бундан ташқари, апрель ойида мамлакатимизнинг Евроосиё тараққиёт банкини таъсис этиш тўғрисидаги битимга қўшилиш жараёнлари якунланди. Банк билан биргаликда инфратузилмани модернизация қилиш, металлургия, тўқимачилик, кимё ва бошқа стратегик тармоқларда истиқболли лойиҳалар портфели ишлаб чиқилмоқда.

Давлатимиз раҳбари EОИИ билан шерикликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича ўз нуқтаи назарини баён қилди.

Ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш учун қулай шароитлар яратиш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистон мамлакатларимиз ўртасидаги эркин савдо зонаси фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ барча келишувларни тўлиқ бажариб келаётгани таъкидланди.

Шу маънода, мамлакатимизнинг савдо операцияларини техник тартибга солиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва тизимларини яқинлаштиришга қаратилган қатор таклифларини экспертлар даражасида ишлаб чиқишни жадаллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон савдони қўллаб-қувватлаш воситалари ва механизмларида – EОИИ техник жиҳатдан тартибга солишнинг рақамли тизими ва рақамли транспорт йўлаклари экотизими, Евроосиё қайта суғурталаш компанияси кабиларда қатнашишдан манфаатдор экани қайд этилди.

Замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект жадал ривожланаётганини ҳисобга олиб, рақамлаштириш соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорлик истиқболлари кўрсатиб ўтилди. Бу борада электрон савдо, товарларни рақамли маркировкалаш, янги авлод логистика платформаларини яратиш, муайян тармоқларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш каби йўналишларни қамраб олган алоҳида дастур қабул қилиш таклиф этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ўтказиш пунктларининг ягона интеграциялашган ахборот тизимида иштирок этиши мумкинлиги таъкидланди. Бу чегаралардан ўтишни тезлаштириш, мониторинг самарадорлиги ва барча тартиб-таомилларнинг шаффофлигини таъминлаш имконини беради.

Кооперация алоқаларини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича йўлга қўйилган дастурлар доирасида, шу жумладан EОИИ Ишбилармонлар кенгаши билан биргаликда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.

Ўзбекистон саноат лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизми ҳамда Саноат кооперацияси ва технологиялар трансфери бўйича Евроосиё тармоғи платформасининг имкониятларидан фойдаланишдан манфаатдор эканлиги айтилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ҳамкорлиги учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистоннинг EОИИ мамлакатлари билан Агрокооперация дастурини қабул қилиш ҳақидаги ташаббусни амалга ошириш шулар жумласидан. Ушбу дастур илғор технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш қоидаларини соддалаштириш, "яшил" йўлакнинг самарали ишлаши ва кенгайтирилишини назарда тутади.

Бундан ташқари, EОИИ бўйича ҳамкорлар билан тартиб-қоидаларни соддалаштириш ва меҳнат ресурслари ҳаракатчанлигини ошириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Шу муносабат билан меҳнат бозорида талаб юқори бўлган соҳаларда касбий стандартлар ва малака талабларини яқинлаштириш масалалари юзасидан экспертлар маслаҳатлашувини ўтказиш таклиф этилди.

Шунингдек, ташкилот доирасида ишга туширилган "Чегарасиз меҳнат" интеграциялашган платформасига қўшилишга тайёрлик ҳам билдирилди.

Якунда давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг EОИИ доирасидаги кўп томонлама дастур ва лойиҳаларда иштироки иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилиши таъкидлади.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo