
11.06.2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Ўмон Султонлиги савдо, саноат ва инвестицияларга кўмаклашиш вазири Қайс бин Муҳаммад ал-Юсуфни қабул қилди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг самимий саломини етказди.
Амалий ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Турли даражалардаги фаол мулоқотлар мамнуният билан қайд этилди. Форум доирасида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва ишбилармон доираларнинг учрашувлари бўлиб ўтади.
Энергетика, геология, озиқ-овқат, тўқимачилик, кимё саноати, транспорт ва логистика, туризм, молия соҳаларида қўшма лойиҳаларни, шу жумладан Ўзбекистон-Ўмон инвестиция компаниясининг фаол кўмагида илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.