
10.06.2025

Ҳурматли форум иштирокчилари!
Хонимлар ва жаноблар!
Азиз меҳмонлар!
Аввало, сизларни – ҳамкор давлатларимизнинг юқори мартабали вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, бизнес оламининг йирик намояндаларини тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида чин қалбимдан самимий қутлайман.
Тадбиримизда қатнашаётган Болгария Президенти Румен Радев Жаноби Олийлари, Словакия Бош вазири Роберт Фицо Жаноби Олийлари, Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов Жаноби Олийлари, Қирғизистон Ҳукумати раиси Адилбек Касималиев Жаноби Олийлари, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода Жаноби Олийлари, Озарбайжон Бош вазири Али Асадов Жаноби Олийлари, Россия Федерацияси Ҳукумати раиси ўринбосари Александр Новак Жаноблари, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нокергули Атагулиев Жанобларини кўриб турганимдан ғоят хурсандман.
Шунингдек, Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, араб давлатлари ҳамда Европа, Осиё ва Африка минтақаларидан келган нуфузли делегацияларни ҳам чин дилдан қутлайман.
Биз билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган молиявий институтлар раҳбарлари – Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо хоним ва Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русеф хонимга алоҳида миннатдорлик изҳор этаман.
Бугунги форумда 7,5 мингдан ортиқ делегат, жумладан, 100 га яқин давлатдан салкам 3 минг нафар хорижий меҳмон иштирок этмоқда. Биз буни, авваламбор, мамлакатимизга бўлган ҳурмат, ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорликнинг чинакам ифодаси сифатида қабул қиламиз.
Ўзбекистон заминига хуш келибсиз, қадрли дўстлар!
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Бугунги дунё катта синовларни бошидан кечирмоқда. Глобал хавфсизлик ва барқарор ривожланишга жиддий таҳдидлар тобора кучаймоқда, геосиёсий жараёнлар кўз ўнгимизда шиддат билан ўзгармоқда.
Жаҳонда қуролланиш пойгаси яна авж олмоқда. Йирик мамлакатларнинг ҳарбий харажатлари 2010 йилга нисбатан бир ярим баробар ортиб, 2,5 триллион долларга етди. Иқтисодий инқироз асоратлари, молиявий ресурслар тақчиллиги туфайли жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари эса кетма-кет уч йил давомида пасаймоқда.
Минг афсуски, халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатия кучи заифлашмоқда. Энг ачинарлиси, инсоният учун энг долзарб муаммолар – озиқ-овқат хавфсизлиги, камбағаллик, иқлим ўзгаришлари каби масалаларга эътибор камаймоқда. Дунёда тинчлик, адолат ва инсон қадрига бўлган умумий ишончни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Биз Украина билан боғлиқ вазиятни фақат дипломатик йўллар билан ҳал этиш зарур, деб ҳисоблаймиз ва Истанбулда бўлиб ўтаётган тўғридан-тўғри музокараларни олқишлаймиз.
Шу билан бирга, кўпдан буён чўзилаётган Ғазо фожиасига эътиборингизни қаратмоқчиман. XXI асрда кўз ўнгимизда кўплаб бегуноҳ инсонларнинг нобуд бўлаётганини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Бу муаммонинг ягона ечими – низони халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва қабул қилинган резолюциялар асосида адолатли ҳал қилишдир. Фаластин халқи ўз мустақил давлатига эга бўлишга ҳақлидир.
Глобал кун тартибидаги яна бир масала – бу қўшни Афғонистоннинг тинч ва барқарор ривожланишига кўмаклашишдан иборат. Бу давлатнинг амалдаги ҳукумати билан халқаро майдонда конструктив мулоқот олиб бориш, унинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Зеро, мазкур мамлакатдаги осойишталик ва иқтисодий ривожланиш ён-атрофдаги барча минтақаларнинг узоқ муддатли тараққиёти учун зарур омилдир.
Мен ҳозир таъкидлаб ўтган муаммолар бўйича барча шерик давлатларимизни очиқ ва кенг кўламли халқаро ҳамкорликка чақирамиз. Чунки, форумнинг асосий мавзуси бўлган инвестициялар – фақат иқтисодий тараққиётнинг эмас, балки тинчлик ва барқарорликнинг кафолатидир!
Келинг, биргаликда шундай инвестиция муҳитини яратайликки, у даромад келтириш билан бирга, инсон қадрини улуғлайдиган, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлайдиган ва жамият равнақига хизмат қиладиган мустаҳкам пойдеворга айлансин!
Азиз меҳмонлар!
Ҳозирги қийин шароитда биз Ўзбекистонда иқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга асосий эътибор қаратяпмиз.
Ялпи ички маҳсулотимиз саккиз йилда 2 баробар кўпайди. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткични 200 миллиард долларга етказишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик.
Ўтган йили инвестиция ҳажми 35 миллиард долларга, экспортимиз 27 миллиард долларга етгани – тўрт йилдан буён ўтказиб келинаётган Тошкент халқаро инвестиция форумининг ҳам амалий натижасидир.
Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар самараси халқаро рейтингларда ҳам ўзининг муносиб аксини топмоқда. “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимиз сўнгги беш йилда 48 поғонага юқори кўтарилди. Гарварднинг “Иқтисодиёт мураккаблиги индекси”даги ўрнимиз 28 поғонага яхшиланди. Ўтган ойда нуфузли “S&P” агентлиги Ўзбекистоннинг суверен рейтинги прогнозини “барқарор”дан “ижобий”га оширди.
Бугун дунё иқтисодиёти янги давр ва ўзгаришлар остонасида турганини барчамиз яхши тушунамиз. Бу эса барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатларни қуйидаги тўртта йўналишда ҳамкорликда ишлашга ундамоқда.
Биринчидан, “яшил” иқтисодиёт моделига ўтиш.
Биз иқтисодиётимизни барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш учун айнан “яшил” энергетикани ривожлантиришга қаттиқ бел боғлаганмиз.
Ўтган қисқа даврда бу соҳага қарийб 6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 59 миллиарддан 82 миллиард киловатт-соатга етди. Кейинги беш йилда бу кўрсаткич 120 миллиард киловатт-соатдан ошиб, “яшил” энергия улуши 54 фоизга етади.
Шунингдек, электр тармоқларини янгилашга ҳам 4 миллиард доллар жалб қиламиз.
Бу борада жорий йилда Самарқандда, келгуси йилдан яна 8 та ҳудудда электр тармоқларини хусусий шерикликка берамиз.
Бундан ташқари, илк бор “яшил” сертификат ва углерод бирликлари савдосини бошладик. Шу йил глобал углерод бозорларига қўшилиб, “Яшил Ўзбекистон” иқлим инвестициялари платформасини яратамиз.
Иккинчидан, рақамли технология ва сунъий интеллект иқтисодиётнинг “драйвери”га айланмоқда.
Мамлакатимизда шу йилнинг ўзида IT экспорти 1 миллиард долларга етади. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткични 5 карра ошириш учун салоҳиятимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етарли.
Бу ишларимиз халқаро даражада эътироф этилиб, Сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро индексда бир йилда 17 поғонага кўтарилдик.
Келгуси йил “Булутли технологиялар” миллий платформаси ишга тушади. Яқин беш йилда хусусий инвесторлар билан бирга қуввати 500 мегаваттдан зиёд 20 та “дата марказ” барпо этамиз.
Шунингдек, бой тарихимиз, азалий қадриятларимиз ҳамда янги креатив ғояларни мужассам этган сунъий интеллектнинг миллий моделини ишлаб чиқамиз. Бу тизим самарадорлигини таъминлаш учун “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳасини бошладик.
Ишончим комил, сизлар билан биргаликда Ўзбекистонни нуфузли IT ва Fintech хабига айлантирамиз.
Учинчидан, бугунги шароитда молиявий тизим ва технологиялар кескин ўзгармоқда.
Биз яқинда Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки билан бирга Ўзбекистон молия секторини илк бор комплекс баҳолашдан ўтказдик. Улар банк, молия, суғурта, капитал бозоридаги ислоҳотларимизни тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Бу соҳаларни кейинги ривожланиш босқичига олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистонда Молиявий барқарорлик кенгаши ташкил этилади, Марказий банкда киберхавфсизлик ва молиявий технологиялар платформалари ишга туширилади.
Суғурта тизимида ҳам катта ислоҳотларни бошладик. Миллий қайта суғурталаш компанияси ва Глобал қайта суғурталаш рақамли платформаси ташкил этилди.
Стартаплар учун муқобил молиявий инструмент – венчурлар бизда тез ривожланиб боряпти. Мисол учун, ўтган йили 2 та стартап компаниямизнинг қиймати илк бор 1 миллиард доллардан ошди. Бундай компанияларни албатта кўпайтирамиз.
Шу боис “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Келгуси беш йилда венчур ва бошқа муқобил сармоялар ҳажмини 1 миллиард долларга олиб чиқамиз.
Яна бир йўналиш. “Тўртинчи саноат инқилоби” “технологик минераллар”га талабни бир неча карра кўпайтирмоқда.
Ўзбекистонда вольфрам, молибден, магний, литий, графит, ванадий, титан ва бошқа минералларнинг катта захираси аниқланган. Умуман, ер ости бойликларимизнинг салоҳияти 3 триллион долларга баҳоланмоқда.
Минтақамизнинг минераллардан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш “хаби”га айланиши учун барча имкониятлар мавжуд. Бу борада Тошкент ва Самарқанд вилоятларида “Келажак металлари технопарки”ни бунёд этмоқдамиз.
Шу ўринда бир ташаббусни илгари сурмоқчиман: бу соҳада геология-қидирув ишларидан бошлаб, тайёр маҳсулот занжирини йўлга қўйган инвесторларга ўн йил давомида рента солиғи қайтариб берилади.
Ишончим комил, сизлар билан узоқ муддатли самарали алоқаларимиз айтиб ўтилган барча йўналишларда ўзаро манфаатли бизнес ҳамкорликка айланади.
Ҳурматли инвесторлар!
Биз “Янги Ўзбекистон – инвестициялар учун катта имкониятлар мамлакати” деган тамойилни амалий натижаларга айлантириш мақсадида барча чораларни кўряпмиз.
Энг аввало, бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман: глобал ишлаб чиқариш занжирларида ҳар бир давлат учун тенг шароитни таъминлайдиган ишончли қоидалар бўлиши шарт ва зарур.
Ҳеч шубҳасиз, бу борада Жаҳон савдо ташкилотининг алоҳида ўрни бор. Шу боис, келгуси йилда ушбу Ташкилотнинг аъзосига айланиш бўйича олдимизга мақсад қўйганмиз ва бу борада ҳамкорларимиз билан фаол ишлаяпмиз. Бунинг учун ўнлаб қонун, юзлаб стандартларни халқаро талабларга мослаштирдик ва бу ишларни шу йил тўлиқ якунига етказамиз.
Иккинчидан, мамлакатимизда хорижий сармоядорларга янада қулай муҳит яратиш учун маҳаллий компаниялар билан бир хил шароитларни кафолатловчи “миллий режим” жорий қилинади, давлат органлари билан муносабатга киришишда “ягона дарча” тамойили татбиқ этилиши белгиланди, инвестиция фаолиятини ортиқча текширувлардан кафолатли ҳимоялаш тизими яратилади.
Булар орқали 2030 йилга бориб, Ўзбекистоннинг кредит рейтингини “инвестицион” даражага олиб чиқишни мақсад қилиб қўйганмиз.
Учинчидан, биз давлат компанияларини хусусийлаштиришда уларни юртимиз фаровонлигига хизмат қилувчи йирик активларга айлантириш йўлини танлаганмиз.
Шу боис, 18 та йирик компания ва банклардаги қарийб 2 миллиард долларлик давлат улушини ўзида бирлаштирган “Миллий инвестиция жамғармаси” ташкил этилди. Жамғарма бошқарувига нуфузли “Franklin Templeton” компанияси жалб қилинди. Келгуси йилнинг ўзида жамғарманинг акциялар пакети халқаро IPO га чиқарилади.
Шунингдек, профессионал консультантлар жалб қилиниб, икки йилда 29 та йирик давлат компанияси хусусийлаштирилади.
Тўртинчидан, биз транспорт ва логистика соҳасини иқтисодиётимизнинг қон томири сифатида кўрамиз.
Шу боис, бу соҳага ҳам хусусий капитални фаол жалб қилмоқдамиз. Биргина мисол, Самарқанд, Наманган, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортлари давлат-хусусий шериклик асосида салоҳиятли инвесторлар бошқарувига берилди.
Урганч аэропорти бошқарувига дунёнинг етакчи “Инчон” компанияси жалб қилинди. Келгуси йилда Нукус, Термиз, Фарғона, Навоий аэропортлари бўйича ҳам тендерлар ўтказамиз.
Яна бир муҳим йўналиш – пойтахтимизда яшаб ва ишлаётган аҳоли сони 5 миллиондан ошди. Шу боис, 2 миллион аҳолига мўлжалланган “Янги Тошкент” шаҳрини барпо этиб, пойтахтни мегаполисга айлантирамиз.
Бу ерда йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга аэропорт, темир йўл ва автомобиль транспортини қамраб олган “мультимодал хаб” қурилади. Йирик савдо комплекслари ва молия марказлари қад кўтаради.
Ушбу мега лойиҳани биргаликда амалга ошириш учун инвесторлар, халқаро молия институтлари ва хорижий банкларни таклиф қиламиз.
Бешинчидан, сўнгги йилларда қўшниларимиз билан йўлга қўйилган очиқ ва дўстона сиёсат натижасида Марказий Осиёда мутлақо янги ҳамкорлик муҳити шаклланди.
Бугун ушбу давлатларнинг ҳукумат раҳбарлари форумда иштирок этаётгани ҳам сўзимнинг яққол исботидир.
Эътибор беринг, саккиз йилда қўшниларимиз билан товар айланмаси ҳажми 3,5 баробардан зиёд ошиб, қарийб 13 миллиард долларга етди.
Катта инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жумладан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини қуришни бошладик, йирик энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини тайёрлаш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда.
Умуман, биз Марказий Осиёда “Инвестиция ва савдо учун яхлит ҳудуд концепцияси”ни илгари суришни таклиф қиламиз.
Шу ўринда халқаро ташкилотларга мурожаат қилмоқчиман: минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун янги молиявий механизмларни йўлга қўйиш вақти келди. Биргаликда ҳаракат қилсак, Марказий Осиёни тинчлик ва тараққиёт маконига айлантирамиз.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Бугунги форум янги, кенгайтирилган форматда ўтказилмоқда. Унинг доирасида илк бор ихтисослашган кўргазма ташкил этилиб, унда Ўзбекистон компаниялари ўз лойиҳалари ва қўшма ташаббуслари билан иштирок этмоқда.
Бир масалага алоҳида урғу бермоқчиман: биз учун инвестиция – фақатгина молиявий манба эмас. Бу – технология, билим, малакали кадрлар, халқаро ишлаб чиқариш занжирига қўшилиш, яъни, ҳақиқий тараққиёт демакдир.
Ўзбекистон мана шундай эзгу ғоялар билан келадиган хорижий инвесторларга барча шароитларни яратиб беради, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва буни кафолатлайди.
Юртимизда сизлар учун барча эшиклар доимо очиқ.
Энг муҳими – фаолиятингизни ҳимоя қиладиган қонунлар бор, мулоқотга очиқ давлат ва ҳамкорликка тайёр меҳнаткаш халқимиз бор.
Бугунги анжуманда иштирок этаётган, мамлакатимизга меҳмон бўлиб келган ҳар бир инвестор, хорижий ҳукумат ва халқаро ташкилотлар вакилларига яна бир бор чин дилдан миннатдорлик билдираман.
Барчангизга омад ва улкан ютуқлар тилайман.