
15.05.2025
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни Туркия Республикаси вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида юксак мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва самимий тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Турли даражаларда фаол мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми, қўшма корхоналар сони, авиақатновлар кўпаймоқда.
Бугун Тошкент шаҳрида ўтган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, бизнес мулоқоти ва кўргазманинг самарали натижалари юксак баҳоланди.
Товар айирбошлашни, шу жумладан Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар номенклатурасини кенгайтириш орқали янада кўпайтириш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш муҳим экани таъкидланди.
Инновациялар, энергетика, саноат, фармацевтика, тўқимачилик, туризм, таълим ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш, кооперация лойиҳаларининг янги портфели ва маданий-гуманитар алмашинув дастурини шакллантириш зарурлиги таъкидланди.
Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.