
09.04.2025
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 9 апрель куни ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг туризм экспорти 1,6 карра ошиб, 3 миллиард 500 миллион долларга етди, бу соҳада 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлади. Ўтган йили хорижий сайёҳлар ташрифи илк бор 10 миллиондан ошди.
Ҳудудларда туризм ва сервис инфратузилмаси жуда тез ривожланаяпти. Хусусан, ўтган 8 йилда 6 миллиард 500 миллион доллар сармоя киритилиб, 130 мингта меҳмон ўрни очилган.
Бугунги кунда 20 та туризм қишлоғи фаолият юритаяпти. Паркент туманининг “Олтин бел” чўққисида халқаро даражадаги янги тоғ-чанғи зонаси барпо этилаяпти.
Аслида, юртимиз тарихи, маданияти ва табиатига асосланиб, сайёҳларни яна 2-3 карра кўпайтириш мумкин. Лекин айрим ҳудудларда йўл ва транспорт ноқулайлиги, кўнгилочар жойлар ва қизиқарли дастурлар етишмаслиги каби камчиликлар бор.
Шу боис йиғилишда жойлардаги имкониятларни юзага чиқариб, туризм йўналишларини кўпайтириш, сайёҳларга шароитларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Масалан, Сариосиё туманининг асосий қисми тоғлардан иборат бўлиб, қишки туризм учун катта салоҳият мавжуд. У ерда дор йўли, меҳмонхона ва савдо-сервис хизматлари соҳасида 200 миллион долларлик лойиҳалар қилса бўлади. Чортоқ тумани ҳам гўзал табиати, шифобахш суви билан машҳур.
Мутасаддиларга шу каби 36 та туман ва шаҳарни этно, гастрономик, тиббий, экстремал, маданий-тарихий, зиёрат, қишки ва агротуризм асосида ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Бугунги кунда “BBC”, “Euronews” каби нуфузли телеканалларда, 20 дан ортиқ халқаро кўргазмаларда Ўзбекистонга саёҳат кенг тарғиб қилинмоқда. Виза тартиблари соддалаштириляпти, замонавий самолётлар олиб келиняпти.
Энди бу имкониятлардан фойдаланиб, соҳадаги салоҳиятли бозорлардан сайёҳларни жалб қилиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Айни пайтда Миллий туризм ягона платформаси ишлаб чиқилмоқда. Энди унга электрон виза бериш, чипта олиш жараёнлари ҳам уланади. Шунингдек, барча тарихий обидаларга кириш имконини берадиган “ягона туристик карта” жорий қилинади.
Сўнгги йилларда ички туризмга эътибор кучайгани учун маҳаллий сайёҳлар сони 23 миллионга етди. Лекин ҳалигача бошқа вилоятларга саёҳатга бормаганлар кўп топилади.
Шу боис энди ҳар ойнинг бир шанба-якшанбаси “оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни”, деб эълон қилинади. Ёшлар ўртасидаги мусобақа ғолибларига Ўзбекистон бўйлаб саёҳат йўлланмаси совға қилинади.
Соҳадаги яна бир йўналиш – маданий мерос объектлари. Охирги 4 йилда 327 та шундай мажмуа реставрация ва консервация қилинди. Ҳозир яна 485 та объект таъмирталаб.
Бу ишларга хусусий секторни жалб этиб, бизнес лойиҳа қилиш мумкинлиги айтилди. Маданий мерос объектларини ижарага беришни такомиллаштириш, уларга тушумларни рақамлаштириш вазифалари кўрсатиб ўтилди.
Туризм бўйича олий таълим муддати 4 йилдан 3 йилга камайтирилиб, дуал тизимга ўтказилди. Энди бунинг давоми сифатида, талабаларни амалиёт ва ишлаш учун хорижга юбориш яхши самара беради.
Умуман, бундай имкониятлар эвазига бу йил 15 миллион туристни жалб қилиш ва экспортни 4 миллиард долларга етказиш мумкинлиги қайд этилди.
Йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала – хорижий давлатлар билан ҳамкорликдаги инвестициявий лойиҳалар таҳлили бўлди.
Бу йил биринчи чоракнинг ўзида Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Кувайт ва Францияга ташрифлар чоғида 39 миллиард долларлик 178 та лойиҳа бўйича келишувларга эришилди. Яқинда Самарқандда ўтган саммитда Европа Иттифоқи Марказий Осиёга 12 миллиард евро ажратишини маълум қилди.
Мамлакатимизда 2025 йилда 42 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш кўзда тутилган. 81 та йирик, 8 мингдан ортиқ ўрта ва кичик лойиҳа амалга оширилиши, донор ташкилотлардан 2 миллиард доллар грант ҳамда банклар томонидан 6 миллиард доллар жалб қилиниши белгиланган.
Йиғилишда бу борадаги имкониятлар ҳудудлар ва ҳамкор мамлакатлар кесимида таҳлил қилинди.
Масалан, илгари инвестор бормаган, темир йўл ёки магистрал йўл ҳам ўтмаган Олтинсой туманида 100 миллион долларлик 3 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Ёки Қўшработда гранит тош қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича 75 миллион долларлик 2 та янги лойиҳа бошланган. Изланса, бундай имкониятлар ҳар бир ҳудудда бор.
Ўтган ойда Лондонда “Ўзбекистон инвесторлари куни” ташкил этилди. Шу йилнинг ўзида 2 миллиард 770 миллион доллар жалб қилиш бўйича келишувга эришилди. Бундай тадбирларни Нью-Йорк, Сингапур, Гонконг, Дубай, Шанхай, Токио, Истанбул каби бизнес марказларида ҳам ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Хусусийлаштиришга оид катта дастур ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, 49 та корхонадаги давлат улуши халқаро бозорда сотилиши, 15 та йирик давлат корхонаси евробонд чиқариши мўлжалланган. Булар ҳам хорижий инвестицияларни жалб этиш учун улкан имконият.
Шу ойда Жиззахда, июнда эса Тошкент шаҳрида халқаро инвестиция форумлари ўтказилади. Уларда инвесторларга таклиф қилиш учун лойиҳалар жамланмасини пухта шакллантириш зарур.
Халқаро молия институтлари билан янгича тизимда ишланаётгани туфайли йил бошидан буён 706 миллион доллар ўзлаштирилди. Иссиқлик станциялари, ҳудудий электр тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, автойўл ва темир йўл тизимларидаги лойиҳалар анча олдинга силжиди.
Лекин вақтида бажарилмаган ёки асоссиз чўзилаётган ҳолатлар ҳам бор. Бундан кейин тайёр лойиҳага ўзгартириш киритиш фақат Ҳукумат доирасида кўриб чиқилиши, қўшимча ишлар лойиҳа тугагач, тежалган маблағ ҳисобидан бўлиши таъкидлаб ўтилди.
Ҳозирда халқаро молия ташкилотлари билан энергетика, транспорт, аграр, коммунал ва ижтимоий соҳаларда 20 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Чет эллик шериклар мамлакатимиздаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаяпти.
Жумладан, ўтган ойларда Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Франция ривожланиш агентлиги, Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги вакиллари Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах, Сурхондарё ва Сирдарёга бориб, 200 га яқин тадбиркор билан ишлади. Қисқа вақт ичида 1,5 миллиард долларлик лойиҳаларни молиялаштиришга келишилди.
Бош вазир ўринбосарига бу амалиётни тизимга айлантириб, бошқа ҳудудларда ҳам яна камида 3 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантириш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вазирлар, ҳокимлар, хорижий давлатлардаги элчилар ва соҳадаги тадбиркорларнинг таклифлари эшитилди.