18.07.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, №ПҚ-3135, 14 июль 2017 йил
Ўзбекистонда “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, инсон манфаатлари учун” тамойили эълон қилинган ва амалиётга жорий этилмоқда. Шу мақсадда фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш, жамиятнинг ҳимояга муҳтож қатламларини, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича изчил ва манзилли давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Соғлиқни сақлаш ва фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилишнинг янги тизимини шакллантириш, ногиронларга тиббий хизмат кўрсатиш ва уларни реабилитация қилиш даражасини оширишга, жамиятнинг етарлича ҳимоя қилинмаган ва эҳтиёжманд қатламларини давлат томонидан мақсадли қўллаб-қувватлаш, уларга ихтисослаштирилган, юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш ва тақдим этилаётган ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилашга йўналтирилган комплекс ишлар амалга оширилмоқда.
Давлат ижтимоий дастурларининг амалга оширилиши натижасида ўтган даврда аҳоли саломатлиги сезиларли даражада мустаҳкамланди, оналар ўлими – 3,2, болалар ўлими – 3,4 баробар камайди, ўртача умр кўриш даражаси 66 ёшдан 74 ёшгача, аёллар ўртасида эса 76 ёшгача узайди.
Мамлакатимизда кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлат муассасалари билан биргаликда “Маҳалла”, “Нуроний”, “Соғлом авлод учун” жамғармалари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа кўплаб нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий шериклик механизмлари асосида муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Улар жамият ва давлатнинг барқарор, изчил ривожланиши, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда ҳаёт сифатини яхшилаш, оила саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларининг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, фуқаролар, жумладан, имконияти чекланган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш, кам таъминланган оилаларни моддий қўллаб-қувватлашга кўмаклашмоқда.
Аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида, инсонпарварлик тамойиллари, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб:
1. “Хоразм шакар” акциядорлик жамияти, “Ангрен шакар” масъулияти чекланган жамияти ва қатор хорижий компанияларнинг “Эзгу мақсад” халқаро хайрия жамоат фондини (кейинги ўринларда – Фонд) ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуси қўллаб-қувватлансин.
2. Қуйидагилар Фонднинг асосий вазифалари этиб белгиланиши маълумот учун қабул қилинсин:
биринчи – аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари, аввало, бемор ва ногирон болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини оширишни таъминлаш, ижтимоий аҳамиятга эга касалликларни эрта аниқлаш, уларни профилактика қилиш ва даволаш, ногиронликни реабилитация қилиш ва олдини олиш, жамиятда соғлом турмуш тарзи маданиятини ривожлантириш бўйича самарали ишларни ташкил этишга кўмаклашиш;
иккинчи – етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёки хавфли гуруҳга кирадиган болалар, “Меҳрибонлик”, “Мурувват”, “Саховат” уйлари ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари тарбияланувчиларига ёрдам беришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;
учинчи – аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли генофондини яхшилаш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш борасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
тўртинчи – халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш, Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари, хорижий фуқаролар ва ташкилотлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, халқаро ташкилотларнинг хайрия маблағларини жалб этиш ва жамлаш бўйича фаол ишларни амалга ошириш, Фонднинг асосий вазифаларига мувофиқ улардан Фонд хайрия дастурларини (кейинги ўринларда – Фонд хайрия дастурлари) амалга ошириш учун мақсадли фойдаланилишини таъминлаш.
3. “Эзгу мақсад” халқаро хайрия жамоат фондининг тузилмаси ва Васийлик кенгаши таркиби 1- ва 2-иловаларга мувофиқ маъқуллансин ҳамда қуйидагилар Васийлик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муҳофаза қилишнинг норматив-ҳуқуқий базаси, иқтисодий ва ҳуқуқий кафолатларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
Фонд сметаси, бухгалтерия баланси ва молиявий ҳисоботини тасдиқлаш;
Фонд маблағлари, жумладан, Фонд хайрия дастурларини молиялаштиришга йўналтириладиган маблағларини ҳисобга олиш, самарали тақсимлашни ташкил этиш ва улардан мақсадли ҳамда унумли фойдаланилишини назорат қилиш;
Фонд фаолиятининг ошкоралиги, очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;
қонун ҳужжатлари ва Фонд уставига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳал этиш.
4. Фонднинг асосий маблағлари жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, хорижий фуқаролар ва ташкилотларнинг хайрия ёрдами ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан шакллантирилиши;
Фонднинг банк ҳисоб рақамлари Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари, хорижий юридик ва жисмоний шахслар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг хайрия маблағлари учун доимо очиқ эканлиги;
Фонд ижро аппарати Фонднинг ўз маблағлари ҳисобидан таъминланиши, хайрия ёрдами шаклида олинган маблағлар бундан мустасно эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.
5. Фондга истисно тариқасида:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Фонд хайрия дастурлари доирасида ҳисоб-китоблар ва тўловларни хорижий валютада амалга ошириш;
Фонд хайрия дастурларини амалга ошириш учун жалб этиладиган хорижий фуқаролар – мутахассисларни меҳмонхона ва бошқа жойларда жойлаштириш хизматлари учун тўловларни миллий валютада тўлашга рухсат этилсин.
6. Фонд солиқларнинг барча турлари ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар бундан мустасно;
Фонд хайрия дастурларини амалга ошириш доирасида белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Фонд томонидан четдан келтириладиган товарлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) озод қилинсин.
7. Фондга унинг хайрия дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг фуқаролик бурчи ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Маҳалла” фонди ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларига Фонд хайрия дастурлари амалга оширилишини таъминлашда Фонд билан фаол ҳамкорлик қилиш тавсия этилсин.
8. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Фонд хайрия дастурлари иштирокчилари бўлган шахсларни, Фонд юклари ва товарларини имтиёзли тарифлар бўйича ташиш ва жўнатиш, шунингдек, Фонд юк ва товарлари аэропортлар ҳамда темир йўл станцияларида сақлаш даврида тўлов ундирилмасдан сақланишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
Фондга халқаро муносабатларни амалга ошириш ва хориждаги шундай фонд ва ташкилотлар билан алоқа ўрнатиш, ЮНИСЕФ, Қизил Хоч, БМТ Миссиялари ҳамда бошқа халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари билан битимлар тузишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатсин;
Фонд буюртмалари асосида Фонд хайрия дастурларини амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Фонд буюртмалари асосида Фонд хайрия дастурларини амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик кириш визалари берилиши ва уларнинг муддати узайтирилиши, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилиши
ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Фонд буюртмалари асосида Фонд хайрия дастурларини амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларни жалб қилишга Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолияти учун рухсатномаларни расмийлаштиргани учун тўлов ундирмасдан рухсатномалар берилишини (узайтирилишини) таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Фондни зарур алоқа воситалари, жумладан, ҳукумат алоқаси билан белгиланган тартибда таъминласин.
13. Оммавий ахборот воситаларига Фонд фаолиятини кенг ёритиш тавсия этилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда “Эзгу мақсад” халқаро хайрия жамоат фондини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказсин.
15. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри