
24.02.2025
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни Ўмон Султонлиги ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидийни қабул қилди.
Суҳбат аввалида вазир давлатимиз раҳбарига Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг самимий саломи ва мактубини етказди.
Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий соҳалардаги шериклик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилди.
Идоралараро ва ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар сони ортмоқда, икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокидаги бизнес тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда.
Ўзбекистон-Ўмон инвестиция компанияси портфелини янги кооперация лойиҳалари ҳисобига кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йил апрель ойида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва қўшма бизнес форуми ўтказилади.
Бундан ташқари, парламентлараро алоқаларни, маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш, тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий кун тартиби, шу жумладан жорий йил май ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган "Марказий Осиё - Кўрфаз давлатлари" мулоқотининг иккинчи саммитига тайёргарлик юзасидан фикр алмашилди.