
21.02.2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 21 февраль куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.
Россия Президентининг ўтган йил май ойидаги Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни етакчилар томонидан тасдиқланган "йўл харитаси"га мувофиқ амалга ошириш натижалари кўриб чиқилди.
Турли даражаларда фаол давом этаётган самарали мулоқот ва алмашинувлар юксак баҳоланди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликдаги асосий кўрсаткичларнинг ўсиш суръатини таъминлаш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудларида саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Гуманитар ҳамкорлик, энг аввало, маданият, санъат, фан, таълим, шу жумладан муҳандис кадрларни тайёрлаш, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида кенгайиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон ва Россия етакчилари халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, бўлажак тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.