
17.02.2025
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Кувайт Давлати Амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳнинг таклифига биноан 17 февраль куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга келди.
Ал-Кувайт халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Амир Шайх Мишъал ас-Сабоҳ, Валиаҳд Шайх Сабоҳ ас-Сабоҳ ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Ўзбекистон етакчисининг ташрифи шарафига фахрий қоровул саф тортди, давлат байроқлари кўтарилди, икки мамлакат мадҳиялари янгради.
Президентимиз фахрий қоровул сафи олдидан ўтди. Сўнг давлат раҳбарлари расмий делегациялар аъзолари ва дипломатик корпус вакилларини қутладилар.
Аэропортнинг Амир терминалида етакчилар ўртасида қисқа суҳбат бўлиб ўтди.
Бугун Ўзбекистон Президенти ва Кувайт Амири олий даражада музокара ўтказадилар. Саммит кун тартибидан Ўзбекистон билан Кувайт ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция-молиявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Тадбирлар якунида қатор ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар қабул қилиниши кўзда тутилган.