![icon](/img/menu.png)
13.02.2025
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев бошчилигида 13 февраль куни олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Ҳар бир ота-она, ҳар бир миллатнинг нияти – жисмоний ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашдир. Бунга эса жисмоний тарбия ва спортсиз эришиб бўлмайди. Спорт соғлом халқ, соғлом авлоднинг таянч устунидир.
Шу боис давлатимиз томонидан бу соҳага катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги тўрт йилда бюджетдан спортга ажратилаётган маблағ 1,5 триллион сўмдан 3 триллион сўмга ошди. Мураббийларнинг ўртача маоши 2 баробар кўпайди. 101 та йирик спорт иншоотлари қурилди, 67 таси реконструкция қилинди. Спортчиларимизнинг Париж Олимпиадасида эришган ютуқлари бу эътиборнинг ёрқин натижалари бўлди.
Энди 2028 йилда Лос-Анжелесда бўладиган Олимпия ўйинларида кучли ўнталикка кириш мақсад қилинган. Бунинг учун тайёргарликни кучайтириш, спорт федерацияларини ривожлантириш зарур.
Йиғилишда бу масалалар 26 та спорт федерацияси ва ҳудудлар кесимида таҳлил қилинди.
Масалан, сўнгги Олимпия ўйинларида 48 та дастур бўлган енгил атлетика бўйича 5 та, 49 та сув спорти дастуридан 4 та лицензия олинган, холос. Қорақалпоғистон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган ва сирдарёлик спортчилар паст натижа кўрсатган.
Шу боис иқтидорли ёшларни топиш, олимпия спорт турларига тайёрлаш, уларни ва мураббийларни рағбатлантириш бўйича янги тизим йўлга қўйилиши белгиланди. Давлатимиз раҳбари бу борадаги қатор ташаббусларни илгари сурди.
Аввало, олимпия ва паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, селекция тизимини яхшилаш мақсадида Олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади. Миллий Олимпия қўмитаси раиси Президент бўлганидек, ҳудудий бўлимларга вилоят ҳокимлари бошчилик қилади.
Улар ҳар бир федерация билан бирга, Олимпия ўйинларига тайёргарлик даври бўйича стратегия ишлаб чиқади. Бунинг учун зарур шароит ва инфратузилмага 300 миллиард сўм йўналтирилади.
Шунингдек, чет элдан илғор тажрибалар, грантлар жалб қилиш чоралари кўрилади. Спортчи ва мураббийлар хорижий спорт академияларида ўқитилади. Олдинги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари натижасига қараб, спорт турлари устуворлиги бўйича 3 та тоифага ажратилади.
Ҳудудлардаги 310 та спорт мактаби миллий терма жамоаларнинг селекция базасига айланиши кераклиги таъкидланди. Уларда янги методика ва ёндашувлар жорий қилинади.
Олимпия спорт турларига мослаштирилган 56 та спорт мактаби миллий терма жамоаларга асосий захира бўлади. Уларда ҳудуддан сараланган ёшлар индивидуал режа асосида мақсадли тайёрланади.
Шунингдек, йилига икки марта ҳудудларда олимпия спорт турлари бўйича “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақалар тизими йўлга қўйилади. Туман ва вилоят совриндорларини ҳокимлар рағбатлантириб боради. Вилоят босқичи ғолиблари ҳар йили декабрда Олимпия шаҳарчасида ўтказиладиган “Президент Олимпиадаси”да иштирок этади.
Мусобақа ғолиблари уй, автомобиль каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Биринчи ва иккинчи ўринни олган спортчилар Республика олимпия ва паралимпия марказига қабул қилинади. Бунда, 1-2 курс ўқувчиларига стипендия тўлаш йўлга қўйилади.
Президентимиз мусобақаларда юқори натижа кўрсатган спортчи ва терма жамоа устозлари қаторида спортчиларни етиштирган биринчи мураббийларни ҳам рағбатлантириш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда пара спорт имкониятларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Илгари бу тоифадаги ёшлар учун атиги 33 та мактабда спорт тўгараклари бўлган, бугун бундай мактаблар сони 235 тага етди. Параспорт билан мунтазам шуғулланувчилар 4 карра кўпайиб, 7 мингдан ошди.
Энди Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган ёшларни спорт билан қамраб олиш, натижадорлигини таъминлаш бўйича илмий методика ва стандартлар ишлаб чиқилади. Унинг Тошкентдаги филиалида адаптив спорт бўйича алоҳида факультет очилади.
Шунингдек, ҳудудлардаги 39 та спорт мактаби параспорт турларига ихтисослашади. Бундай ёшларни, айниқса, ногиронлиги бўлган қизларни имкониятига қараб, бошқа соғлом спорт гуруҳларида ҳам шуғулланишига шароит яратилади. Тренерларга малака сертификати бериш ва уларни қайта тайёрлаш тизими соддалаштирилади.
Параспорт турлари бўйича терма жамоаларни шакллантириш тартиби ҳам ўзгартирилади. Бундан буён, ёшлар фақат мусобақа натижасига қараб эмас, балки спорт нормативларини бажаришига қараб ҳам терма жамоага қабул қилинади. Бунда, ногиронлиги бўлган спортчиларнинг кўрсаткичларини мониторинг қилиб борадиган алоҳида онлайн платформа бўлади.
Мусобақа ва спорт йиғинлари ташкил қилишда олимпия ва паралимпия тизимига ўтилади. Яъни, қаерда чемпионат бўлса, унга ёнма-ён параспорт мусобақаси ҳам ўтказилади, йиғинлар ҳам биргаликда ташкил қилинади. Бу ҳақиқий инклюзив тизимга айланади, ногиронлиги бор спортчилар учун ишонч ва рағбат бўлади.
Спорт соҳасида ҳам хусусий секторга кенг йўл очилиши қайд этилди. Энди хусусий спорт клубларининг ягона реестри юритилади, уларнинг фаолияти бўйича мезонлар яратилади. Қамров даражасига қараб, клубларга бепул спорт жиҳозлари ажратилади. Хусусий мураббийларга ўзини ўзи банд қилиш ҳуқуқи берилади.
Муҳими, хусусий клублардаги ёшлар барча мусобақаларда ўз номидан иштирок этиши мумкин бўлади ва натижасига қараб, терма жамоаларга қабул қилинади.
Спортчиларни топиш, саралаш ва тайёрлаш жараёнига рақамлаштиришни кенг жорий қилиш, адолатни таъминлаб, қобилиятли ёшларни юзага чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтган йили мусобақаларда ёшлар қамрови 10 миллионга етган. Лекин катта ёшдаги инсонларнинг спортда иштироки кам.
Шу боис энди маҳаллаларда оммавий жисмоний фаоллик тадбирлари ўтказилади, бу бўйича рейтинг юритилади. Йил якуни билан энг фаол оилаларга машқ жиҳози берилади, энг яхши маҳаллаларда спорт майдончалари қурилади.
Ўқувчиларни спортга кенг жалб этиш мақсадида ҳар бир мактабда яккакураш ва жамоавий олимпия спорт турлари бўйича тўгараклар очилади. Мактаблар ўртасида олимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил қилинади. Энг яхши натижа кўрсатган ўқувчилар селекция қилиниб, мактаблар эса керакли спорт инвентари билан таъминланади. Натижа кўрсатган жисмоний тарбия ўқитувчилари алоҳида рағбатлантирилади.
Юртимизда 700 мингдан зиёд талабалар борлиги қайд этилиб, улар ўртасида спортга ҳавасни кучайтириш, қамровни ошириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Аҳолини соғлом турмуш тарзига ўргатишда нафақат спорт, балки тўғри овқатланиш ҳам долзарб. Ўрганишларга кўра, аҳолимизнинг 44 фоизи жисмоний фаол эмас, 36 фоизи тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилмайди. Бошоқли ва донли маҳсулотлар, мева-сабзавотлар истеъмоли кам. Тез тайёр бўлувчи ва таркибида канцероген моддалар юқори бўлган маҳсулотлар савдоси кўпайган. Булар турли касалликлар ва эрта ўлимларга сабаб бўлаяпти.
Шу боис “Соғлом инсон – соғлом миллат” ғояси умуммиллий ҳаракатга айлантирилиши таъкидланди. Бунинг учун соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик тарғиботини ҳар бир оилага олиб кириш кераклиги айтилди.
Йиғилишда соҳа мутасаддилари, ҳокимлар ва спортчилар билан мулоқот бўлди.