06.12.2024
Давлатимиз раҳбари Бўстонлиқ туманига ташрифи чоғида “Угам-1” кичик гидро электр станциясини кўздан кечирди.
Мамлакатимизда энергия қувватларини оширишда барча манбалардан фойдаланилмоқда. Хусусан, ҳудудларда кунлик энергия таъминотида гидро энергетика қулай ва самарали. Улар умумий тармоққа уланмасдан ҳар бир ҳудуд ва маҳалла кесимида электр билан таъминлай олади. Олинадиган электр таннархи ҳам бошқа манбаларга нисбатан анча арзон. Шу боис кейинги йилларда бу соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда юртимизда 630 миллион доллар инвестиция ҳисобидан 400 мегаваттдан ортиқ янги гидроэлектр станциялари барпо этилиб, уларнинг қуввати 2,2 гигаваттга етказилди.
Тошкент вилоятида умумий қуввати 1 минг 330 мегаватт бўлган 25 та гидроэлектр станцияси мавжуд. Бу республикамиздаги жами гидроэнергетика қувватининг 60 фоизига тенгдир. Бугунги кунда қиймати 880 миллион доллар ва қуввати 340 мегаватт бўлган яна 4 та ГЭС қурилмоқда. Шунингдек, 2028 йилгача вилоятда умумий қуввати қарийб 2 минг 400 мегаватт бўлган, 4 миллиард 800 миллион долларлик 23 та лойиҳа амалга оширилади.
Қуввати 1,48 мегаватт бўлган ушбу “Угам-1” кичик ГЭС қуриш орқали йилига 11,8 миллион киловатт соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилди. Замонавий самарадор гидроагрегатлар ва автоматик бошқарув тизими ўрнатилди. Эътиборлиси, бунда тўлиқ юртимиз маҳсулотлари ишлатилган. Бошқача айтганда, уни миллий бренд дейиш мумкин.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида ҳудуддаги Чорбоғ, Хумсон ва Угам маҳаллалардаги 5 мингта хонадон ҳамда туризм ва дам олиш масканлари узлуксиз электр энергия билан таъминланади. Йилига қарийб 4 миллион метр куб газ тежалади.
Ҳозирча Угам дарёсида иккита кичик ГЭС қурилди. Уларнинг ҳар биридан йилига икки юз миллиард сўм даромад олинаяпти. Сув оқимидан такрор-такрор файдаланиш орқали бундай станцияларни ўнтагача етказиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Бу билан нафақат энергетика масаласи ҳал бўлади, балки ҳудуд инфратузилмаси ҳам яхшиланади. Тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги корхоналари пайдо бўлади.
Давлатимиз раҳбарига ҳудудларда режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Соҳага хорижий инвестиция ва хусусий секторни жалб қилиб, 2030 йилга қадар жами қувватларни 6 минг мегаваттга етказиш белгиланган. Бунинг учун ҳуқуқий, иқтисодий шароитлар яратилган. Жумладан, мамлакатимиз бўйича икки мингтагача микро ва кичик ГЭСлар қуриш имконияти бор.