07.11.2024
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ва энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш ҳамда йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Бугун дунёда экологик муаммолар, табиий офатлар кўпайиб бормоқда. Бизнинг минтақамизга сув танқислиги хавф солмоқда. Шу боис мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, бу неъматни асраш бўйича кўп ишлар қилинмоқда.
Жумладан, 550 километр канал ва ариқлар бетонлангани эвазига 200 минг гектарда сув яхшиланди, йилига 450 миллион куб метр сув иқтисод бўлаяпти. Фермер ва кластерлар томонидан ҳам 13 минг километр ички тармоқ бетонланди.
Сув бошқаруви ислоҳ қилиниб, туманларда сувни ҳисобга олиш тизими шаклланди, фермерлар сувни ҳисоб-китоб қилишни ўрганди. Шаффоф тизим йўлга қўйилгани натижасида бу йил ерга 2 карра кўп сув борди, яна 6 миллиард куб метр сув ҳисоби жойига қўйилди.
Лекин ҳали долзарб масалалар кўп. Масалан, кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар бир куб метр сувга республика бўйича ўртача 212 сўм харажат қилинаяпти. Бухоро, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида бу 2-3 баробар қиммат.
Охирги йилларда 1 миллиард доллар ҳисобига Қарши, Аму-Бухоро, Аму-Занг каби йирик насос станциялари модернизация қилинди. Лекин ўрта ва майда насослар эскилиги сабабли сув таннархи ошиб кетаяпти. Бетонлаш ҳисобига йўқотиш 10-15 фоизга камайган бўлса-да, 20 та туманда бу кўрсаткич юқори.
Шу каби муаммолардан келиб чиқиб, йиғилишда галдаги вазифалар белгиланди.
Жойларда ҳали бетонлаш зарур бўлган 18 минг километр магистрал ва 94 минг километр ички каналлар бор. Шу боис келгуси йилда бу ишларга 800 миллиард сўм ажратилиши қайд этилди.
Ўтган йили техника, ишчи кучи ва қум-шағалдан ёрдам бўлгани учун бетонлаш харажати 2 карра арзонлашган. Пудратчиларга тўғридан-тўғри шартнома асосида цемент етказиб бериш орқали таннархни яна 20 фоизга пасайтириш мумкинлиги айтилди.
Яна бир жиҳати – бетонланган каналларда сув оқими тезлашади. Бу – кичик ГЭСлар қуриб, электр олишга катта имконият. Навоий вилоятида 11 мегаваттли 148 та шундай станция қуриш бошланган. Умуман, ҳудудларда 2 мингта микро ГЭС қуриб, йилига қўшимча 600 миллион киловатт электр олиш мумкин.
Мутасаддиларга бу борада хусусий шериклик шартларини ишлаб чиқиб, тадбиркорларга эълон қилиш топширилди.
Давлатимиз раҳбари соҳадаги яхши тажрибаларни кўрсатиб ўтди. Жиззах вилояти Дўстлик туманида сув бошқарувини ақлли тизимга ўтказиш бўйича 21 миллион долларлик лойиҳа якунланган. Сув тақсимланадиган 2 мингта нуқтага ҳисоблагич ва видеокамера ўрнатилган. Бунда автоматлашган бошқарув натижасида 20 фоиз, суғориш тармоқларини таъмирлаш ҳисобига яна 10 фоиз сув тежалади. Сув бошқаруви хусусий секторга берилиб, фермерлар билан кооперация тузилади. Илк бор сувга олдиндан тўлов бўлади.
Вилоят ҳокимларига ушбу тизимни ўрганиб, сув таъминоти оғир туманларда жорий этиш вазифаси қўйилди.
Бугунги кунда ерларни суғоришга 1 минг 600 дан зиёд насос станция ишлатилмоқда. Улар ўзига яраша электр энергияси талаб қилади. Шу боис 2025 йил – сув хўжалигида “насослар самарадорлигини ошириш йили” бўлиши белгиланди.
Хусусий шерик билан тежамкор насос ва қуёш панели ўрнатиб, 20 фоиз электр тежаш мумкин. Масалан, хоразмлик деҳқонлар шундай қилаяпти. Шунингдек, қуёш панели ўрнатиб, эҳтиёжидан ортган электрни давлатга сотиб, ойига қўшимча 7-8 миллион сўм даромад олаяпти.
Мутасаддиларга ушбу тажрибани кенгайтиришни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берилди.
Республика бўйича 2 миллион гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилингани натижасида ўтган йилнинг ўзида 2 миллиард куб метр сув тежалган. Лекин айрим далаларда ўрнатилган ускуналар ишламаяпти.
Энди бу қатъий назоратга олинади. Келгуси йилда яна 500 минг гектарда сув тежовчи технологиялар ўрнатилади. Қорақалпоғистонда қўлланган лазерли текисланган ернинг ҳар гектарига 1 миллион сўмдан субсидия бериш тизими энди Хоразмда ҳам бўлади. Бошқа ҳудудларда ҳам лазерли текислаш кенгайтирилади.
Баҳор ва куздаги сел сувларини йиғиш – соҳадаги яна бир манба. Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларида шундай иншоотлар барпо қилиб, 50 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш имкони бор. “Ўзбекгидроэнерго” компанияси бу борада икки йиллик режа олди.
Президентимиз сув хўжалиги соҳасида кескин ўзгариш қилишнинг бирдан-бир йўли рақамлаштириш эканини таъкидлади.
Насос станцияларига онлайн назорат ва “ақлли сув” қурилмалари олиб келинган. Лекин улардан олинадиган маълумотларни жамлаб, таҳлил қиладиган ахборот тизими йўқ. Сув истеъмоли ва ҳисоб-китоби ўта мураккаб.
Шу боис вазирлик ҳузурида Сув хўжалигини рақамлаштириш маркази тузилиши белгиланди. Унда сув истеъмоли ва ҳисобини юритишнинг ягона ахборот тизими ишга туширилади.
Мутасаддиларга сув хўжалигида 2030 йилгача бўлган энг муҳим лойиҳалар дастурини тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вазирлар, ҳокимлар ва соҳа мутахассисларининг фикр ва таклифлари эшитилди.