07.07.2017
Давлатимиз раҳбари Тўрақўрғон туманидаги «Gold Fresh Fruits» масъулияти чекланган жамиятида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳалари билан танишди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини, айниқса, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчиликни ривожлантириш, бу борада янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилаётган алоҳида эътибор озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тўрақўрғон туманидаги «Gold Fresh Fruits» МЧЖда 482 гектар ерда интенсив боғ ташкил этилган. 300 дан зиёд киши меҳнат қилаётган жамиятда гилос, олхўри, шафтоли, хурмо ва ўрик кўчатлари парваришланмоқда. 104 гектар ер гилос кўчати экиш учун тайёрланмоқда.
Корхона ҳудудида 2018 йил охиригача яна 400 гектардан ортиқ майдонда гилос боғи ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун 45 миллион доллар маблағ сарфланади. Бир йилда 10 минг тоннадан ортиқ маҳсулот етиштириш, 30 миллион долларлик ҳажмда экспорт қилиш кўзда тутилган. Корхонада 6,5 гектарда мева-cабзавотларни қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш логистика маркази ташкил этиш мўлжалланган. Натижада 300 янги иш ўрни яратилади.
Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 29 декабрдаги 2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги, 2009 йил 26 январдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришни ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорлари бўйича Халқ банки томонидан қатор лойиҳалар амалга ошириш кўзда тутилган.
Банкнинг молиявий кўмагида Тўрақўрғон туманида ташкил этиладиган 2 минг бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплекси ҳамда сутни қайта ишлаш лойиҳаси шулар жумласидандир. Лойиҳа қиймати 11,8 миллиард сўмни ташкил этувчи ушбу комплекснинг ер майдони 510 гектар бўлиб, шундан чорва моллари учун озуқа маҳсулотлари етиштиришга 500 гектар, қурилиш ишлари учун 10 гектар ер ажратилиши режалаштирилган.
Комплексда йилига 4 минг 280 тонна сут, 150 тонна гўшт етиштирилади. Лойиҳани 2018 йилнинг учинчи чорагида ишга тушириш мўлжалланган.
Шу ерда Учқўрғон туманидаги «Muhammadali hamkor biznes» масъулияти чекланган жамиятида 10 гектарга иссиқхона ва томат пастаси ишлаб чиқариш заводи, Наманган шаҳридаги «Jahon javohiri invest» ва Поп туманидаги «Namangan agro logistic» МЧЖларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ҳамда иссиқхона ташкил этиш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.
Юқори технология асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, боғдорчиликни ривожлантириш, айниқса, гилос плантациялари ташкил қилиб, унинг серҳосил, эртапишар навларини экишни кўпайтиришимиз керак, деди Президентимиз.