28.08.2024
Муҳтарам ватандошлар!
Қадрли спортчи ўғил-қизларим!
Ҳурматли мураббий ва мутахассислар!
Сиз, азизларни Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиб, эришган улкан тарихий ғалабангиз билан яна бир бор чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Дунёнинг 200 дан зиёд давлатидан 11 минг нафарга яқин энг машҳур спортчилар қатнашган ушбу нуфузли спорт анжумани биз учун том маънода рекордлар, мислсиз ютуқларга бой бўлди.
Аввало, мазкур Олимпиадада Ўзбекистон биринчи марта энг кўп таркиб билан, яъни, 19 та спорт тури бўйича 90 нафар спортчи билан иштирок этганини таъкидлаш лозим. Айниқса, аёллар кураши, камондан ўқ отиш, сувга сакраш, футбол каби спорт турлари бўйича спортчиларимиз илк бор Олимпия ўйинларида қатнашганини алоҳида эътироф этиш керак.
Жаҳондаги нуфузли “Financial Times” нашрининг таъкидлашича, Олимпия медаллари, мамлакатнинг спорт оламида эришаётган ютуқлари давлатнинг умумий ривожланиш ва инсоний тараққиёт даражасини билдиради.
Чиндан ҳам, сизлар ғоят кескин беллашувларда юксак жасорат ва матонат кўрсатиб, 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медални қўлга киритганингиз мамлакатимизнинг тараққиёт борасидаги юксак салоҳиятини ифода этадиган ёрқин натижадир.
Бу тарихий ғалаба Янги Ўзбекистон ёшлари қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир марта амалда намойиш этди. Мамлакатимиз иштирокчи давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 4-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади. Барчамизни қувонтирган бу натижалар Ўзбекистон тарихида илгари ҳеч қачон бўлмаган ютуқлардир.
Эсингизда бўлса, биз Токио Олимпиадасидан сўнг кейинги сафар албатта жаҳонда кучли ўн бешталикка кирамиз, деб ният қилган эдик. Лекин фақат ниятнинг ўзи билан чекланмасдан, аввало, бу масалага бўлган қарашимизни ўзгартириб, уч йил давомида қаттиқ ва тинимсиз меҳнат қилдик, спортчиларимиз учун барча шароитларни яратиб, ана шундай юксак марраларни забт этдик.
Чин дилдан интилиб, астойдил ҳаракат қилсак, қўлимиздан келар экан-ку!
Албатта, сиз, моҳир спортчилар, тажрибали мураббий ва мутахассислар илгари ҳам кўплаб нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритгансиз. Ғолиблик, ғалаба туйғуси сизларга бегона эмас. Лекин Олимпиада ўйинларидаги ҳар бир ютуқ, ҳар бир юксак натижанинг ўрни, моҳияти ва аҳамияти беқиёсдир.
Чунки тўрт йилда бир марта ўтадиган бундай йирик халқаро мусобақада дунёдаги ҳар бир мамлакатнинг спорт соҳасига бераётган эътибори, миллат ва халқнинг жисмоний ва маънавий салоҳияти яққол намоён бўлади.
Бундай улкан аренада энг кучли ва моҳир атлетлар, зўрларнинг зўри иштирок этади. Уларнинг орасида ғолиб чиқиш, зафар қозониш учун йиллар давомида тинимсиз машқ қилиш, бор кучи ва маҳоратини сафарбар этиш, пўлатдай мустаҳкам ирода ва матонат кераклигини ҳаммамиз яхши биламиз.
Шу маънода, сизлар халқимизнинг чинакам қаҳрамонлари, ботир ўғил-қизлари, Ватанимиз ифтихорларисиз. Барчамиз сизлар билан ғурурланамиз!
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида юртимиз вакиллари бир қатор рекорд натижаларни қўлга киритдилар. Масалан, дзюдо бўйича бизда илгари олтин медаль бўлмаган эди. Бу сафар матонатли дзюдочи қизимиз Диёра Келдиёрова томонидан ушбу марра забт этилди.
Не-не полвон қизларни доғда қолдирган бу қаҳрамон спортчимиз ёзги Олимпия ўйинлари тарихида ўзбекистонлик аёллар ўртасида биринчи марта олтин медални қўлга киритди. Шу тариқа Диёра яна бир рекорд ўрнатди. Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида оддий оилада туғилиб вояга етган бу спортчимизнинг номи дунёга достон бўлди. Мамлакатимиз ва чет эл матбуоти уни “Оламни маҳлиё айлаган Диёра” деб таърифлади.
Яна бир жасур қизимиз – Светлана Осипова эса таэквондо бўйича биринчи кумуш медални эгаллаб, мамлакатимиз аёллар спорти тарихида янги саҳифа очди.
Шу тариқа спортчи қизларимиз битта Олимпиадада илк бор 2 та медални қўлга киритиб, янги рекорд ўрнатишга эришдилар. Мана шундай матонатли, фидойи қизларимизнинг спорт оламидаги жасорати ҳар қандай юксак таҳсинга лойиқдир.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон таэквондо бўйича биринчи марта Олимпия ўйинларида 2 та медални қўлга киритди. Шу тариқа терма жамоамиз ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этди ва умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади.
Айниқса, моҳир спортчи ўғлонимиз Улуғбек Рашитов Олимпия ҳаракати солномасида таэквондо бўйича энг ёш тоифада икки карра Олимпия чемпиони бўлди. Шу пайтгача дунёда фақат 4 нафар спортчи шундай юксак шарафга сазовор бўлган эди. Улуғбек эса бешинчи бўлиб, уларнинг сафидан муносиб ва мустаҳкам жой эгаллади.
У оёғидан қаттиқ жароҳат олганига қарамай, шиддатли финал жангида кучли рақибга қарши мардона жанг қилиб, ғолиб қаҳрамонга айланди.
Мана, бизнинг қандай шерюрак ўғлонларимиз бор!
Шу билан бирга, бу галги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон дзюдо бўйича ўз тарихида энг кўп медаль олганини айтиш ўринлидир.
Бокс бўйича миллий терма жамоамиз олтин медаллар сони бўйича мамлакатимиз тарихида Олимпия ўйинлари рекордини янгилади ва умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Эркаклар ўртасида еттита олтин медалнинг бештасини – эътибор беринг, бештаси – ёки 71 фоизини бизнинг боксчиларимиз қўлга киритдилар.
Бу – чинакам жасорат ва баҳодирлик намунаси эмасми?!
Бу – Янги Ўзбекистон тарихининг чинакам янги саҳифалари эмасми?!
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон ифтихорлари – моҳир боксчиларимиз Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Лазизбек Муллажонов, Абдумалик Халоқовни ана шундай шонли ютуқлари билан яна бир бор қизғин табриклайман.
Эркин кураш бўйича 12 йиллик танаффусдан сўнг яна Олимпиада олтин медалини қўлга киритдик. Бу ҳам тарихий ютуқдир. Шу муносабат билан моҳир курашчи Разамбек Жамаловни ҳам самимий қутлаб, унга янги зафарлар тилаб қоламиз.
Мамлакатимиз жамоаси эришган ютуқларда кумуш медаль соҳиби – оғир атлетикачи Акбар Жўраев, бронза медаль совриндорлари – эркин курашчи Ғуломжон Абдуллаев, тажрибали дзюдочиларимиз Музаффарбек Тўрабоев, Алишер Юсуповнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди.
Спортчиларимиз шарафига Европанинг қоқ марказида – қадимий Париж майдонида Ўзбекистон мадҳияси 8 бор янграб, мамлакатимиз байроғи 13 марта баланд кўтарилди.
Жонажон Ватанимизни бутун дунёга тараннум этган мард ва матонатли ёшларимизга шон-шарафлар бўлсин!
Қадрли юртдошлар!
Бугун ҳаёт, замон кескин шиддат билан ўзгармоқда. Мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, мамлакатимиз барча соҳаларда дадил олдинга бормоқда.
Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиётига албатта мана шундай улкан ғалабалар ярашади. Шу маънода, сизлар Парижда эришган натижаларингиз билан ўз номингизни миллий спортимиз тарихига олтин ҳарфлар билан муҳрлаб қўйдингиз. Сизлар халқимиз қалбидаги миллий ғурур туйғусини ҳар томонлама юксалтирдингиз.
Энг муҳими, бундай порлоқ ғалабалар эл-юртимизни руҳлантиради, янада бирлаштиради. Улар ёшларимиз учун мардлик ва матонат, ибрат ва шон-шараф мактаби бўлиб хизмат қилади.
Ҳеч шубҳасиз, бу оламшумул ютуқларда сиз, азиз спортчиларимиз билан бирга талабчан ва фидойи устоз-мураббийлар, мутахассис ва мутасаддилар, сизларга чин дилдан омад тилаб турган бутун халқимизнинг ҳиссаси ҳам беқиёсдир.
Ҳурматли спортчи ёшлар!
Шу кунларда бутун халқимиз Мустақиллик байрамининг руҳи ва шукуҳи билан яшамоқда. Сизлар эришган ёрқин ғалабалар ана шу энг улуғ ва қадрли байрамимизга том маънода муносиб совға бўлди.
Албатта, ҳамиша кескин ва муросасиз курашлар остида ўтадиган Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Фақат энг шижоатли, энг иродали спортчиларгина бундай шарафга муяссар бўла олади.
Шу маънода, Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон шарафини астойдил ҳимоя қилган, лекин озгина омади келмаган спортчиларимизни ҳам самимий табриклаймиз. Хусусан, бадиий гимнастика бўйича спортчи қизларимиз Олимпия ўйинлари тарихида биринчи марта гуруҳ беллашувларининг финал босқичига етиб бордилар. Улар дунёнинг энг кучли 8 та жамоаси орасидан жой эгаллагани ҳам ўзига хос муҳим натижа, албатта.
Шу билан бирга, мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олимпия майдонларида тўп сурган навқирон футболчиларимиз жаҳондаги энг кучли жамоаларга қарши муносиб кураш олиб борганини таъкидлаш лозим.
Олимпиада ўйинлари кўплаб спортчиларимиз учун – гарчи улар совринли ўринларга эришмаган бўлсалар ҳам – ўзига хос катта тажриба мактаби бўлди. Ва барчамиз келгусида улардан юксак натижалар кутишга ҳақлимиз.
Муҳтарам анжуман иштирокчилари!
Франция майдонларида эришилган тарихий ютуқларда мамлакатимизда спорт ва жисмоний тарбия соҳасига, Олимпия ҳаракатини равнақ топтиришга берилаётган улкан эътибор, яратилган самарали тизим ва қулай шароитлар, спортчи ёшларимизни муносиб рағбатлантириш ҳам катта роль ўйнаганини яна бир бор қайд этмоқчиман.
Фурсатдан фойдаланиб, XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида қатнашиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчиларимизга, уларнинг устоз ва мураббийларига, Ўзбекистон спорт делегациясининг барча аъзолари ва раҳбарларига чин дилдан миннатдорлик билдираман!
Бугунги тантанамизда ғолиб спортчиларимизнинг ҳурматли ота-оналари ҳам иштирок этмоқда. Шундай паҳлавон, ватанпарвар фарзандларни эл-юртимизга тарбиялаб берган сиз, азизларга алоҳида ташаккур айтмоқчиман.
Ҳеч қачон кам бўлманглар, катта раҳмат сизларга!
Қадрли юртдошлар!
Шу ўринда барчамиз гувоҳи бўлган яна бир муҳим жиҳатни айтиб ўтмоқчиман.
Спортчиларимизнинг улкан ғалабалари нафақат халқимизни, балки бутун минтақамизни руҳлантириб юборди. Бундай ютуқлар халқларимизни бирдамликка, ҳар қандай шароитда ҳам елкама-елка туришга чорлагани қалбимизни фахру ғурурга тўлдирди.
Айниқса, бокс бўйича ўзбек мураббийси Акмал Ҳасанов қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғлига ёрдам бериб, уни мусобақанинг финалигача олиб боргани минтақамиздаги дўстона муносабатнинг ёрқин намунаси бўлди.
Аҳил қўшничилик тамойилларига қурилган сиёсатимиз бугун халқларимиз юрагига кўчганини кўриш албатта қувончлидир.
Ҳурматли дўстлар!
Олимпиадачиларимизнинг буюк ғалабаси бутун халқимиз қатори ижод аҳлини – шоирлар ва журналистлар, санъаткор ва блогерларни ҳам руҳлантириб юборди. Сизларнинг шаънингизга атаб ўнлаб шеърлар, мақолалар ёзилди, ҳатто чет элларда ҳам қўшиқлар куйланди. Бу тарихий воқеага бағишлаб, Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Олимп узра ҳилпирар Ўзбекистон байроғи” деб номланган янги китоб куни кеча нашрдан чиқарилди.
Бугун сизлар каби қаҳрамонларимиз жасорати тараннум этилган ушбу китобни ҳар бирингизга эсдалик совғаси сифатида тақдим этар эканмиз, ижодкорларимизга ҳам албатта раҳмат айтамиз.
Қадрли юртдошлар!
Шу кунларда барчамизнинг эътиборимиз яна Францияга, у ерда бўлиб ўтаётган Паралимпия ўйинларига қаратилган.
Ана шу нуфузли халқаро мусобақаларда қизғин кураш олиб бораётган мард ва матонатли спортчиларимизни Мустақиллик байрами билан чин дилдан қутлаб, барча беллашувларда уларга улкан куч-ғайрат, ютуқ ва омадлар тилаймиз.
Уларга ҳам сизларнинг йўлингизни, бахтингизни берсин!
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Албатта, Париждаги натижаларимизни чуқур таҳлил қилиб, улардан зарур хулоса ва сабоқлар чиқарган ҳолда, 2028 йили Лос-Анжелесда бўладиган навбатдаги олимпиадага тайёргарликни ҳозирдан бошлашимиз керак.
Келгуси Олимпиадада кучли ўнликка кириш бош мақсадимиз бўлади. Масалан, Париж Олимпиадасида 32 та спорт тури бўйича 329 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб борилди. Эътибор беринг, сузиш, сувга сакраш, синхрон сузиш, сув полосида – 49 та, енгил атлетика бўйича – 48 та, байдарка ва каноэда эшкак эшиш – 30 та, велоспорт турлари бўйича – 22 та, ўқ отиш ва камондан отишда – 20 та, гимнастикада – 14 та медаллар соврин сифатида қўйилган эди.
Ушбу спорт турларининг барчаси бўйича бизда спорт федерациялари ҳам, мусобақаларга тайёргарлик кўриш учун тегишли база ҳам бор. Энг муҳими, бизда бу борада иқтидорли спортчилар ҳам етарли.
Лекин, енгил атлетикадан атиги 5 та, сув спорти турларидан бор-йўғи 4 та лицензия олганимиз, теннис, стол тенниси, бадминтон, ўқ отиш каби йўналишларда бирорта спортчимиз Олимпиадага бормагани бизни чуқур ўйлантириши керак.
Париж натижалари бўйича спортчиларимизга ҳеч кимнинг эътироз билдиришга ҳаққи йўқ. Уларнинг барчаси қўлидан келганча ҳаракат қилди ва биз улардан албатта миннатдормиз.
Асосий эътироз – спорт федерацияларига! Айниқса, чим устида хоккей, баскетбол, гандбол, регби, сув полоси каби жамоавий спорт турлари бўйича натижаларимиз биз кутгандек бўлмади. Юнон-рум кураши, от спорти, замонавий бешкураш, триатлон, қиличбозлик, эшкак эшиш, велоспорт каби спорт турлари бўйича ҳам ҳали ишга солинмаган имкониятларимиз жуда кўп.
Олдимизда тўрт йил вақт бор. Ўйлайманки, бугун фаолияти танқид қилинган спорт федерациялари раҳбарлари ўзлари учун хулоса қилиб, Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпиадага муносиб тайёргарлик кўрадилар.
Бунга эришиш учун ҳар бир олимпия спорт турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Шу мақсадда, келгуси тўрт йилда спортчиларни тайёрлаш бўйича катта дастурлар қабул қилинади.
Ҳар бир йўналишда спорт медицинаси, фармакологияси, диетологияси, психологияси ва муҳандислиги бўйича чет элдан малакали мутахассислар жалб этилади. Бу борада “Олимпия шаҳарчаси”да мусобақалар ва ўқув-машғулотларни илғор хорижий тажрибалар асосида ўтказиш бўйича алоҳида тизим яратилади.
Баҳодир Жалолов, Оксана Чусовитина мактаблари каби ихтисослашган спорт муассасалари ҳар бир ҳудудда, ҳар бир спорт йўналиши бўйича ташкил қилинади. Бундан ташқари, жойларда, айниқса, маҳаллаларда янги-янги иқтидорларни кашф қилиш, уларни манзилли селекция асосида халқаро мусобақаларга тайёрлаш бўйича ҳам алоҳида дастур жорий этилади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон – Олимпиада ўйинларида нафақат курашчи-паҳлавонлар юрти, балки чавандоз ва югурувчилар, мерган ва қиличбозлар, гимнаст ва сузувчилар, футболчи ва теннисчилар, марафончи ва велоспортчилар мамлакати сифатида ҳам муносиб иштирок этиши керак.
Бунинг учун мамлакатимиздаги зарур спорт инфратузилмасига эга бўлган 15 та Олимпия ва паралимпияга тайёрлаш маркази, 6 та республика олий спорт маҳорати мактаби, 56 та ихтисослаштирилган спорт мактабига ана шу йўналишларда юқори маҳоратли спортчиларни тарбиялаган маҳаллий ва хорижий тренерларни бириктириш лозим.
Бош вазир Абдулла Арипов, спорт вазири Адҳам Икромов спорт федерациялари раҳбарлари билан бирга, бир ой ичида ойлик режаларни қоғозга тушириб, ҳар томонлама асосланган таклифларини киритсин.
Яна бир муҳим масала. Оммавий спортни ривожлантириш миллий олимпия ҳаракатининг ажралмас бир қисми бўлиши керак. Шу боис бир ой муддатда мамлакатимизда оммавий спортни янада ривожлантириш ҳақида таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси топширилади.
Ишончим комил, барча чора-тадбирларни аниқ ҳисоб-китоб ва пухта тайёргарлик билан амалга оширсак, кейинги Олимпиада ўйинларида кўзлаган мақсадимизга албатта етамиз.
Қадрли ватандошлар!
Куни кеча XXXIII ёзги Олимпиада ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари, уларнинг мураббийлари ҳамда спорт делегациямиз аъзоларидан бир гуруҳини мукофотлаш ҳақида фармонга имзо чекдим.
Барчангизни Париж Олимпиадасида эришган улкан натижаларингиз ва юксак давлат мукофотлари билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, келгуси фаолиятингизда янада улкан зафарлар тилайман.
Спорт оламида доимо янги-янги ютуқларга эришиб, халқимизни хурсанд қилишдан ҳеч қачон чарчаманг, толманг!
Мана шундай тарихий ютуқларимиз бардавом бўлсин!
Жонажон Ватанимиз янада гуллаб-яшнасин!
Ҳамиша соғ-омон бўлинглар, катта раҳмат сизларга!