23.08.2024
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев икки мамлакат ишбилармонлари билан учрашув ўтказдилар.
Тадбирда Озарбайжоннинг PASHA Holding, SOCAR, SOFAZ, Agalarov Development, Silk Way Group, Matanat, Sarda Group, AzerGold, Azermash, Озарбайжон инвестиция холдинги, "Озарбайжон темир йўллари", "Алят" эркин иқтисодий зонаси ва бошқа етакчи компаниялари раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон Президенти ишбилармонларни самимий қутлаб, уларнинг мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтиришдаги муҳим ўрнини алоҳида таъкидлади.
- Сизлар инновацияларни дадиллик билан жорий этиб, корхоналар ва иш ўринларини яратиб, иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлаяпсиз, - деди Шавкат Мирзиёев.
Бундай шаклда илк бор ўтказилаётган тадбир икки мамлакат савдо-иқтисодий ҳамкорлигида янги босқични бошлаб бериши қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари бугунги саммитнинг салмоқли натижалари ҳақида мамнуният билан сўзлади. Музокараларда ҳамкорликнинг кенг қамровли кун тартиби муҳокама қилиниб, истиқболли “ўсиш нуқталари” белгилаб олинди. Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди.
- Биз давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори босқичига чиқдик ва Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларида амалда янги саҳифа очдик, - деди Ўзбекистон раҳбари.
Музокараларнинг асосий якунлари сифатида мамлакатларимизда бизнес учун янада қулай шароитлар яратиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, биргаликда ташқи бозорларга чиқиш бўйича келишувларга эришилгани таъкидланди.
Сўнгги йилларда бу борада катта ютуқларга эришилди. Товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони бир неча баробар ошди, қатор кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда, ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашди, қўшма Инвестиция компанияси самарали фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари, куни кеча ўтган бизнес форумида умумий қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ битим ва шартномалар имзоланди.
Президентимиз Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари томонидан эълон қилинган Иқтисодий кооперация йили доирасидаги муҳим вазифаларни амалга оширишда айнан бизнес асосий драйвер бўлиши ва ҳал қилувчи роль ўйнаши кераклигини алоҳида таъкидлади.
Бу ҳамкорликнинг 20 та устувор йўналиши бўйича истиқболли лойиҳалардир.
- Биз ҳурматли Илҳом Ҳайдарович билан бир фикрдамиз: ҳамкорлик келажаги бизнесга боғлиқ, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг эртанги куни сизларга боғлиқ, - дея хулоса қилди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари тадбиркорларнинг самарали ва қулай фаолият юритиши учун барча зарур шароитлар яратилишини таъкидлади.
Ўз навбатида, икки мамлакатнинг етакчи компаниялари раҳбарлари кўрсатилаётган эътибор учун Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентларига миннатдорлик билдириб, янги кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ режалари ҳақида маълумот бердилар.
Учрашув якунида давлат раҳбарлари кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этдилар.
Тошкент шаҳрида меҳмонхона ва турар жой мажмуаларини барпо этиш, Қашқадарё вилоятида қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, Озарбайжонда тўқимачилик кластерлари ҳамда тикувчилик фабрикасини ташкил этиш ва бошқа лойиҳалар шулар жумласидан.
Президентлар ушбу лойиҳаларга старт берар экан, улар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилишини таъкидладилар.