27.06.2024
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида иқтисодиёт учун ғоят зарур бўлган корхоналар барпо этилмоқда. Бу янги иш ўринлари очилиши, саноат тармоқлари ривожланиши, пировардида, халқимиз фаровонлиги ошишига хизмат қилаяпти.
Жумладан, Жиззах вилоятида сўнгги беш йилда қайта ишлаш саноати ҳажми 1,6 баробарга кўпайиб, ўтган йилнинг ўзида 19 триллион сўмни ташкил қилган. Экспорт ҳажми 2,2 баробарга ошиб, 202 миллион долларга етган.
Хорижий инвестициялар миқдори ҳам йил сайин ўсиб бормоқда. 2018 йилда вилоятда бор-йўғи 18 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, ўтган йили бу рақам салкам 700 миллион долларга етган. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони 260 тани ташкил қилмоқда.
Бунда ҳар бир туманнинг ўз ўрни бор. Хусусан, Зомин туманида инвестиция дастурлари доирасида сўнгги беш йилда 1,8 триллион сўмлик 300 га яқин лойиҳа амалга оширилган ва уч мингдан ортиқ иш ўрни очилган. Қулай бизнес муҳити туфайли тумандаги кичик тадбиркорлик субъектлари сони 4 баробар кўпайган.
Зоминнинг гўзал табиатига асосланиб туризм соҳаси унинг “драйвери”га айлантирилмоқда. Бундай хизматларни кўпайтириш мақсадида яқинда Зомин туристик зонаси ташкил этилди.
Булар билан чекланиб қолмасдан, Зоминда саноатни ривожлантиришга киришилган. Чунки ҳудуд бунинг учун жуда қулай. Туман мамлакатимиз марказий қисмида жойлашган. Бу ердан темир йўл ўтган. Яқинда Зомин аэропорти кенгайтирилиб, реконструкция қилинди.
Энди туманда Хитойнинг “Мингюан” компанияси билан ҳамкорликда “Технопарк” махсус саноат зонаси барпо этилмоқда. Бунинг учун 400 гектар ер майдони ажратилган. Уни инфратузилма билан таъминлаш бўйича манзилли дастур тасдиқланиб, 160 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Бу борадаги амалий ишлар аввалроқ бошланган бўлиб, 30 дан ортиқ лойиҳалар шакллантирилган. Уларга хитойлик инвесторлар томонидан 1,2 миллиард доллар инвестиция йўналтирилади.
Мазкур зонада ташқи бозорларда талаб юқори бўлган қўшилган қийматли маҳсулотлар чиқарувчи корхоналар ташкил этилади. Хусусан, электротехника, машинасозлик, қурилиш материаллари, мебелсозлик, озиқ-овқат ва хизмат кўрсатиш йўналишдаги лойиҳалар амалга оширилади.
Натижада 5 мингдан ортиқ иш ўринлари пайдо бўлади, 4,7 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ҳамда 70 миллион долларлик экспорт салоҳияти яратилади.
Технопарк ҳудудида Халқаро тажриба алмашинув инженерлик маркази ташкил этилиб, саноат корхоналари учун шу ернинг ўзида малакали мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Шунингдек, ушбу ҳудудда офис маркази, турар жойлар, экобоғ, кўргазмалар зали ва савдо маркази барпо этилади.
Маросимда давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, технопаркдаги илк инвестиция лойиҳалари қурилишини бошлаб берди.
Ушбу замонавий лойиҳаларнинг амалга оширилишида ишбилармонларга муваффақиятлар тилади.