19.06.2024
Президент Шавкат Мирзиёевга заргарлик саноатини янада ривожлантириш, заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва сотиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тайёр маҳсулотлар экспортини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимот қилинди.
Юртимизда заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш учун жуда катта салоҳият бор.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда қазиб олинаётган олтиннинг атиги 6 фоизи қайта ишланиб, бор-йўғи 78 миллион долларлик экспорт бўлаётгани қайд этиб, тадбиркорлар учун алоҳида шароитларга эга заргарлик зоналари ташкил қилиниши, соҳага хомашё етказиш, мутахассис тайёрлаш, ишлаб чиқариш занжири ва сотиш тизимини бутунлай қайта кўриб чиқиш муҳимлигини таъкидлаган эди.
Шу боис Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси томонидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.
Жумладан, “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш, ваколатларини кенгайтириш ҳамда бошқарув тизимини қайта ташкил этиш режалаштирилган.
Соҳадаги ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари учун берилган имтиёзлар “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасига аъзо бўлган заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам татбиқ этиш таклиф этилди.
Шунингдек, 2026 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик соҳасида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотларига нисбатан божхона божи ва қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкасини қўллаш имконияти ўрганилмоқда.
Ишлаб чиқариш, кўргазма ва савдо майдонларини ўз ичига олган махсус заргарлик марказларини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Бу борадаги пилот лойиҳаларни Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятларида жойлаштириш юзасидан ахборот берилди.
Заргарлик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш масаласига тўхталиб ўтилди. Икки томонлама келишиш йўли билан мамлакатимиз ҳудудида ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларини Америка Қўшма Штатларига “GSP” тизими бўйича экспорт қилиш учун божхона тўловларининг ноль ставкасини белгилаш таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбари муҳокама қилинган чора-тадбирларни такомиллаштириб, 2027 йилгача бўлган даврда маҳаллий заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқишга топшириқ берди.