23.05.2024
Азиз юртдошлар!
Муҳтарам адиблар, қадрли ёшларимиз!
Аввало, барчангизни элимизнинг суюкли фарзанди, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг бетакрор ижодига бағишланган бугунги фестиваль – ўзига хос адабиёт ва санъат байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Маълумки, халқимизнинг ақл-заковати ва азму шижоати билан барпо этилаётган Янги Ўзбекистонда миллий адабиёт, маданият ва санъатни ривожлантириш мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишини ташкил этади.
Зотан, маърифатпарвар шоиримиз Абдулҳамид Чўлпоннинг “Адабиёт яшаса – миллат яшар” деган ҳикматли сўзларида чуқур маъно бор.
Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини ҳар томонлама ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, уни бугун юз бераётган мураккаб жараёнлар билан узвий боғлиқ ҳолда таҳлил этиб, зарур хулосалар чиқариш маънавий ҳаётимизни юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, катта аҳамиятга эга. Айниқса, ҳозирги нотинч ва таҳликали замонда миллий ўзлигимизни англаш, азалий эзгу қадриятиларимизни сақлаш ва бойитиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бундай ўта муҳим вазифаларни амалга оширишда халқимизнинг Эркин Воҳидов каби буюк ва ардоқли фарзандларининг қутлуғ ва ўлмас мероси албатта беқиёс ўрин тутади.
Ўйлайманки, бу мўътабар зотни ортиқча таърифлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Улкан шоир ва драматург, моҳир таржимон ва ўткир публицист, таниқли жамоат арбоби сифатида Эркин Воҳидовнинг асарлари миллий адабиётимизнинг “олтин фонди”дан, юртимиз ва чет эллардаги минг-минглаб адабиёт мухлисларининг қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин олгани билан ҳар қанча ғурурлансак, арзийди.
Ҳозирги вақтда юртимизда улуғ шоиримиз хотирасини эъзозлаш ва бой ижодий меросини ўрганиш бўйича катта ишлар қилинмоқда. Хусусан, Марғилон шаҳрида ижодкорлар боғи бунёд қилиниб, севимли адибимизнинг ҳайкали ва музейи очилди. Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ташкил этилди. Пойтахтимизнинг Адиблар хиёбонида у кишига бағишлаб муҳташам ёдгорлик обидаси қад ростлади. Шоир таваллудининг 80 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланди.
Мен Эркин Воҳидовдек серқирра истеъдод эгаси, ҳақиқий ватанпарвар ва миллатпарвар инсон билан замондош ва маслакдош бўлиб яшаш насиб этганидан бахтиёрман.
Юртимизда маънавий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган бугунги жўшқин ислоҳотларимизда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф сингари бетакрор ижодкорларимизнинг ўрни ҳар қадамда сезилиб туради. Аммо ҳозирги кунда етишиб келаётган истеъдодли ёшларимиз – менинг азиз ва қадрли фарзандларим буюк устозларининг йўлини муносиб давом эттираётгани бизга таскин беради.
Бугунги ижодий анжуман доирасида ардоқли шоиримизнинг оташин ва дилбар шеърлари янграётгани, у кишининг ғазаллари асосида айтилган қўшиқлар танлови ўтказилаётгани, бу сўлим масканда Эркин Воҳидов номида боғ барпо этилаётгани таҳсинга сазовордир.
Биз ушбу адабий фестивални ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, буюк тарихга эга бўлган, ўз ўтмишидан ғурурланиб, айни вақтда, келажакка юксак ишонч билан интилаётган бугунги ўғил-қизларимиз маънавий булоқларимиздан баҳраманд бўлиб, Янги Ўзбекистоннинг чинакам бунёдкорлари бўлиб вояга етишида мана шундай анжуманларнинг ўрни ва таъсири беқиёс, албатта.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу тадбир ташкилотчилари – Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “UzReport” телеканали ва “Туронбанк” мутасаддиларига, шоирнинг фарзандлари ва барча мухлисларига самимий миннатдорлик билдираман.
Фестиваль қатнашчиларини, унинг ғолиб ва совриндорларини, турли ҳудудлардан келган ёшларимизни яна бир бор табриклайман.
Барчангизга соғлик-саломатлик, ижодий ишларингизда янги муваффақиятлар тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти