17.05.2024
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказдилар.
Учрашув аввалида Малайзия Ҳукумати раҳбари Президентимизга Малайзия Подшоҳи Султон Иброҳимнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказиб, делегациясига кўрсатилаётган илиқ ва самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик билдирди.
Музокараларда Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Президенти сўнгги 16 йилда илк бор ўтказилаётган ушбу олий даражадаги ташриф икки томонлама муносабатлар тарихида янги давр очаётганини таъкидлади.
- Малайзия нафақат Жануби-Шарқий Осиё минтақасида, балки жаҳон миқёсида катта салоҳиятга эга бўлган, жадал ўсиб бораётган давлатдир. Мамлакатингиз билан алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш асосий мақсадимиз ҳисобланади, - деб таъкидлади Ўзбекистон Президенти.
Сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш, гуманитар ва таълим дастурларини амалга ошириш, туризм ва маданий алмашинувни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтган йил якуни бўйича товар айирбошлаш ҳажми икки баравардан зиёдга ўсди, қўшма корхоналар сони ортиб бормоқда, Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги авиарейслар кўпаймоқда.
Ўзаро савдо ҳажмининг келгусида ҳам ўсишини таъминлаш ва кўрсаткичларини мувозанатлаштириш, йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Ташриф доирасида ўтказиладиган Ўзбекистон-Малайзия бизнес форуми якунлари инвестициявий шерикликни кенгайтиришга, инновациялар, саноат, “яшил” энергетика, нефть-кимё, электр техникаси ва электроника, фармацевтика ва бошқа соҳаларда етакчи компаниялар кооперациясига хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Ушбу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимиз Ўзбекистон-Малайзия саноат зонасини ташкил этишга тайёр экани таъкидланди.
Қишлоқ хўжалигида, жумладан, сувни тежаш технологияларини жорий этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, "Ҳалол" стандартлари бўйича сертификатлаштириш масалалари бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Ахборот технологиялари, камбағалликни қисқартириш ва транспорт боғлиқлигини кенгайтириш соҳасидаги шериклик масалалари муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кун тартибини тизимли кенгайтириш мақсадида амалдаги Савдо бўйича қўшма қўмитани Ҳукуматлараро комиссияга айлантириш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йилда ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Маданий-гуманитар алмашинувни янада фаоллаштиришга қатъий интилиш билдирилди.
Кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, энергетика, ислом молияси, экология, сунъий интеллект, туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, соғлиқни сақлаш соҳасида илмий-амалий алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Малайзиялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга оқими тез суръатларда ўсиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Зиёрат туризми бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш, шу жумладан “Умра плюс” лойиҳасини илгари суриш ҳамда ёшларимиз ўртасида мулоқотни мустаҳкамлаш чоралари муҳокама қилинди.
Етакчилар Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ҳамда Афғонистон масаласи юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Қўшилмаслик ҳаракати доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
"Марказий Осиё + АСЕАН" форматида ташқи ишлар вазирлари мулоқотини тузиш таклифини кўриб чиқиш ташаббуси билдирилди.
Ишончли, очиқ ва дўстона муҳитда ўтган музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Малайзия Бош вазири Кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзоладилар.