18.03.2024
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни ушбу мамлакат президентлигига сайловда қозонган ишончли ғалабаси билан дилдан қутлаб, келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Давлатимиз раҳбари сайловчиларнинг фаол иштироки ва овоз бериш натижалари россияликлар амалдаги Президентга юксак ишонч билдираётгани, амалга оширилаётган сиёсат ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни кенг қўллаб-қувватлаётганини яна бир бор тасдиқлаганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларида юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Бугун ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор суръатда ошиб бормоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, етакчи корхоналар, ишбилармон доиралар ва ҳудудлар ўртасида кооперация алоқалари кучаймоқда. Фаол маданий-гуманитар алмашинувлар давом этмоқда.
Жорий йилнинг апрель ойида Тошкентда кооперациянинг янги шакллари ва истиқболли лойиҳаларини илгари суриш учун самарали майдонга айланган навбатдаги “ИННОПРОМ” халқаро саноат кўргазмаси бўлиб ўтади.
Телефон орқали мулоқот чоғида бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.