05.03.2024
Автотранспорт воситларини рўйхатга олиш ва диагностика марказига ташриф чоғида Президент Шавкат Мирзиёевга Тошкент шаҳридаги гавжум чорраҳалар ва кўчаларни тартибга солиш, бу орқали тирбандликларни бартараф этишга оид лойиҳа тақдимот қилинди.
Лойиҳа ўз олдига учта асосий вазифа қўйган - пиёдалар хавфсизлиги ва қулайлиги, жамоат транспортига устуворлик, ўтказиш қобилиятини ошириш ва йўл транспорт ҳодисалари сонини камайтириш.
Мазкур лойиҳа синов тариқасида Тошкент шаҳридаги йирик чорраҳада — Бобур ва Фурқат кўчалари кесишмасида амалга оширилди.
Пиёдалар учун чорраҳада “хавфсизлик оролчалари” бунёд этилди, пиёдалар ўтиш жойида светофорни бошқариш ускуналари ўрнатилди. Жамоат транспорти бекатлари йўловчилар учун тушиб чиқишга қулай тарзда қайта лойиҳалаштирилди.
Шунингдек, чорраҳага давомийлиги оқимга қараб мослашадиган интеллектуал светофорлар тизими ташкил этилди.
Бу каби лойиҳалар натижасида чорраҳаларнинг ўтказиш қобилияти сезиларли даражада ошиб, тирбандликлар камаяди, жамоат транспорти янада самарали бўлади.
Президентимиз бу ишларни кенгайтириш, “шаҳар – пиёдалар учун” тамойилини тўлиқ рўёбга чиқариш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.