25.01.2024
Давлат ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шэньчжэнь шаҳрида “SANY” компанияси директорлар кенгаши раиси Сян Вэньбони қабул қилди.
“SANY” шамол турбиналарини ишлаб чиқарувчи дунёнинг етакчи 10 та компания қаторига киради. Шамол энергетикаси қурилмаларини ишлаб чиқариш ва сотишга, шамол электр станцияларини лойиҳалаштириш, қуриш, ишлатиш ва бошқаришга ихтисослашган.
Учрашувда компаниянинг Қорақалпоғистон Республикасида шамол электр станциясини барпо этиш, шамол турбиналарининг бутловчи қисмларини, қурилиш ва оғир юк техникасини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш каби лойиҳаларни амалга ошириш режалари қўллаб-қувватланди.
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга эришилган келишувлар амалга оширилишини жадаллаштириш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилишга топшириқ берди.