17.01.2024
Президент Шавкат Мирзиёев хорижий туристлар оқимини ошириш ҳамда ички туризмни фаоллаштиришга оид тақдимот билан танишди.
Юртимизда тарихий, маданий ва хушманзара гўшалар кўп. Уларда шароит яратилса, сайёҳларни янада кўпроқ ва йил давомида жалб қилиш мумкин. Шу мақсадда, Президентимиз топшириғига асосан, туризм имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Унга кўра, сайёҳлик салоҳияти юқори бўлган 12 та туман ва шаҳарда туризм марказлари ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Бундай марказларда туну кун ишлайдиган ресторан, кафе, соғломлаштириш ва бассейн хизматлари бўлади.
“Зомин”, “Чимён” ва “Амирсой” каби курорт зоналари ҳамда кўнгилочар мажмуаларда халқаро брендлар, миллий ипак матолари, сувенир, заргарлик маҳсулотлари ва олтин қуймалар дўконлари ташкил этилади. Бунинг учун 2027 йил 1 январгача туризм марказларидаги тадбиркорларнинг ер ва мол-мулк солиғини белгиланган миқдордан 90 фоизга камайтириш, 2026 йил 1 мартгача заргарлик ва олтин маҳсулотлари учун керак бўладиган асбоб-ускуналар ва технологияларни божхона божидан озод қилиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, жорий йилдан бошлаб, “Ўзбекистонда яна бир кун саёҳат” дастури амалга оширилади. Унга кўра, вилоятлараро туризм объектларини ўзаро боғловчи “республика туризм ҳалқалари” ҳамда туман ва шаҳарлар ўртасида “ҳудудий туризм ҳалқалари” ташкил этилади. Туризм қўмитаси томонидан Туристик йўналишларнинг ягона реестри юритилади.
“Тўрт фаслнинг ҳар бирида саёҳат” дастури амалга оширилади. Масалан, баҳор ва куз фаслларида экологик, экстремал, тиббий ва соғломлаштириш, ёзда сув ҳавзалари ва оромгоҳлар, қишда экстремал туризм ва тоғ-чанғи зоналарининг имкониятлари тарғиб қилинади. Мазкур туризм мавсумларининг очилиши учун фестиваллар ташкил этилади.
Ҳар икки йилда май ойида мукофот жамғармаси 2 миллион доллар бўлган Халқаро “Ўзбекистон ипак матолари” мода ҳафталиги ўтказилади.
Мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини чет элларда тарғиб қилиш учун Туризм қўмитасининг “туризм вакиллари” институти жорий этилади.
Шунингдек, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, тиббиёт туризмини ривожлантириш, туризм таълимига халқаро тажрибани жорий қилиш чоралари кўрилади.
Ҳудудларда кемпинг, ўтов, экоуй ва хостеллар, меҳмонхоналарда бассейн қуриш учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳмонхона ва савдо мажмуалари, бассейн ва аквапарклар учун асбоб-ускуна ва жиҳозлар 2 йилга божхона божлари тўлашдан озод этилади.
Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, экотуризмни янада кенг ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахслар саёҳати учун ҳам зарур шароитларни яратиш бўйича кўрсатмалар берди.