29.11.2023
29 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги долзарб масалалар, шу жумладан жорий йил 5-7 октябрь кунларидаги Россия Федерациясига олий даражали ташриф чоғида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.
Етакчилар Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиб, кўп қиррали ҳамкорлик кенгайиб бораётганини қайд этдилар.
Ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичларининг ўсиш суръати сақланмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда, ҳудудлараро алоқалар ривожланмоқда. Куни кеча Жиззах вилоятида биргаликда ташкил этилган йирик агрологистика мажмуаси ишга туширилди.
Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари маданий-гуманитар алмашинув фаол кечаётгани ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида дастурлар амалга оширилаётганини ҳам олқишладилар.