25.10.2023
Қарши шаҳрида 25 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказилди.
Дунёда зиддиятлар тобора кучайиб бораётгани, бефарқлик, ўзибўларчилик кайфияти билан ривожланиб бўлмаслиги таъкидланди.
– Мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва келажаги учун янги корхоналар, янги бозорлар, инвестиция, иш ўринлари, катта-катта тушумлар керак. Жаҳон бозоридаги тебранишлар, ҳамкор давлатлардаги савдо чекловлари давом этаверса, маҳсулотларни қаерга ва қандай сотиш керак? Бунинг учун қайси корхонага қандай кўмак бериш зарур, – дея саволлар қўйди Шавкат Мирзиёев.
Шу нуқтаи назардан, йиғилишда асосий эътибор саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилди.
Масалан, Деҳқонобод, Китоб ва Қарши туманларидаги саноат зоналарида 100 гектар ер бўш турибди. Тадбиркорлар уларга 300 миллион доллар инвестиция киритиб, 3 минг 500 та иш ўрни яратиш ташаббуси билан чиққан. Шунингдек, гўшт, сут ва мува-сабзавотни қайта ишлаш бўйича 50 миллион долларлик лойиҳаларни ишга тушириш имконияти бор.
Давлат раҳбари Қашқадарё иқтисодиёти фақатгина йирик корхоналарга қараб қолмаслиги кераклигини айтди. Вилоятда истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда ўсиш суръатлари республика кўрсаткичидан 3 баробар кам. Айниқса, кичик бизнеснинг саноатдаги улуши энг охирги ўринларда.
Масалан, Қашқадарёда йилига 150 минг тонна полиэтилен грануласи ишлаб чиқарилса-да, унинг атиги 4 фоизи вилоятнинг ўзида қайта ишланади. Қамашида цемент, гипс ва мармар, Шаҳрисабз туманида графит, Яккабоғда кварц қуми, Чироқчида марганец, Китобда доломит ва чинни конлари негизида кўп маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин.
Вилоятда йилнинг тўрт мавсумида ҳам туристларни жалб қилиш салоҳияти бор. Лекин, бу ҳозир Шаҳрисабз шаҳри ва тоғли туманлар билан чегараланган. Йил бошидан бери Қашқадарёга 180 минг нафар хорижий сайёҳ келгани ҳолда, қўшни Самарқанд ва Бухорога 3,5 миллион келган.
Давлатимиз раҳбари қулай инфратузилма яратиб, туристларни кўпайтириш йўлларини кўрсатиб ўтди.
Хусусан, германиялик ҳамкорлар билан Шаҳрисабз туманидаги 3 та туризм маҳалласи мастер-режаси тайёрланган. Бунда 450 миллион доллар қўшимча инвестиция ва йилига 1 миллион сайёҳ жалб этадиган инфратузилма яратилади. Архитектура ечимлари қўллангани учун тадбиркорларда соҳага иштиёқ кучайди. Бунинг ҳисобидан Шаҳрисабзнинг ўзида йилига қўшимча 500 миллиард сўм тушум кутилаяпти, 5 мингта янги доимий иш ўрни пайдо бўлаяпти.
Шу мақсадда Шаҳрисабз аэропортида фуқаро авиацияси йўлга қўйилади. 1 январдан бошлаб, у ердан Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва водий вилоятларига маҳаллий рейслар кўпайтирилади. Тошкент – Қарши йўналишида авиарейслар ҳафтасига 2 мартадан 7 мартага оширилади. Натижада авиачипталар нархи 2 баробар арзонлашиши, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар 3 баробар кўпайиши мўлжалланган.
Шунингдек, вилоятга автотранспортда келишни қулайлаштириш мақсадида “Тахтақорача” довонидан ўтиш талаблари енгиллаштирилади. Келгуси йилда довонда янги тоннел ва йўл қуриш лойиҳаси бошланади. Самарқанд билан Шаҳрисабзни боғловчи 30 километр йўл ҳамда Ғузор – Бухоро йўлининг 100 километр қисми таъмирланади.
Умуман, келгуси йилда хорижий сайёҳларни 500 мингтага етказиш вазифаси қўйилди.
Қишлоқ хўжалигида ҳам салоҳият катта. Қашқадарё республикада энг кўп дон ва пахта етказиб беради. Лекин вилоятда иш ўрнини кўп яратадиган мато тўқиш 30 фоиздан ошмайди, матони бўяш йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, бунинг ҳисобидан қўшимча 60 минг ёшлар ва аёлларни банд қилиб, 500 миллиард сўм тушумни таъминлаш мумкин.
Шу боис келгуси йилда вилоятда 370 миллион долларлик 33 та йирик лойиҳа ишга туширилади. Бу орқали тайёр трикотаж маҳсулот ишлаб чиқариш 1,6 баробар, мато ишлаб чиқариш 3,1 баробар ошиб, 8 мингта иш ўрни яратилади.
Вилоятда Тўқимачилик технопаркини ташкил қилиш ва у ерга Европанинг таниқли брендларини олиб келиш зарурлиги қайд этилди.
Вилоятда 1,4 миллион гектар яйлов бор. Бу – 7 миллион бош қорамол ва қуй-эчки учун табиий озуқа базаси. Лекин Миришкор, Муборак ва Нишонда 20 фоиз яйлов деградацияга учраган, яна 25 фоизида майса йўқ.
Шу боис, келгуси йилда 100 минг гектар яйловни яшил экинлар билан қоплаш дастури амалга оширилиши айтилди. Бунда қурғоқчилик, иссиқ ва чўлланишга қарши уруғчилик хўжаликлари ташкил қилинади, мева-сабзавот ва доривор ўсимликлар экилади, дарахтзорлар барпо қилинади, сув тежовчи технологиялар жорий этилади. Қуёш энергиясида ишлайдиган насослар ўрнатилиб, ёмғирлатиб суғориш пилот лойиҳаси ишга туширилади.
Бундан ташқари, Чорва моллари генетик тадқиқоти лабораторияси ташкил қилиниб, Испаниянинг “Ассаф” қўйларидан янги миллий зотлар кўпайтирилади.
Мутасаддиларга 1,4 миллион гектар яйловнинг электрон харитасини яратиш ва 100 минг аҳолини банд қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Президент экинларни сув билан таъминлаш масаласи йилдан йилга қийинлашиб бораётганига тўхталди. Бу муаммо Қашқадарё учун айниқса долзарб. Лекин сув тежовчи технологиялар 515 минг гектардан атиги 16 фоизида жорий қилинган.
Шу боис, вилоятга 15 та лазерли текислаш техникаси олиб келиниб, сув таъминоти оғир Косон, Миришкор, Касби ва Нишонда деҳқонларга арзон ва сифатли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.
Суғориш тармоғини босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказиб, 30 фоиз сувни тежаш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга каналларни бетонлаш, қўшимча насос ва техника олиш, “Пахтаобод” каналини модернизация қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ёшлар билан ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятда электротехника, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари каби соҳалар учун кадрлар тайёрлаш яхши йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилди. Масалан, Қарши шаҳридан ташқари бошқа бирорта туманда IT марказлар фаолияти йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, 60 та коллежнинг бўш турган майдонларида ҳам ишлаб чиқариш, ҳам амалий таълимни йўлга қўйса бўлади.
Президент китоблик тадбиркорнинг IT кластер ва университет очиш ташаббусини маъқуллади.
Вилоят ва туман ҳокимларига ҳар бир тумандаги иш берувчиларнинг ўрта бўғин мутахассисларига эҳтиёжини аниқлаш, таълим муассасаларида иш берувчиларнинг амалий устахонаси ва цехларини очиш топширилди. Бу ишларга 30 миллиард сўм ажратилади.
Воҳа аҳолисининг 42 фоизида ортиқча вазн муаммоси сабаб юрак қон-томир ва қандли диабет касаллиги кўпайгани қайд этилди. Президент бу ҳолатдан ташвиш билдириб, соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш ва вилоятда соғлиқни сақлаш тизими салоҳиятини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, россиялик ҳамкорлар билан Китобда замонавий кардиология марказини барпо этилади. Мобиль поликлиникалар хизмати йўлга қўйилади, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида 600 ўринли замонавий клиника ташкил қилинади.
Қашқадарё вилоти ҳокими М.Азимов келгуси йилда 1 миллиард доллар инвестиция олиб келиб, саноатда 40 триллион сўм маҳсулот ишлаб чиқариш, 500 миллион доллар экспортни амалга ошириб, 200 миллион доллар импортни қисқартириш, 500 минг хорижий сайёҳ жалб қилиб, 550 минг аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича режаларини маълум қилди.
Йиғилишда кўтарилган ҳар бир масала бўйича вазирлар ва ҳокимлар тенгма-тенг ҳисобот берди.
Шу билан Қашқадарёга ташриф якунланди, давлатимиз раҳбари Тошкентга қайтиб келди.