24.10.2023
Президент Шавкат Мирзиёев сафар дастурида назарда тутилмаган манзиллар билан танишишда давом этмоқда. Қарши тумани маркази – Бешкент шаҳридаги 12-мактаб ҳам режалаштирилмаган ҳолда бориб кўрилди.
Бу ерда айни пайтда 1 минг 400 га яқин ўғил-қиз ўқимоқда. Уларга юздан ошиқ малакали педагоглар таълим бермоқда. Мактаб ўтган йили капитал таъмирланган. Ўқувчиларга битта касб-ҳунар ва иккита хорижий тилни ўргатиш йўлга қўйилган. Компьютер саводхонлиги, тикувчилик, дурадгорлик каби тўгараклар бор.
Давлатимиз раҳбари синфхоналарни кириб кўрди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди. Мактаб шароитлари, дарсликлар сифати билан қизиқди.
Айни кунларда юртимизда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва кўчат экиш авжида. Президентимиз мактаб мисолида шу борадаги ишларни кўздан кечирди. Мутасаддиларга ижтимоий муассасаларни иссиқлик билан таъминлаш, энергия тежамкор технологияларни қўллаш бўйича кўрсатмалар берилди. Ўз навбатида, мактабларнинг қурилиш стандартларини замонавийлаштириш, бунда инфратузилма билан таъминланганлик, функционаллик ва энергия самарадорлиги билан боғлиқ барча мезонларни назарда тутиш зарурлиги таъкидланди.
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида мактаблар атрофида кўчат экиш ишларига ҳам эътибор қаратилди.
– Мактаб бор жойда маданият бўлади. Педагоглар бошқаларга ҳар жиҳатдан ўрнак. Мактаб атрофи обод бўлиб, мавсумий гуллар яшнаб турса, ёшларга ҳам тарбия, ҳам даъват бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.