18.10.2023
Ҳурматли Гутерриш жаноблари!
Ҳурматли Хань Чжэн жаноблари!
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Хонимлар ва жаноблар!
Аввало, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин жанобларига “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форумида иштирок этишга таклиф қилгани ҳамда илиқ қабул учун самимий миннатдорлик билдираман.
“Макон ва йўл” ташаббусининг ўн йиллиги муносабати билан хитойлик дўстларимиз ҳамда тадбирнинг барча иштирокчилари номига билдирилган табрик сўзларига қўшиламан.
Буюк ипак йўлини қайта тиклашга қаратилган улуғвор ғоя тарихан қисқа даврда кўплаб тарафдорларига эга бўлди ва халқаро ҳамкорликнинг янги моделига айланди. У умумий тараққиёт ва фаровонликка эришиш йўлидаги зарурий, инклюзив ва очиқ платформага айланди.
Жаҳондаги етакчи давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч инқирози туфайли вужудга келган ҳозирги геосиёсий беқарорлик шароитида ушбу дастурнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Хитойнинг ҳар томонлама стратегик шериги сифатида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб “Макон ва йўл” ташаббусини қўллаб-қувватлаганини алоҳида таъкидлашни истардим. Биз мазкур ташаббуснинг асосий мақсад ва вазифаларини янада илгари суришнинг қатъий тарафдоримиз.
Ҳурматли форум иштирокчилари!
Хитойнинг “Яшил ипак йўли” ташаббуси моҳият эътибори билан умумий “яшил” келажак кун тартибини шакллантиради, деб ҳисоблаймиз. Ушбу ғоя Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин жаноблари томонидан илк бор 2016 йилда айнан бизнинг мамлакатимизда эълон қилингани чуқур рамзий маънога эга.
Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё жаҳондаги иқлим ўзгариши оқибатларидан энг кўп зарар кўраётган минтақалардан бири эканини таъкидламоқчиман.
Ҳозирги вақтда бизнинг минтақамиз мамлакатлари глобал исиш, экологик мувозанат бузилишининг аномал об-ҳаво шароитлари, тез-тез юз бераётган қурғоқчилик ва чанг бўронлари, ерларнинг шиддат билан деградацияга учраши ва чўлланиши, биохилма-хилликнинг йўқолиши кўринишида намоён бўлаётган жиддий таҳдидларини ўзида тўлиқ ҳис этмоқда.
Биргина мисол – кўп йиллик кузатишлар бугунги кунда Марказий Осиёда ўртача ҳаво ҳароратининг ошиб бориши дунёдаги умумий кўрсаткичлардан икки марта юқори эканини кўрсатмоқда.
Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида қабул қилинган махсус резолюция доирасида Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудларини яратиш бўйича кенг кўламли дастурни амалга оширмоқдамиз.
Ўзбекистон жорий йилнинг сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ташаббусига кўра бўлиб ўтган Иқлим ўзгариши билан боғлиқ улкан вазифалар саммитини ҳам юқори баҳолайди ҳамда мазкур анжуман якунларининг тезроқ амалга оширилишига умид билдиради.
Биз 2024 йил Марказий Осиёда “яшил” тараққиёт соҳасидаги мақсадларга эришиш йўлида фикр алмашиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ниятидамиз.
Умид қиламизки, ушбу форум барқарор ривожланиш йўлидаги глобал хавф-хатарларга жавоб топиш учун “Келажак учун – Самарқанд мулоқоти”ни ташкил этишда амалий қадам бўлиб хизмат қилади.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Ўзбекистон “Яшил ипак йўли” доирасида кенг кўламли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор.
Шу муносабат билан Хитой ҳамда “Макон ва йўл” саммитининг бошқа иштирокчилари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича фикрларимиз билан ўртоқлашмоқчиман.
Биринчидан, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни янада яқиндан мувофиқлаштириш мақсадида “Марказий Осиёнинг “яшил” кун тартиби” ва “Яшил ипак йўли” концептуал ташаббусларининг ўзаро боғлиқ ҳолда амалга оширилиши тарафдоримиз.
Қуйидаги муҳим вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида кенг кўламдаги ”Яшил” тараққиёт дастури”ни ишлаб чиқишни таклиф этамиз: иқтисодиёт тармоқларини “яшил” тараққиёт талаблари асосида трансформация қилиш ва рақамлаштириш, транспорт ва энергетика тармоқларида барқарор инфратузилмани яратиш, “яшил” саноат қувватларини ишга тушириш, камбағалликни қисқартириш ва “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш.
Иккинчидан, “яшил” ишлаб чиқариш занжирлари ва инновацияларни ривожлантириш соҳасида амалий ҳамкорликни кенгайтиришни муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Хитойнинг етакчи компаниялари билан биргаликда ва бошқа хорижий ҳамкорларни жалб этган ҳолда, “яшил технологиялар”ни кенг жорий қилиш асосида саноат соҳасида ва муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дастурларни амалга ошириш учун Оролбўйи минтақасида Махсус намунали технологик паркни ташкил этишга тайёрмиз.
Учинчидан, Хитойнинг “Макон ва йўл” дастурининг “яшил” инвестициялар тамойиллари” борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз ва уни амалга оширишда иштирок этиш ниятидамиз.
Ўзбекистонда “Яшил” молиялаштириш” жамғармасини таъсис этишни таклиф қиламиз. Ушбу жамғарма кам углеродли иқтисодиёт ва “тоза” технологияларни ривожлантириш, шунингдек, минтақа мамлакатларида юқори экологик стандартларни жорий этиш учун молиявий ресурсларни сафарбар қилишнинг таъсирчан воситасига айланади.
Тўртинчидан, биз “Макон ва йўл” дастурида иштирок этаётган мамлакатларни “яшил” маҳсулотлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдосидаги чеклов ва тўсиқларни камайтиришга чақирамиз.
Бешинчидан, “яшил” энергияга ўтиш бўйича мулоқотни фаоллаштириш ва “Макон ва йўл” ташаббусига қўшилган мамлакатлар вазирларининг мунтазам учрашувларини ўтказишни муҳим, деб биламиз.
Аминмизки, бу қайта тикланадиган энергия соҳасида халқаро кун тартибини кенгайтириш бўйича ўзаро мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Олтинчидан, Оролбўйи халқаро инновациялар маркази негизида “яшил” билим ва ечимларни трансфер қилиш бўйича илмий-ахборот платформасини ишга туширишни таклиф этамиз.
Еттинчидан, биз Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети негизида “Яшил” тараққиёт ва экология соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва академик алмашувни ривожлантириш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқиш тарафдоримиз.
Бу борада Хитой ҳамда “Макон ва йўл” ташаббусининг бошқа иштирокчи мамлакатлари етакчи олийгоҳлари ва таълим марказлари бизнинг шерикларимиз сифатида иштирок этишлари мумкин.
Ва ниҳоят, биз жамиятда табиий ресурслар ва атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш бўйича анъанавий қадриятларни қарор топтирмасдан туриб, “яшил” тараққиётга ўтиш мумкин эмас, деб ҳисоблаймиз.
Шу муносабат билан “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида “яшил” маданиятни ривожлантириш бўйича Глобал дастурни ишга туширишни ва унда этно-экологик фестиваллар, форумлар, мамлакатларимиздаги таниқли жамоат арбоблари, фан, бизнес ва маданият намояндалари иштирокида тақдимотлар ва тадбирларни ўтказишни назарда тутишни таклиф этамиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Хонимлар ва жаноблар!
Донишманд хитой халқининг мақолида айтилганидек, “Келгуси асрнинг бахти ушбу асрда қурилади”.
Бугун биз саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирган ва кучайтирган ҳолда, инсониятнинг “яшил” келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратмоқдамиз.
Ишончим комилки, бугунги учрашувимиз якунлари, билдирилган ғоя ва таклифлар бизнинг ана шу эзгу мақсадга эришиш йўлидаги умумий аниқ ҳиссамиз бўлади.
Барчангизга муваффақиятлар тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.