14.10.2023
Президент Шавкат Мирзиёев “Тошкент иссиқлик маркази” корхонасининг Шайхонтоҳур туманидаги 3-сонли иссиқлик марказини бориб кўрди.
Бу мажмуа 1972 йилда қурилган. Бу ердаги 5 та қозонхона умумий қиймати 400 Гкал қувватга эга. Жами 491 та кўп қаватли уй, 150 дан ортиқ ижтимоий соҳа муассасаларга иссиқлик етказиб беради.
Ўтган қишда ҳаво кескин совиб кетиши оқибатида табиий газ босими пасайиб, истеъмолчиларга иссиқлик етказиш қийин бўлган эди. Шунинг учун жорий йилда иссиқлик марказида муқобил ёқилғидан фойдаланиш имкони яратилди. Хусусан, мазут хўжалиги қурилиб, қозонларнинг иккитаси аралаш шаклда – газ ва мазутда ишлашга мослаштирилди. Барча қозонхоналар таъмирланди. Шунингдек, газ босимини таъминлаш мақсадида иншоотга 4,6 километр алоҳида қувур тортилди.
Бу саъй-ҳаракатлар натижасида куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни иссиқлик билан узлуксиз таъминлаш имкони яратилди. Хусусан, тармоқ 30 даража совуқ ҳароратгача барқарор ишлайди. Бундай пайтларда захираланган мазутдан ишлатилади. Қувурлар изоляцияси мустаҳкамлангани учун иссиқлик йўқотилиши камайтирилган. Натижада аҳолига 65 даражадан кам бўлмаган иссиқлик етказиб берилади.
Худди шу тартибда 5-сонли иссиқлик маркази ҳам модернизация қилинган.
- Очиғи, узоқ йиллар давомида бу тизимга эътибор бўлмаган. Иссиқлик корхоналари эски ресурсда, эскича услубда ишлаб келган. Лекин олинган иссиқлик сарфланган харажатга нисбатан ўзини оқламади. Бундан одамлар ҳам рози бўлмади, корхоналар ҳам манфаат топмади. Ўтган йилги синовдан ва имкониятларимиздан келиб чиқиб, иссиқлик таъминотини модернизация қилаяпмиз. Энди иссиқликни сақлаш ва тежаш чораларини кўриш керак, - деди Шавкат Мирзиёев.