13.10.2023
Қадрли ҳамкасблар!
Аввало, Қирғиз Республикаси Президенти, ҳурматли Садир Нурғожоевич Жапаровга анъанавий илиқ қабул ва саммитни юксак даражада ташкил этгани учун билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Биз Ўзбекистонда Қирғизистоннинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислигининг самарали якунларини юксак баҳолаймиз.
Бу даврда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида катта ишлар амалга оширилди, кўп томонлама қатор муҳим ҳужжатлар, жумладан, Хизматларнинг эркин савдо зонаси тўғрисидаги битим қабул қилинди.
Биз, шунингдек, кун тартибини ва ушбу йиғилиш учун тайёрланган қарорлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаймиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Бизнинг учрашувимиз глобал геосиёсий кескинлик кучаяётган бир шароитда ўтмоқда. Барча ҳамкасбларим ўз чиқишларида олдимизда турган умумий таҳдид ва хавф-хатарларни қайд қилиб ўтдилар.
Минг афсуски, дунёнинг турли минтақаларидаги кескинлашиб бораётган зиддиятларнинг оқибатлари барча мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишига ўта салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бундай вазиятда биз МДҲ бўйича шерикларимиз билан ҳамкорликнинг янги йўллари ва механизмларини излашда давом этамиз.
Гап, аввало, муқобил савдо-логистика йўналишларини шакллантириш, қўшилган қийматнинг қисқа ва янада самарали занжирларини яратиш, мамлакатларимиз иқтисодиётидаги бир-бирини тўлдирадиган захиралардан имкон қадар юқори даражада фойдаланиш, бизнес алоқаларини рағбатлантириш ҳақида бормоқда.
Биз пайдо бўладиган хавф-хатарларни биргаликда баҳолаш, мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар ва ностандарт қарорларни қабул қилиш учун МДҲ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ноёб платформаси тўлиқ ишга солинишидан манфаатдормиз.
Шу муносабат билан Ҳамдўстликнинг узоқ муддатли янги кун тартибини ишлаб чиқиш учун мамлакатларимизнинг етакчи таҳлил марказлари ва экспертлари иштирокида конференция ташкил этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қиламан.
Қадрли ҳамкасблар!
Жорий йил бошидан буён Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик мамлакатлари билан ташқи савдо ҳажми атиги 5 фоизга ошди. Шу билан бирга, ўсиш суръатларининг секинлашиш тенденцияси кузатилмоқда.
Юқори даражадаги экспертларимиз учрашувлари натижалари тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантириш йўлида ҳали ҳам кўплаб тўсиқлар мавжудлигидан далолат беради.
Биз қуйидагиларни таклиф этамиз:
биринчидан, Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартноманинг товарларни олиб қўйишга доир қоидаларини қайта кўриб чиқиш.
Шартнома имзоланганидан буён етарлича вақт ўтди ҳамда ушбу ҳужжатни бизнинг асосий мақсад ва вазифаларимиз билан тўлиқ мувофиқлаштириш вақти келди;
иккинчидан, импорт ўрнини босишга қаратилган миллий дастурларни ўзаро уйғунлаштириш;
учинчидан, давлат харидлари бозорига имтиёзли кириш ҳуқуқини ўзаро келишув асосида тақдим этиш имкониятларини кўриб чиқиш;
тўртинчидан, қўшма улгуржи тақсимлаш ва логистика марказларини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш дастурини қабул қилиш;
бешинчидан, электрон савдони ривожлантиришни, жумладан, мавжуд платформаларни кенгайтириш йўли билан рағбатлантириш.
Яна бир муҳим жиҳат бу – ўзаро савдодаги техник тўсиқлар ва мувофиқликни баҳолаш бўйича ишлар натижаларини тан олиш тўғрисидаги МДҲ битимларининг қабул қилинишини жадаллаштиришдан иборат.
Ушбу масалаларнинг барчаси Ҳамдўстлик Иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибига киритилиши зарур.
Саноат кооперацияси истиқболлари масаласига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Бугунги кунда МДҲ мамлакатлари билан қўшма инвестиция лойиҳаларига доир портфелимиз ҳажми 25 миллиард доллардан ошди.
Яқинда қабул қилинган Саноат кооперациясини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг Саноат сиёсати бўйича кенгаши доирасида ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва лойиҳаларни илгари суриш ҳамда технопаркларни ташкил этиш бўйича Қўшимча комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф қиламан.
Бунда харидларни молиявий қўллаб-қувватлаш, суғурта ҳисобидан қоплаб бериш ва офф-тейк харид масалаларини пухта ўйлаб кўриш муҳимдир.
Келгуси йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “ИННОПРОМ” саноат ҳафталиги доирасида МДҲ мамлакатларининг саноат кооперацияси ва инновацион ишланмалари форумини ўтказишга ҳам тайёрмиз.
Энергетика соҳасида МДҲга аъзо ҳар бир мамлакатнинг электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, энергия тизимларимиз яхлит ҳолда ишлай оладиган шароитларни яратиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Яна бир устувор вазифа – Ҳамдўстлик давлатларида истеъмолчиларни юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдан иборат.
Шу муносабат билан агросаноат комплекслари, логистика ва “экспресс” коридорларнинг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, тармоқни технологик модернизация қилиш ва тизимли илм-фан алмашинуви масалаларини ҳал этиш талаб этилади.
Амалдаги тармоқ кенгаши доирасида Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги янгиланган ҳамкорлик дастурини ва Агросаноат секторида кооперациянинг асосий йўналишлари тўғрисидаги битимни тайёрлашни таклиф қиламиз.
Ҳудудлараро ҳамкорлик жуда катта имкониятга эга экани таъкидлаб ўтмоқчиман. Бундай шерикликни қўллаб-қувватлаш чораларини ўз ичига олган алоҳида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, жумладан, ҳудудларнинг биринчи Форумини, кўргазма ва ярмаркаларни ҳамда ишбилармон доиралар вакилларининг ўзаро ташрифларини ўтказиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Транспорт соҳасида қуйидаги имкониятларни яратиш тарафдоримиз:
- транспортнинг барча турларида мультимодал ташувларни ташкил этиш орқали транспорт коридорларини ривожлантириш;
- асосий минтақавий коридорлар орқали юкларни ташишда бизнес учун жозибадор шартларни шакллантириш;
- йўловчи ва юк ташишда бошқариш жараёнларини ва кўрсатиладиган хизматларни рақамлаштириш;
- транспорт инфратузилмаси ва ҳаракат таркибини модернизация қилиш дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш.
Биз, шунингдек, МДҲнинг Давлатлараро экологик кенгашига Ўзбекистоннинг қўшилиши тўғрисида қарор қабул қилдик.
Келгуси йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган Халқаро иқлим форуми доирасида Ҳамдўстлик давлатлари ҳудудидаги экологик таҳдид ва хавф-хатарларга бағишланган махсус ялпи сессияни ўтказишни таклиф қиламиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Қадимий Самарқанд шаҳрига 2024 йилда “Ҳамдўстликнинг маданият пойтахти” мақомини бериш масаласини қўллаб-қувватлаганингиз учун сизларга чуқур миннатдорлик билдираман.
Шу муносабат билан келгуси йил баҳорда Самарқандда МДҲ давлатларининг маданият, санъат ва кино ҳафталигини ўтказишни таклиф қиламиз.
Ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш масаласи айниқса долзарб аҳамиятга эгадир.
Биз янги қўшма лойиҳамиз доирасида келгуси йилда “Ҳамдўстликнинг ёшлар пойтахти” деб эълон қилинган Тошкент шаҳрида тадбирларга бой дастурни тайёрлаяпмиз.
Шунингдек, “Ҳамдўстлик кубоги” футбол турнирини қайта тиклаш ва ёшларимиз жамоалари ўртасида навбатдаги учрашувларни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қиламан.
Халқаро рус тили ташкилотини таъсис этиш тўғрисидаги шартномани қабул қилишни қўллаб-қувватлаймиз.
Рус тилида таълим берадиган техник мутахассисликлар бўйича ўқитувчиларни тайёрлаш дастурини ишлаб чиқишни муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Ҳамдўстликнинг ягона туристик маконини тарғиб қилиш доирасида қўшма дастурлар ва туристик маҳсулотларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрмиз.
Қадрли ҳамкасблар!
Россия Федерацияси томонидан келгуси йил учун Ҳамдўстликка раисликнинг қабул қилиб олиниши муносабати билан ҳурматли Владимир Владимирович Путин номига билдирилган табрик сўзларига қўшиламан.
Ушбу муҳим ва масъулиятли вазифани бажаришда чин дилдан омадлар тилайман.
Сўзимнинг якунида Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.