icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон ва Қатар етакчилари икки томонлама шерикликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга келишиб олдилар

02.10.2023

2 октябрь куни Доҳадаги “Амири Девон” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Қатар Амирига ташриф билан келиш таклифи ҳамда Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.

Сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Қатар Амири жорий йил июнь ойида Самарқандга амалга оширган тарихий ташриф мамлакатларимиз муносабатларида янги босқични бошлагани таъкидланди. Ўзбекистон билан Қатар ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори, стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга қатъий интилиш билдирилди.

Турли даражаларда мулоқотлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми ошмоқда, икки мамлакат пойтахтлари ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилди. Қатарнинг йирик компаниялари билан қўшма лойиҳалар бошланди.

Ташриф арафасида Доҳада Ўзбекистон элчихонаси очилди, унинг фаолияти самарали шерикликни фаол ривожлантиришга кучли суръат бағишлайди.

Қатарда муваффақиятли амалга оширилаётган ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг бўлган “Нигоҳ 2030” давлат дастурига юқори баҳо берилди.

Томонлар савдо кўрсаткичларини каррасига ошириш, анъанавий ва “яшил” энергетика, нефть-кимё, металларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш, туризм, молия ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш учун 2024 йил январь ойида Доҳада қўшма Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишлари ва бизнес форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Қатарнинг илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, биотехнологиялар ва сунъий интеллект, “яшил” энергетика борасида қўшма тадқиқотлар ўтказишдан манфаатдор экани таъкидланди. Доҳада Ўзбекистон маданияти ва туризм ҳафталигини ўтказишга келишиб олинди.

Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалий илгари суриш масалаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирдилар.

Учрашув якунида давлат раҳбарлари бир қатор қўшма “йўл харита”ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали рўёбга чиқариш механизмларини яратиш топшириғини бердилар.

Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo