Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат ташрифи билан Қатарга боради
01.10.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан 1-2 октябрь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади.
Ташриф дастурига мувофиқ, олий даражадаги икки томонлама музокаралар ўтказилиши ҳамда “ЭКСПО Доҳа-2023” – “Яшил саҳро, янада яхши атроф-муҳит” халқаро кўргазмасининг очилиш маросимида иштирок этиш кўзда тутилган.
Бўлажак музокараларда етакчилар Ўзбекистон-Қатар ҳамкорлигининг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қиладилар, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашадилар.
Давлат ташрифи якунида турли соҳалардаги икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.