14.09.2023
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувининг барча иштирокчиларини чин қалбимдан қутлайман.
Авваламбор, анъанавий илиқ қабул ва тадбирни юксак даражада ташкил этгани учун Тожикистон Республикаси Президенти ҳурматли Эмомали Шарипович Раҳмон номига билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Бугунги учрашувимизда Озарбайжон Республикаси Президенти ҳурматли Илҳом Ҳайдарович Алиевни кўриб турганимдан хурсандман. Сизнинг иштирокингиз минтақа мамлакатларининг Озарбайжон билан чуқур тарихий боғлиқлиги ва ҳамкорликнинг ҳозирги юксак даражасининг яна бир тасдиғидир.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори мартабали вакили Каха Имнадзе жанобларини ҳам қутлайман. У бошқараётган Минтақавий превентив дипломатия маркази Марказий Осиёда кўп қиррали шерикликни ривожлантиришда муҳим роль ўйнаётганини қайд этмоқчиман.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Бугунги бешинчи Маслаҳат учрашувининг ўтказилиши ва унда илгари сурилаётган ташаббуслар бизнинг ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва шерикчиликка асосланган муносабатларимизни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кучайтириш йўлидаги интилишларимизни намоён этмоқда.
Умумий саъй-ҳаракатларимиз туфайли ҳаётий муҳим масалаларни ҳал этиш ва ҳамкорлигимизни сифат жиҳатидан янги мазмун билан тўлдириш борасида жиддий олдинга силжишга эришдик.
Бизнинг сиёсий мулоқотларимиз ва парламентлараро алмашувлар доимий тус олмоқда. Мулоқот ва ҳамкорлик учун турли платформалар ишга туширилди.
Шу кунларда Душанбеда анъанага айланган етакчи аёллар, ректорлар, ёшлар учрашувлари, иқтисодий форум ва кўргазмалар, бир қатор маданий-гуманитар тадбирлар муваффақиятли ўтмоқда.
Энг асосийси – Марказий Осиёда барқарорлик ва бирдамлик мустаҳкамланмоқда. Бизнинг минтақамиз иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаоллик марказларидан бирига айланмоқда, Ғарбни Шарқ ва Шимолни Жануб билан боғлайдиган транспорт хаби бўлишдек тарихий вазифани яна ўз зиммасига олмоқда.
Сўнгги йилларда минтақа мамлакатларининг умумий ички маҳсулоти 40 фоизга кўпайди. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо ҳажмининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. Масалан, товар айланмаси 2,5 баробардан зиёд ошди. Ўзаро инвестициялар ҳажми қарийб 6 марта, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими эса 45 фоизга ўсди. Бундан ташқари, ички минтақавий туризм кўрсаткичлари 2 баробар ошди.
Ҳурматли учрашув қатнашчилари!
Минтақа мамлакатлари фаолиятининг халқаро майдонда яқиндан мувофиқлаштирилгани умумий саъй-ҳаракатлар натижасидир.
Бугун биз глобал ва минтақавий сиёсат кун тартибидаги кўплаб долзарб масалалар бўйича ягона позицияда туриб ҳаракат қилмоқдамиз. Бизнинг мамлакатларимиз 2017 йилдан буён Марказий Осиёдаги тараққиёт ва шерикликнинг муҳим масалалари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 8 та резолюциясини қабул қилиш юзасидан ташаббусларни илгари суришди.
Буларнинг барчаси халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланмоқда ва кенг эътироф этилмоқда. “Марказий Осиё плюс” форматида қарийб 10 дан ортиқ ҳамкорлик мулоқоти таъсис этилгани буни тасдиқлайди. Ана шу мулоқотлар доирасида ташқи ишлар вазирлари даражасида бизнинг биргаликдаги ҳаракатимиз бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Бугунги кунда бизнинг барча мамлакатларимиз дунёда кузатилаётган геосиёсий рақобат ва зиддиятларнинг оқибатларини тўлиқ ҳис этмоқда. Бу ўринда савдо ва транспорт-логистика занжирларининг узилиши, инвестиция ва технологиялардан фойдаланиш борасидаги чекловлар, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича муаммоларнинг кескинлашуви ҳақида сўз бормоқда.
Иқлим ўзгаришлари алоҳида хавотир уйғотмоқда.
Ана шундай хавф-хатарларга самарали қарши туриш имконияти кўп қиррали шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган қўшма саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга боғлиқ.
Шу муносабат билан ҳамкорлигимиз истиқболлари бўйича қатор таклифларни билдирмоқчиман.
Биринчи. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик минтақавий шериклик ва интеграциянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир.
Биз ушбу йўналишда минтақа мамлакатлари билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун Ўзбекистонда барча зарур шарт-шароитларни яратмоқдамиз.
Товар айланмаси ҳажмини ошириш мақсадида истисно ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо зоналарини тезроқ шакллантириш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Шу муносабат билан, минтақада барқарор савдо-логистика занжирларини шакллантириш, чегараолди ҳудудларида савдо ва кооперация марказларини очиш ва кенгайтириш, ўзаро савдо бўйича қонунчиликни уйғунлаштириш ва бу борадаги тўсиқларни бартараф этиш, божхона маъмурчилиги, санитар ва фитосанитар назорати, товарларнинг қаердан олиб келинаётганини сертификатлаш бўйича ягона электрон платформалар яратиш, минтақавий электрон савдо майдонини ишга туширишни кўзда тутадиган комплекс минтақавий дастурни қабул қилишни таклиф этамиз.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун ташқи савдо фаолияти бўйича масъул бўлган вазирларнинг доимий учрашувини ўтказиш механизмини ишга туширишни таклиф қиламиз.
Иккинчи. Саноат кооперациясини ривожлантириш.
Бизда бу соҳада муваффақиятли шериклик бўйича тажриба бор. Бу – енгил автомобиллар, маиший техника, тўқимачилик маҳсулотлари ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва шунингдек, Озарбайжон билан чегараолди ҳудудлари кооперациясидир.
Учинчи давлатларга экспорт қилишни кўзлаган ҳолда минерал ўғитлар, полимерлар, металлдан тайёр буюмлар, тайёр тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги техникаларини йиғиш ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича истиқболли йўналишлар бўлиши мумкин.
Бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз тизимли тус олиши учун Марказий Осиё мамлакатларининг узоқ истиқболга мўлжалланган саноат кооперациясини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Учинчи. Бу – транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликдир.
Асосий ташқи бозорлардан жўғрофий жиҳатдан узоқлигини ҳисобга олганда, бизнинг мамлакатларимизда юкларни ташиш учун кетадиган харажатлар улуши товарларнинг сўнгги қийматига нисбатан 50 фоизгача етмоқда.
Айни вақтда дунёдаги ўртача кўрсаткич 11 фоиздан ошмайди. Натижада бизларнинг иқтисодиётимиз ривожланган давлатлардагидан кўра 2-3 марта кўп транспорт харажатини кўтаришга мажбур бўлмоқда.
Мамлакатларимизнинг транспорт соҳасидаги салоҳиятини янада ошириш мақсадида тармоқ вазирлари учрашувлари доирасида Марказий Осиёда Транспорт ва транзит ҳақидаги битимни ишлаб чиқиш, бизнес учун қулай бўлган оралиқ тарифларни қўллаган ҳолда, Хитой, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига чиқиш учун самарали транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича аниқ механизмларни шакллантириш, Транспорт хизматлари бозорини либераллаштириш ва рухсат этишга доир тартиб-таомилларни оптималлаштириш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш, Халқаро ташувларнинг интеграциялашган рақамли платформасини яратиш имкониятлари мавжуд, деб ҳисоблаймиз.
Бизнинг биргаликдаги фаолиятимизга озарбайжонлик шерикларни фаол жалб этишни таклиф қиламан.
Тўртинчи. Энергетика соҳасида хавфсизликни таъминлаш.
Афсуски, минтақада энергетика инфратузилмаларини ривожлантириш суръатлари саноатлаштириш ва урбанизация жараёнлари, шунингдек, демографик ўсишдан орқада қолмоқда. Бугунги кунда бу мамлакатларимизнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиши йўлидаги жиддий таҳдиддир.
Биз бундай шароитда тармоқ вазирликлари ва миллий компанияларимизнинг геология-қидирув ишларини олиб бориш ва истиқболли конларни ўзлаштириш, энергия ресурсларини сақлаш ва етказиб бериш бўйича мавжуд инфратузилмаларни кенгайтириш ва замонавий инфратузилмаларни яратиш соҳасидаги ҳамкорлигини янада кучайтириш тарафдоримиз.
Бундан ташқари, электр энергиясини етказиб бериш учун янги магистрал тармоқларни барпо этиш ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналишига айланиши лозим.
Бизнинг минтақамиз, шунингдек, гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга. Биз Тожикистонда Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқмоқдамиз, Қирғизистонда Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини амалга ошириш масаласини фаол ҳал этмоқдамиз.
Шу билан бирга, энергия манбаларини диверсификация қилмасдан, муқобил энергетика соҳасига инвестиция ва технологияларни жалб этмасдан ва “яшил” водородни ишлаб чиқаришни йўлга қўймасдан туриб, минтақани барқарор ривожлантириш мумкин эмас, деб ҳисоблаймиз.
Бешинчи. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.
Биз яқинда Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти шафеълигида дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларидан келган вазир ва экспертлар иштирокида халқаро конференция ўтказдик. Бўлиб ўтган баҳс-мунозаралар давомида бизнинг минтақамиздаги заиф нуқталар яна бир бор қайд этиб ўтилди.
Булар – аграр секторнинг илмий-технологик жиҳатдан етарлича ривожланмагани, сув ресурслари борасидаги ўткир тақчиллик, қўшимча қиймат яратишнинг узоқ ва самарасиз занжирлари, иқлим инқирози ва логистикадаги узилишлар олдидаги беқарорлик, соғлом овқатланиш масалаларидир.
Бу соҳада саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кўмагида минтақавий Шериклик дастурини тайёрлаш муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Таъкидлаб айтмоқчиманки, бизнинг мамлакатларимиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан нафақат минтақанинг ички бозоридаги мавжуд эҳтиёжларни тўлиқ қоплаш, балки уларни экспорт қилишдек муҳим имкониятга ҳам эгадир.
Олтинчи. Иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашиш минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлашнинг энг муҳим омилига айланмоқда.
Шу муносабат билан, келгуси йил баҳор фаслида Самарқандда Марказий Осиёдаги иқлим ўзгаришларига бағишланган халқаро форум ўтказмоқчимиз. Минтақа мамлакатлари делегацияларини ушбу анжуман ишида фаол иштирок этиш учун таклиф қиламан.
Форум якунлари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” деб номланган резолюцияси лойиҳаси тайёрланади.
Шунингдек, Иқлим ўзгаришларига мослашиш масалалари бўйича минтақавий стратегияни қабул қилиш ҳам иқлим барқарорлигини ва “яшил” тараққиётни таъминлашга қўшилган амалий ҳисса бўлиши мумкин.
Минтақанинг иқлимга оид ягона кун тартибини шакллантириш ва биргаликда таъсирчан чора-тадбирларни қабул қилиш учун биз экология вазирлари даражасида “Иқлим бўйича Марказий Осиё мулоқоти” кўп томонлама платформасини таъсис этишни таклиф қиламиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Умумий тарих, урф-одат, маданият ва қадриятларга – Марказий Осиёнинг ноёб цивилизацияси муштараклиги ва ранг-баранглигига асосланган маданий-гуманитар ҳамкорлик бизнинг энг муҳим анъанавий устувор йўналишимиздир.
Биргаликдаги маданият, санъат ва кино кунлари, “дўстлик кечалари”, ёшлар форумлари, ижодкор зиёлиларнинг учрашувлари, илмий симпозиум ва спорт мусобақаларини ўтказиш эзгу анъанага айланиши лозим. Ушбу йўналишдаги ишларнинг тизимлилигини таъминлаш мақсадида Марказий Осиё мамлакатларининг маданий-гуманитар ҳамкорлигини чуқурлаштириш бўйича Ҳаракатлар режасини қабул қилишни таклиф этамиз.
Айни вақтда бизнинг ноёб маданий-тарихий ва маънавий меросимизни халқаро майдонда кенг тарғиб этишда оммавий ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотлар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фаол фойдаланиш зарур. “Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак” халқаро медиа платформасини яратиш бу йўналишдаги амалий қадам бўлади. Бунда умумий минтақавий контентни шакллантириш учун олимлар ва кенг жамоатчилик вакилларини жалб этишга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.
Буларнинг барчаси бир-бирини ўзаро тушуниш ва умумминтақавий ўзига хосликни англаш туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳурмат саммит иштирокчилари!
Ҳеч шубҳасиз, бизнинг келажагимиз – бу бизнинг ёшларимиздир. Шу маънода, бугун имзоланадиган Марказий Осиё давлатлари ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари тўғрисидаги битим алоҳида аҳамиятга эгадир.
Ёшларнинг билим ва малакасини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш, уларни етук малакали кадрлар қилиб тайёрлаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида шу йўналишдаги халқаро ташкилотлар иштирокида Марказий Осиё ёшлари имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш марказини ташкил этишни таклиф этамиз.
Шунингдек, мамлакатларимиздаги истеъдодли ёшлар учун илм-фан ва таълим соҳасида Ал-Хоразмий, Форобий, Жомий, Махтумқули, Чингиз Айтматов каби Марказий Осиё минтақасидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар, аллома ва файласуфлар номидаги минтақавий грант ва стипендиялар таъсис этиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Ёш авлодни экстремистик ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида ёшларнинг радикаллашувига қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Минтақавий комплекс дастур ишлаб чиқиш зарур, деб биламиз.
Ҳурматли давлат раҳбарлари!
Хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришни фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан бири, деб ҳисоблаймиз. Умумий таҳдид ва хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича жамоавий қарорлар ишлаб чиқиш учун биз доимий равишда ва ўзаро ишонч асосида фикр алмашиб туришимиз лозим.
Шу муносабат билан хавфсизлик масалалари бўйича давлатларимизнинг Хавфсизлик кенгашлари котиблари томонидан мувофиқлаштириб бориладиган мунтазам йиғилишларни ўтказиш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлаймиз.
Марказий Осиё мамлакатлари чегараларини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича Давлатлараро дастурни ишлаб чиқишга киришишни таклиф этамиз.
Хавфсизликка нисбатан анъанавий ва янги хавф-хатарларга қарши курашиш борасидаги сценарийларни амалда қўллаш бўйича қўшма ҳарбий-ўқув машқларини давом эттириш муҳимдир.
Фавқулодда вазиятлар юзасидан прогнозлар қилиш, уларнинг олдини олиш, барвақт огоҳлантириш ва уларга биргаликда қарши туриш борасида Минтақавий тизимни шакллантириш бугунги кун талаби, деб ҳисоблаймиз.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Марказий Осиёдаги хавфсизлик ва барқарорликка бевосита таъсир кўрсатадиган энг асосий омиллардан бири Афғонистондаги вазиятдир.
Афғонистоннинг бугунги ҳокимияти билан доимий ва очиқ мулоқот, ушбу мамлакатни минтақадаги иқтисодий жараёнларга интеграция қилиш ғоят муҳимдир.
Ўзбекистон бундан буён ҳам афғон халқига зарур ёрдам кўрсатади, шу мақсадда Термиздаги халқаро хабни гуманитар кўмак учун тақдим этади, афғон фуқароларини махсус ташкил этилган таълим марказида ўқитишни давом эттиради.
Трансафғон темир йўлини барпо этиш лойиҳасини илгари суриш билан бирга, Афғонистоннинг ички транспорт йўлларини тиклаш ўта муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Бундан ташқари, афғон томони билан чегаралар хавфсизлиги, сувдан фойдаланиш ва савдо-сотиқни ривожлантириш масалалари бўйича мулоқот муҳимдир.
Афғонистон ҳокимияти билан ҳамкорлик бизнинг манфаатларимизни умумий тушунишдан келиб чиқиши ва ўзаро келишилган ҳолда бўлиши зарур.
Бунинг учун Марказий Осиё мамлакатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари даражасида Мулоқот гуруҳини ташкил этишни таклиф қиламиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Бизнинг учрашувларимиз ва эришган келишувларимизни амалда жорий этиш самарадорлигини ошириш механизмларини ишлаб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Шу муносабат билан Маслаҳат учрашувлари ишлари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгашини таъсис этиш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлаймиз.
Бундан ташқари, кун тартибидаги савдо-иқтисодий масалаларининг бутун комплекси бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун Марказий Осиё давлатлари иқтисодий кенгашини ташкил этишни таклиф қиламиз.
Сўзимнинг якунида бугунги учрашувимиз натижалари мамлакатларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга, кенг миқёсдаги минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади, деб ишонч билдираман.
Эътиборингиз учун раҳмат.