25.08.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 август куни АҚШ Сенати Миллий хавфсизлик ва ҳукумат ишлари бўйича қўмитаси раиси Гэри Питерсни қабул қилди.
Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда амалий ҳамкорликни, энг аввало, икки мамлакатнинг парламентлараро мулоқоти доирасида кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро алоқалар ва алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Икки томонлама савдо кўрсаткичлари ўсмоқда, АҚШнинг етакчи компаниялари иштирокидаги муваффақиятли кооперация лойиҳалари кўпаймоқда. Муҳим гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда.
Устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Минтақавий кун тартибидаги масалалар, шу жумладан АҚШ Президенти ташаббуси билан Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси тадбирлари доирасида ўтказиладиган “C5+1” форматидаги биринчи саммитга тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашилди.