24.08.2023
Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги 32-умумтаълим мактабини кириб кўрди.
Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгиланди. Бу борадаги энг муҳим соҳалардан бири таълимдир. Шу мақсадда янги муассасалар қуриш билан бирга таълимнинг мазмунини яхшилашга ҳам эътибор қаратилмоқда.
32-мактаб жорий йилда капитал таъмирланди. У 782 ўқувчига мўлжалланган. 22 та синфхона, спорт зали, ошхона, STEM лабораторияси, компьютер хоналарида замонавий шароитлар яратилган. Кутубхонада 1 минг 500 дан зиёд бадиий адабиётлар жамланган.
Маълумки, ёшларни камида иккита чет тили ва битта замонавий ҳунарга ўргатиш мактаб таълимидаги асосий йўналиш сифатида белгиланган. Мактабнинг бўш турган ер майдонида енгил конструкциялардан қўшимча хоналар қурилиб, 15 хил касб-ҳунар учун шароит ташкил этилган. Уларда ўқувчилар компьютер, техник хизмат кўрсатиш, тўқувчилик, сартарошлик, косметология, кулолчилик, ўймакорликнинг илк сабоқларини ўрганади.
Президентимиз ушбу хоналарни кириб кўрди, ёзги тўгаракка келган болалар билан суҳбатлашди.
- Биз олий таълимда қамровни кенгайтириб боряпмиз. Лекин ҳамма ҳам университетда ўқишни танламайди. Шунинг учун фарзандларимизга мактабдаёқ чет тиллари ва ҳунарлар ўргатишни мақсад қилганмиз. Кимнинг кичкина бўлсаям қўлида касби бўлса, куни ўтади. Кейин яна ўз устида ишлаб, маҳоратини ошириши ҳам мумкин. Мақсадимиз - ҳар бир ёшга муносиб шароит яратиш, - деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев шу ерда ўқитувчилар ва меҳнат фахрийлари билан мулоқот қилди.