20.08.2023
Будапешт шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнида фаол мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари сезиларли даражада ўсмоқда. Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим кучга кирди. Қўшма корхоналар сони 2,5 мингдан ошди.
Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари икки мамлакат етакчи компанияларининг устувор тармоқларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги режаларини олқишладилар.
Икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси, шу жумладан қўшма Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг жорий йилда ўтказилиши мўлжалланган саммитларига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.