24.07.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 24 июль куни телефон орқали мулоқот қилдилар.
Қозоғистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Етакчилар яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалаларини атрофлича кўриб чиқдилар.
Ҳукуматлараро комиссиянинг Тошкент шаҳрида ва қўшма Ишчи гуруҳнинг Остона шаҳрида ўтган навбатдаги йиғилишларининг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш, саноат тармоқлари ва инфратузилма соҳасида кооперация лойиҳаларини илгари суриш, шунингдек, қўшма маданий тадбирларни мунтазам ўтказиш орқали фаол гуманитар алмашинувни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди, бўлажак олий даражадаги мулоқотлар режаси кўриб чиқилди.