29.06.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, қардош туркман халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Унинг бугунги Туркманистонни ривожлантириш, мамлакатларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган салмоқли ҳиссаси алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари Қурбон ҳайити билан бир-бирини дилдан табрикладилар. Ўзбекистон Президенти янги Арқадағ шаҳри расман очилгани муносабати билан ҳам Гурбангули Бердимуҳамедовни қутлади.
Телефон мулоқоти чоғида мамлакатларимиз ўртасида савдо, инвестициялар, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Барча даражаларда самарали мулоқотлар, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашгани таъкидланди.
Минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди.